Саноат салоҳияти юксалмоқда

3_01

Бу аҳоли бандлигини таъминлаш баробарида экспорт ҳажмининг ортишига ҳам замин яратмоқда

Сурхондарё вилоятида саноат соҳасини янги босқичга кўтариш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, воҳада 2017-2019 йилларда 10 дан ортиқ йирик саноат корхонасини ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, бу 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилишига хизмат қилади.
Шунингдек, вилоятда 2017-2018 йилларда қурилиш материаллари тайёрлайдиган 3 та йирик корхона фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган. Хусусан, лойиҳа қиймати 212,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Шеробод туманидаги цемент заводини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Йилига 1,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган мазкур корхона иш бошлагач, минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланади.
Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар Жарқўрғон туманида йилига 360 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга заводни ишга тушириш борасида амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда мазкур корхонага ускуналар тўлиқ келтирилган бўлиб, лойиҳанинг ишга туширилиши  билан 450 нафар киши доимий иш жойига эга бўлади.
Вилоятда қазилма бойлик­ларни ўзлаштириш ва улардан самарали фойдаланиш мақсадида Шеробод туманидаги “Комфорт инерт сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 4,2 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа асосида гранит ва габро тошларидан қурилишбоп пардозлаш плиталари ишлаб чиқарадиган корхона фаолиятини йўлга қўйиш борасида ҳаракатлар бошлаб юборилди. Бунинг натижасида 200 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади. Қурилиш соҳасида ҳаётда татбиқ этилаётган бундай йирик лойиҳалар вилоятда цемент, габро плиталар, пишиқ  ғишт каби қурилиш материалларига бўлган талабни тўлиқ қондириш билан бир қаторда, воҳанинг экспорт салоҳияти юксалишига ҳам замин яратади.
Термиз механика заводини ҳам ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири, дейиш мумкин. Ушбу лойиҳа Ўзбекис­тон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг “2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида На­воий кон-металлургия комбинати томонидан амалга оширилди. Бугунги кунда заводда 12 турдаги озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган асбоб-ускуналар, электр двигателлар, сув насослари ҳамда турли хил қурималарни таъмирлаш имко­нияти мавжуд. Бу ерда айни пайтда 57 та иш ўрни мавжуд бўлиб, уларнинг 16 нафардан ортиғини коллеж битирувчилари ташкил этади.
Яқинда иш фаолиятини бошлаган Термиз туманидаги “Жануб қуёши” масъулияти чекланган жамиятида эса Хитой технологияси асосида сутни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Корхонанинг айланма маблағи ҳамда “Ҳамкорбанк”дан олинган 3,3 миллиард сўм кредит маблағлари ҳисобига ишлаб чиқаришга жорий этилган янги технология натижасида 120 та янги иш ўрни яратилди. Кунига 5 тонна сутни қайта ишлайдиган мазкур корхонада қуруқ сут, кефир, қаймоқ, творог, йогурт ва бошқа шу турдаги сифатли маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Вилоятда жорий йилда қиш­лоқ хўжалиги соҳасида 648 та истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда. Натижада 4 минг 574 та янги иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил  10-11 февраль кунлари вилоятга ташрифи чоғида Осиё тараққиёти банки ва Жаҳон банкининг 73,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини ўзлаштириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берган эди. Вилоят иқтисодиёт бош­қармасидан олинган маълумотга кўра, ана шу топшириқларнинг ижроси юзасидан шу кунга қадар 90 та лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, тармоқ жадваллари тасдиқланган. Бугунги кунда қиймати 18,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 16 та лойиҳага кредит маблағлари ажратилган.
Мухтасар айтганда, барча йўналишларда ҳаётга кенг татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар аҳоли фаровонлиги ва юрт тараққиёти юксалишига хизмат қилмоқда.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.