Ҳар каломи ибрат, ҳар иши ҳикмат

4_rashidov

Андижон вилояти

Андижонда атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира тадбирлари бўлиб ўтди.

Уларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган эзгу ишлар халқимизнинг атоқли фарзанди хотирасига кўрсатилган эҳтиромнинг олий даражаси бўлганлиги алоҳида таъкидланди.
Хотира кечаларида Шароф Рашидовнинг давлат арбоби ва ижодкор сифатидаги кўп қиррали фаолияти хусусида сўз юритилиб, у киши раҳбарлик қилган йилларда респуб­ликамизда барча соҳаларда улкан ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Атоқли давлат арбоби билан бир даврда ишлаган, унинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган фахрийлар ўз хотираларини сўзлаб берди.
Хусусан, Андижон тумани Найман қишлоғида истиқомат қилувчи 80 ёшли Тошхон опа Ҳожиқосимова ҳам Шароф Рашидов билан учрашиш, бирга ишлашга муяссар бўлган инсонлардан.
– Ўрта мактабни тугатиб, далада ишлаб юрган кезларим эди, – дея хотирлайди Тошхон опа. – Кунларнинг бирида биз меҳнат қилаётган далага туман раҳбари Турсуной Каримова ҳамроҳлигида Шароф Рашидов келди. Шунда Турсуной опа биз ёшларни ташаббускорлигимиз ҳақида сўзлаб берди. Ўша учрашувда Шароф Рашидов меҳнатдаги илғор қизларни алоҳида эътибор билан алқади. Менга келганда эса:
– Турсуной Тошхон ҳар иккимизнинг қизимиз бўлди, –  деди Шароф Рашидов. – Энди ҳар иккимиз унинг ҳаёт йўлига масъулмиз.
Республика раҳбарининг овлоқ бир қишлоқдаги қиз тақдирига бефарқ эмаслиги, Тошхоннинг юрагига чўғ солди. Фаол, ушлаган еридан кесадиган ёш қиз тез орада кўзга ташланди. Кўп ўтмай хўжалик ёшлари сардорлигига сайланди. Олий ўқув юртида сиртдан таълим олди. Сўнгра Андижон тумани ёшларининг етакчиси бўлди. Тенгқурлари билан чўлни ўзлаштиришга бел боғлади. Уни Марказий Фарғона чўлида энди оёққа туриб келаётган “Янги турмуш” хўжалигига раҳбар этиб сайлашди.
Шароф Рашидов ҳар гал Бўзга келганида албатта “Янги турмуш”га ҳам борар, хўжалик раҳбари Тошхон Ҳожиқосимованинг ишларини кўрар ва маънавий рағбатлантирар эди. Бир муддатдан сўнг Тошхон опа туман ижроия қўмитаси раислигига кўтарилди. Сўнгра туманнинг биринчи раҳбари бўлди ва унинг ишчанлик фазилатлари янада сайқал топди. Олтинкўл тумани ҳамда Асака шаҳрининг раҳбари бўлган чоғларида ҳам Шароф Рашидов ўгитларига суянган ҳолда ишлаб, эл орасида обрў топди.
… Андижон шаҳрининг жанубида Хакон қишлоғи бор. 1967 йилнинг апрель ойида қишлоққа туташ адирларга кўп ёғин тушиб, сел қишлоқни вайронага айлантиради. Воқеа рўй берган куннинг эртасига Шароф Рашидов Хакон қишлоғига келди ва сел оқибатларини бартараф этиш бўйича барча бўғиндаги раҳбарларнинг бошини қовуштирди. Қишлоқда янгидан иккита қурилиш ташкилоти ташкил этилди. Мингдан зиёд хонадонга дахлдор бўлган уй-жой қурилиши бошлаб юборилди. Мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари таъмири тезда ўз ижросини топди. Шахсан Шароф Рашидовнинг тавсияси билан Хакон қишлоғи ва Андижон шаҳрини селдан ҳимоя қилувчи иншоотлар мажмуаси бунёд этилиб, хавф-хатарнинг олди олингани таҳсинга лойиқ.
Андижон сув омборининг қурилиши ва шу баробарида Хонобод шаҳрининг барпо этилишидаги Шароф Рашидовнинг беқиёс хизматларини водий аҳли унутмайди. Тоғ ҳудудида барпо этилган ушбу иншоот ноёблиги билан ажралиб туради. Ушбу сув омбори боис Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш кўлами кенгайди. Сув танқислиги барҳам топди.
Шароф Рашидов ташаб­буси билан бунёд этилган Хонобод шаҳри бугун янада гўзаллашмоқда. Жорий йилнинг 2 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хонободга ташрифи шаҳар ривожига янада ижобий туртки берди. Ҳозирда Хонободда улкан янгиланиш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Айниқса, 200 ўринли замонавий талабларга жавоб берадиган санаторий қурилиши жадал олиб борилмоқда. Кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари бош режа асосида амалга оширилмоқда.
Марказий Фарғона чўлининг ўртасидаги Улуғнор тумани ҳам Шароф Рашидовнинг бевосита тавсияларига ҳамоҳанг ташкил этилган. Ўтган асрнинг 70 йилларида чор атрофи қум барханлари билан қуршалган бу жойда янги хўжалик ташкил этишга киришилганди. 1970 йилнинг 12 июнь куни Шароф Рашидов номи бору, нишонаси ҳали кўринмаган хўжаликка келади.
Хўжалик раҳбари ташаббус­кор инсон Мирзажон Иминов эди. У киши эҳтиёт шарт анча чинор кўчатларини келтириб қўйганди. Шароф Рашидов хўжалик бош режаси билан танишар экан, қишлоқ маркази ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташлайди. Биринчи галда уй-жой қурилиши, болалар боғчаси, мактаб, савдо дўкони уйғунлиги ҳақида билдирилган мулоҳазалар бош режада инобатга олинди. Қишлоққа ном бериш масаласига келганда “Мингчинор” деган сўз дилдан тилга кўчди. Шу куни юз тупдан зиёд чинор кўчатлари экилади. Улуғларнинг ниятлари вожиб бўлар экан. Саратонда экилган барча кўчатлари илдиз отиб, кўкка бўй чўзди. Шу билан Мингчинор қишлоғига асос солинди.
1971 йилнинг 30 июль куни ҳозирги “Андижоннома” газетасининг 50 йиллик юбилейи ўтказилди. Вилоят фаоллари иштирокидаги тадбирда Шароф Рашидов иштирок этди. Газетанинг бир гуруҳ ижодий ходимлари Ўзбекистон Респуб­ликасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвонига сазовор бўлишганди. Шароф Рашидов мукофотланганларни муборакбод этди. Газетада ишлаган Султон Жўра, Асқад Мухтор, ­Саида Зунунова ҳақида сўзлади. Вилоят газеталари ва босмахона учун янги бино қуриш учун Шароф Рашидов вилоят мутасаддиларига жой танлаш ҳамда лойиҳа тузиш бўйича топшириқлар берди. Вилоят марказининг энг кўркам жойида уч қаватли бино қурилди.
– Менга Шароф ака билан узоқ йиллар бирга ишлаш насиб этди, – дейди меҳнат фахрийси Насибжон ота Турсунов. – У киши раҳбарлигида халқимиз улуғвор ишларни амалга оширди. Шу боис, Шароф Рашидов номи халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.