«Бир шоир ҳақида қўшиқ…»

Фахри баланд, меҳри туганмас,
Бағрингда бир митти инсонман.
Тупроғингда улғайдимми бас,
Мен ҳам битта Ўзбекистонман.
Ушбу сатрлар муаллифи Чори Аваз ўзбек адабиётида ўз овозига эга бўлган истеъдодли шоирлардан эди. Афсуски, ижодкор айни ижодий кучга тўлган бир пайтда ҳаётдан кўз юмди.
Чори Авазни таниган-билганлар камтарин, меҳнаткаш инсон сифатида хотирлашади. Унинг шеърларида туғилиб ўсган қишлоғи, касалманд онаси, ёру-дўстларига бўлган меҳр яққол сезилиб туради. “Бир шоир ҳақида қўшиқ” шеърида шундай сатрлар бор:

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Доимо ўзининг устидан кулиб.
Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Ҳар кун минг туғилиб, ҳар кун минг ўлиб.
Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Чакки томар уйда яшар онаси.

Ғузор туманининг Тожик қишлоғида туғилиб ўсган шоир ўрта маълумот олиш учун туман марказига қатнади. Уйидан қирқ чақирим олисда бўлган манзилга қиш-қировли кунларда бориб-келиш катта муаммога айланарди. Лекинга ўқишга бўлган ҳавас, илмга ташналик бу муаммони писанд этмасликка ундарди. Ташқаридан қараганда, бошқа қишлоқлардан фарқ қилмайдиган Тожик қиш­лоғи шоир учун битмас-туганмас туйғулар манзили эди.

Тошкентдан “Тожик”ка ярим кунлик йўл,
Эҳтирослар ичра кечади осон.
(“Қишлоғим, мен сенга қайтяпман буткул,
Кўргим келаяпти Сизни, онажон”).

Талабалик даври қийинчиликлари, сўнгра катта ҳаёт ташвиш­лари бошланди. Чори Аваз саломатлигидаги муаммолар боис, қолаверса, кекса онасига ғамхўрлик қилиш мақсадида Қарши шаҳридаги “Насаф” нашриётига ишга ўтди. Шоирнинг бу ердаги фаолияти ҳам самарали бўлди. У шеърлар ёзиш билан бирга адабиётшуносликда ҳам ўзини синаб кўрди. “Ўлим ишқ маликаси” деб номланган кичик тадқиқотида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ҳақида ўзига хос фикрларни ўртага ташлади. “Қашқадарё” газетасида эълон қилинган ушбу тадқиқот нафақат олимлар, балки кенг омма ўртасида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
…Афсуски, Чори Аваз ҳаётдан жуда эрта кетди. Унинг вафотидан ларзага тушган шоир Абдулла Орипов “Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин” дея марсия ёзди.
Чори Аваздан “Тортилган камон”, “Уйғонишдан ўзга толе излама”, “Куз эртаси” номли шеърий китоблар мерос бўлиб қолди. Шоир вафотидан сўнг “Маънавият” нашриёти унинг сайланмасини нашрдан чиқарди. Шойим Бўтаев томонидан тўпланган сайланмага шоирнинг шеърлари, фин, япон ва бошқа халқлар адабиётидан қилган таржималари киритилган.
Болалигидан китобларни севган ва уларни йиғишни хуш кўрган Чори Аваздан мўъжазгина кутубхона ёдгорлик бўлиб қолди. Муштипар она фарзандининг китобларини кўз қорачиғидек асраб-авайлади, сўнг ёшлар ўқисин учун Ғузор туманидаги 43-умумтаълим мактаби кутубхонасига тақдим этди. Мактаб кутубхонасининг алоҳида бўлимига “Чори Аваз кутубхонаси” деб ёзиб қўйилган. Ундан фойдаланган китобхонлар шоирни хотирлаб, ҳақига дуо қилишади.

Ҳусниддин НУРИДДИНОВ