ЁРДАМЧИ ХЎЖАЛИКНИНГ КАТТА КЎЛАМИ

Сирдарё вилояти

Сирдарё насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси тизимида салкам 650 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Вилоятдаги экин майдонларининг 101 минг 248 гектарига мана шу меҳнат жамоаси сув етказиб беради. Тизимда 41 та насос станцияси, 142 та суғориш қудуғи мелиорация йўналишидаги 515 та қудуқ, 19 та насос станцияси фаолият юритмоқда.

Бошқармада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳам ибратли ишлар қилинаётир. Чунончи, насос станциялари, суғориш ва мелиоратив тик қудуқлар бўлимлари қошида 24 та паррандачилик ёрдамчи хўжалиги ташкил этилган бўлиб, уларда товуқ, ғоз, курка ва ўрдаклар парваришланмоқда.
Ушбу соҳани ривожлантириш, ишчи-хизматчиларни парранда гўшти ва тухум билан таъминлашда 3-насос станцияси бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор Рустамжон Иброҳимов, Боёвут тик қудуқлар бўлими бошлиғи Назар Жўраев, М-2 насос станцияси бошлиғи Иброҳим Худоёровларнинг ҳиссалари салмоқли бўляпти. Боёвут тик қудуқлар бўлимида паррандачилик билан бир қаторда, қорамолчиликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилаётир.
Ўтган йили бошқарманинг қатор участкаларида ташландиқ майдонлар ўзлаштирилиб, бу ерларда ғалла, шоли, полиз ҳамда сабзавот экинлари етиштирилди. Янгитдан ташкил этилган ёрдамчи хўжаликларнинг ўзида 5 тонна картошка, 3,3 тонна пиёз, 2 тонна сабзи, 1,5 тонна карам, 2 тонна мева, 4,7 тонна гуруч, 43 тонна буғдой ҳосили олиниб, бошқарма ишчи-ходимларига бепул тарқатилди.
Биргина паррандачилик тармоғидан олинаётган даромад ўтган йили ўртача 324 миллион сўмни ташкил этди. Ёрдамчи хўжаликлардан олинаётган даромад ишчи-ходимлар турмуш шароитини янада яхшилашга сарфланаётир. Бошқарма ошхонасида иссиқ овқат пиширилиб, ишчиларга арзонлаштирилган нархларда тортиқ қилинаётгани ҳам эътиборга молик жиҳатлардандир.
Бундан ташқари, ўтган йили бошқарма тизимида ишлаётган ишчи-хизматчиларга 3 тоннадан ортиқ гуруч, 500 килограммдан зиёд лимон, ҳар бир ходимга 1,5 килограммдан сифатли асал бепул берилди.
Сирдарё туманидаги 3-насос станциясида паррандачилик фермасидан ташқари яна қорамол боқиш учун алоҳида молхона қуриб битказилганди. Яқинда бир гектар сув ҳавзасида балиқ етиштириш ҳам йўлга қўйилди.
Станция миришкорлари мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўстиришда катта тажриба тўплашган. Бу ерда йилига минг тупдан зиёд кўчат етиштирилиб, бошқарманинг бошқа участкаларига етказиб берилмоқда. Буларнинг самарасида ўтган қисқа давр­да бошқарма тасарруфидаги насос станциялари ва қудуқлар бўлимлари атрофи ҳавас қилса арзигулик яшилликка бурканди. Айни вақтда насос станциялари ва тик қудуқлар атрофида 4600 тупдан ошиқ қурилишбоп дарахт етилиб, тайёр бўлиб турибди. Уларни кесиб, уй-жой қурувчиларга сотишнинг ўзидан ҳам бош­қарма жамоаси катта фойда кўради.
Ёрдамчи хўжаликларда қўйчилик ва эчкичиликка ҳам асос солинди. Тизимдаги участкаларда 77 бош қўй ва 133 бош эчки боқиб, кўпайтирилмоқда. Айниқса, Жўрабек Шўхбердиев бошчилик қилаётган К-1 ПК-135 насос станциясида қўйчилик фермаси намунали ташкил қилинган. Байрам кунлари қўйлар сўйилиб, дастурхонлар ёрдамчи хўжалик­ларда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобига тўкин бўлаётир.
Бошқарма тизимида ички бозорни тўлдириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида қувонарли ишлар рўёбга чиқариламоқда. Жорий йилнинг ўзида 80 гектар ерда ошқовоқ, мош, шунингдек, маълум гектар ерда супурги етиштирилди. Бугунги кунда бу экинлар йиғиштириб олиниб, уларни ишчиларга бепул тарқатиш чоралари кўриляпти.
Қуёнчилик энг кўп фойда келтирадиган тармоқдир. Бошқарманинг туманлардаги бўлимлари ва участкаларида бу тармоқ жадал ривожланяпти. Қуёнчилик фермаси даставвал 2008 йилда бошқарманинг Гулистон тумани участкасида ташкил этилиб, бу ерга 50 бош қуён келтирилганди. Ҳар бош қуёндан йилига 20 тадан бола олиниши эвазига қисқа вақтда участкада қуёнлар сони 600 бошдан ошиб кетди ва бошқа участкаларда ҳам қуён боқиш йўлга қўйилди. Ҳозир бошқарманинг Боёвут, Ховос ва Мирзаобод туманларидаги участкаларида 50 бошдан қуён боқиляпти.
– Қуёнчилик сердаромад соҳа, – дейди Гулистон тумани мелиоратив тик қудуқлар участкаси қуёнбоқари Ҳусанбой Жумаев. – Унинг гўшти парҳез таом, юнги эса саноатда кўп ишлатиладиган қимматбаҳо маҳсулот. Олти ой боқилган қуёндан 3,5 -4 килограмм гўшт олинади. Гўшти парҳезбоплиги боис, ошқозон-­ичак, жигар хасталиклари, қон босими қийнаётган кишиларга даво. Шунинг учун қуённинг харидори кўп.
Эътиборлиси, бу йил Наврўз байрами кунларида қуёнчиликдан олинган даромад ҳисобига бошқармада ишлаётган икки нафар кам таъминланган ишчининг фарзандлари ва Гулистон шаҳридаги етим болалардан 5 нафарининг суннат тўйлари ўтказиб берилди.
Сайхунобод тумани мелиоратив участкасида эса лимон етиштириш намунали йўлга қўйилган. Байрамларда лимоннинг хушбўй мевалари дас­турхонлар кўркига кўрк қўшаётир. Бу йил ушбу участкада лимон кўчати етиштириш ҳам кенг йўлга қўйилиб, ишчиларга 2-3 донадан лимон кўчати тарқатилди.
– Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, – дейди бошқарма касаба уюшмалари қўмитаси раиси Пиримқул Дўстмаматов. – Ёрдамчи хўжаликлардан олинаётган даромад, ўз навбатида, ишчиларнинг дам олишларини кўнгилдагидек ташкил этишда ҳам муҳим роль ўйнаётир. Шу йилнинг ўзида 245 нафар ишчини Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига бепул саёҳатга олиб бориб келдик. 320 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, олий ўқув юрти ва коллежларни битириб, бошқармага ишга келган 21 нафар ёшни касбий малакаларини эгаллаб, биринчи маошларини олгунларига қадар моддий жиҳатдан рағбатлантирдик.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.