Транспорт хизмати такомиллашмоқда

3_02

Жиззах вилояти

Президентимизнинг
2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда йўловчи ташиш транспорти сонини ошириш, янги йўналишлар очиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунда вилоятда  207 та йўналишда аҳолига транспорт хизмати кўрсатилмоқда. Шунингдек, 37 та йўналишсиз такси корхоналарида 614 та енгил автомобиллар аҳоли хизматида.
– Вилоят аҳолисининг транспорт хизматига бўлган талабини тўла қондириш мавжуд йўналишларни такомиллаштириш, янги йўналишлар очиш билан бирга, автобуслар сонини кўпайтиришни ҳам тақозо этмоқда, – дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Жиззах вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Илҳом Боқиев. – 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида вилоят ҳудудида 28 та янги йўналиш очилиб, Жиззах шаҳри учун 45, туманлар учун 61 дона қўшимча автобус келтирилади. 2019 йилгача вилоят маркази ва туманларга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 345 та микроавтобус қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Зомин, Пахтакор автостанциялари “Жиззах” автовокзалида реконстукция ишлари бошланди. Бу йўналишдаги ишлар тизимли давом этмоқда.
Дастурда автотранспорт корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Автотранспорт корхоналари ва транспорт эгаларининг соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга амал қилиши, транспорт воситаларининг техник ҳолати, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш доимий эътиборда.
Корхоналарида қўшимча фао­лият турлари жорий қилинмоқда. Автобус ва микроавтобуслардан фойдаланишда нақд пулсиз тўловни жорий этиш, транспорт воситалари ҳаракатини мунтазам кузатиш имконини берувчи GPS қурилмалари ўрнатиш бўйича белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратади. Қишлоқ аҳолисига транспорт хизмати кўрсатувчи, шунингдек, жамоат транспортлари сони 50 тадан ошмайдиган корхоналар ягона солиқ ва йўл жамғармаси тўловларидан озод қилингани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади. Бу имтиёзларнинг қўлланилиши 2017-2021 йилларда вилоятдаги йўловчи ташишга ихтисослашган автокорхоналарга биргина йўл жамағармаси тўлови ҳисобидан 2,5 миллиард сўм тежаб қолиш имконини беради.
– Корхонамизда 80 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда, – дейди “Бегали транс сервис” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Ҳаққулов. – Жорий йилда 37 та “Исузи” русумидаги автобуслар олиб келинди. Бунинг учун банкдан 4 миллиард 500 миллион сўм кредит олдик. Келгуси йилда яна 30 та автобус олиб келишни режалаштиряпмиз.
Одамларнинг кундалик турмушини янада яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлган транспорт хизмати кўрсатишни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган бу каби ишлар юртимизда инсон манфаатлари устувор эканининг яна бир амалий ифодасидир.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.