Оққум бағридаги мўъжизалар макони

Наманган вилояти

Мингбулоқлик деҳқонлар жорий йилда ғалладан мўл ҳосил олишди. Пахтачиликдаги меҳнат ҳам ўз натижасини берди. 15906 гектар майдонга экилган “Андижон-35”, “С 65-24, “Бухоро-102” каби ғўза навларидан юқори ҳосил олинди.

Туман қишлоқ ва сув хўжалиги  бўлими мутахассиси Маҳмуджон Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, айни вақтгача тумандаги 317 та фермер хўжалигининг аксарияти қабул масканлари билан тузилган   шартнома режасини ортиғи билан уддалашди. “Сайдали ҳожи”, “Қодирали ота 2”, “Бепоён дала НМО”, “Чинор 2000”, “Гигант оқ олтини”, “Шерзод Ғуломович” каби хўжаликларда ҳосилдорлик 45 центнергача етди.
“Истиқбол” ММТП ҳудудидаги “Қодир ота 2” фермер хўжалиги далалари Оққум барханлари бағридаги мўъжизалар макони. Тасаввур қилинг-а, шўрхок ерлар, қамишзор кенгликлар, баланд қумликларни ортда гуллаб-яшнаб турган замин. Албатта, ҳайратга тушасиз. Қолаверса, баргидан ҳосили мўл бўлган пахтазорлар оралаб, кўзингиз қувнаса, такрорий экинларнинг серҳосиллигидан дилингиз яйраса.
– Фермер хўжалигимизни 20 йил олдин, 10 гектар ер очиб ташкил этганмиз, – дейди фермер Хайрулло Қодиров. – Ўша йили ҳар гектар ҳисобига 12 центнердан ҳосил кўтаргандик. Ҳозирда бу кўрсаткич икки бараварга ошди. Жорий йилда 32,5 гектар майдонга “Андижон-35” навли ғўза экдик. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар самарасини берди. Биринчи теримнинг ўзидан 100 тоннага яқин ҳосил олдик.
Хўжаликда 20 гектар ерга экилган дуккакли, полиз ва сабзавот экинларини йиғиштириш, 3 гектар  майдонда парвариш қилинаётган  балиқларни овлаш ишлари ҳам якунига етказилмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари қаторидан ўрин олган “Қодирали ота 2”  фермер хўжалиги аъзолари етиштираётган маҳсулотлари билан нафақат бозорларимизни тўкин қилиш, балки уларни экспортга жўнатиш тадоригини ҳам кўришмоқда.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.