Бу ниҳоллар бир боғ бўлғуси…

3_01

Жиззах вилояти

Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар,  адабиёт ихлосмандлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Хиёбоннинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекис­тон Рес­публикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ­Х.Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида миллий адабиётимизни ривожлантириш, ёш авлод тарбиясида унинг таъсирчан кучидан самарали фойдаланиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодининг ўзбек адабиёти ривожида тутган ўрни ҳақида сўз юритилди.
Президентимиз жорий йилнинг 27 апрелида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида адабиётимизнинг улкан намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш, шеърларига жо бўлган эзгу тушунчалар моҳиятини ёш авлодга етказиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шу мақсадда шаҳарнинг бу ижодкорлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳудудида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, хиёбон ичида Ҳамид Олимжон ва Зулфия мактабини ташкил этиш таклифини билдирган эди.
Ўтган қисқа даврда 5,4 гектар майдонга эга хиёбон барпо этилди. Унга 1 минг 24 туп қора қайин, қора қайин баргли эман, қора қарағай, лола дарахти, оқ ва қизил сакура, жануб қайрағочи каби манзарали дарахт ниҳоллари ҳамда 191 туп япон беҳиси, ҳинд сирени, зирк каби бута кўчатлари экилди.
Шунингдек, хиёбонда  “Болалар кутубхонаси” барпо этилган. 20 мингта китоб ва 10 мингдан ошиқ электрон бадиий асар ва ўқув-илмий қўлланмалар мавжуд бўлган гўшада китоб ихлосмандлари учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, ҳар бири 30 ўринга эга иккита ўқув ҳамда анжуман заллари бор. Кутубхона интернет ва WI-FI тизимига уланган. Китобсеварлар WI-FI орқали кутубхонага кирмасдан хиёбон ҳудудида электрон қўлланмалардан бемалол фойдаланиши мумкин. Шу мақсадда атрофга ўриндиқлар ўрнатилган. Юзага келтирилган онлайн тизим юртимизнинг атоқли шоир ва ёзувчилари билан масофадан туриб бевосита мулоқот қилиш имконини беради. Қисқаси, марказ ҳар жиҳатдан замон талабларига мос.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги “Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва ада­биёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўтган беш ой давомида ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернат учун 4 қаватли замонавий бино қуриб битказилди. Бинода кенг ва ёруғ синфхоналардан ташқари 100 ўринли ётоқхона ва ошхона, фаоллар зали ҳамда бошқа хоналар бор. Ўқувчилар учун спорт майдончалари барпо этилган. Жорий йилнинг 1 октябридан фаолият бошлаган мактаб-интернатнинг 5, 6, 7, 8-синфларига барча туман ва шаҳарлардан синов асосида 120 нафар истеъдодли ўғил-қиз ўқишга қабул қилинди.
Хиёбон ҳудудидаги Хўжа Нуриддин мадрасасида Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг ижоди ҳамда ҳаёт йўлларига оид экспонатлардан иборат музей ташкил этилди. Бу ерда ҳам анжуман ва бадиий кечалар ўтказиш учун шароит яратилиб, мультимедиа ускуналари билан таъминланди. Айни вақтда музейда ҳар иккала шоирга тегишли китоблар, эсдалик совғалар, кийим-­кечаклар, буюмлар, қўл­ёзма ва суратлардан иборат 1 минг 911 та ашё бор. Шунинг­дек, бу ердан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлими ҳам жой олди.
– Жиззах заминида туғилиб, вояга етган улуғ алломалар жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига, инсоният маънавияти юксалишига улкан ҳисса қўшган, адабиёт ва санъат равнақи йўлида самарали хизмат қилган, – деди адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров. – Оташнафас шоир, юксак истеъдод соҳиблари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ана шундай сиймолардан ва уларнинг бой адабий мероси маънавий хазинамизнинг бебаҳо мулкидир.
Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ада­биёт мухлислари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.
Тадбирда  Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Солиев иштирок этди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.