«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган»

1_01

Бу ёрлиқ бугун саноатимиз ютуқларини намоён этмоқда

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да “Made in Uzbekistan” деб номланган кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Унда 220 дан ортиқ маҳаллий корхона вакиллари 10 мингдан зиёд турдаги тайёр товарлар, бутловчи қисмлар ва бошқа маҳсулотлар билан иштирок этмоқда. Тадбир иштирокчилари ­эътиборига автомобилсозлик, енгил саноат, озиқ-овқат, нефть-газ, фармацевтика, чарм-пойабзал, қурилиш, электротехника, халқ истеъмоли моллари,  кимё саноати каби соҳаларда чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилаётир.
Кўргазмани айланар экансиз, маҳаллий корхоналарда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётганининг гувоҳи бўласиз. Натижада импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ҳажми ва тури йилдан-йилга ошяпти. Замонавий технологиялар ва хориж тажрибасидан унумли фойдаланиш эса маҳаллий хомашёдан тайёрланган маҳсулотларимизни экспорт қилиш имкониятини яратмоқда. Мамлакатимизда жорий йил бошидан маҳаллийлаштириш дастури асосида 750 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 5 триллион 781 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани ҳам фикри­мизнинг исботидир.
– Мамлакатимиздаги қулай инвестиция муҳити хорижлик ишбилармонларнинг доимий эътиборида, – дейди “Technologies of Real Time” қўшма корхонасининг экспорт ва импорт бўлими бош­лиғи Шоҳруҳбек Камолов. – Биз ҳам Жанубий Кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ушбу корхона фаолиятини йўлга қўйганмиз. Асосан енгил автомашиналарнинг юриш тизимида асқотадиган эҳ­тиёт қисмларни тайёрлаймиз. 2015 йилда фаолият бошлаган бўлсак-да, бугунга келиб корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тури 160 тадан ошди. Корхона хорижнинг энг замонавий технологиялари билан жиҳозланган ва барча юмушлар компьютерлаштирилган. Бу эса тайёрланаётган маҳсулотларнинг жаҳон талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлайди. Ҳозирда биз маҳаллий автомобилларимиздан ташқари, Россия, Жанубий Корея, Япония, Германияда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналар учун ҳам эҳтиёт қисмлар тайёрлаяпмиз. Шу боис, маҳсулотларимиз ички бозордан ташқари, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Тожикис­тон, Туркманистон, Россия, Украи­на, Афғонистон давлатларига ҳам чиқарилаётир. Шунинг­дек, Эрон, Германия, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони каби мамлакатлар билан  экспорт масаласида музакоралар олиб бориляпти. Сирасини айтганда, 70 фоиз­га яқин маҳсулотимиз экспортга йўналтирилмоқда.
Кўргазмада намойиш этилаётган маҳсулотлар унда иштирок этаётган хорижлик ишбилармонларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, Қозоғистон ва Тожикистондаги йирик компаниялар вакиллари ушбу маҳсулотларни ўз мамлакатларида ҳам намойиш этиш таклифларини билдиришмоқда. Шунингдек, Жанубий Корея, Россия, Афғонистон, Қирғизистон, Таиланд, Кувайт, Туркия, Франция ва бошқа давлатлар компания­лари вакилларининг ҳам юртимиздаги қулай ишбилармонлик ва инвестицион муҳитни эътироф этишмоқда. Уларнинг ҳамкорликда ишлашга қизиқиши кузатилмоқда.
– Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизга қўшни давлатларнинг компания­лари катта қизиқиш билдирмоқда, – дейди “Royal” масъулияти чекланган жамияти сервис-менежери Зуҳриддин Ёрматов. – Бу бежиз эмас. Чунки бизда тайёрланган электр сув иситгичлари аллақачон Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон бозорларидан жой олиб улгурди. Шунингдек, Украинада ҳам маҳсулотимизга талаб юқори бўляпти. Ҳозирда йилига 100 минг дона сув иситгичлари ишлаб чиқармоқдамиз. Маҳсулотга ички бозорда ҳам талаб жуда юқори. Сабаби мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юқори суръатларда барпо этилаётган кўп қаватли уйлар учун электр сув иситгичлар жуда зарур. Бу талаб­лардан келиб чиққан ҳолда жорий йилда қуёш нури билан ишлайдиган сув иситгичларни ишлаб чиқаришни бошладик. Келгуси йилдан эса табиий газ билан ишлайдиган ана шундай мосламалар тайёрлаш йўлга қўйилади. Асосийси, маҳсулотимиз учун зарур хомашёнинг 65 фоизи ўзимизда мавжуд ва бу таннархнинг мақбуллигини таъминлайди.

Акбар ҚАРШИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.