Халқаро анжуманда “маҳорат дарс”лари

Наманган вилояти

Наманганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикасига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Унда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти ҳамда Россия, Германия, Дания, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон давлатларидан келган соҳа мутахассислари иштирок этди.
Қатнашчилар Наманган вилояти онкология диспансерида ўтган машғулотларда ўзларининг билим ва касбий кўникмаларини бойитдилар. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари “Маҳорат дарси” сифатида кўрсатилди. Соҳага оид янги техника ва технологиялар таништирилиб, соҳа мутахассисларининг маърузалари тингланди.
МДҲ давлатлари онколог ва радиологлари директорлари ассоциацияси вакили, тиббиёт фанлари номзоди Александр  Петровский ўзбекистонлик ҳамкасблари иштирокида кўкрак бези саратони касаллиги бор аёлни операция қилди. “Маҳорат мактаби” тарзида олиб борилган операция жараёни онлайн тарзида конференция қатнашчиларига кўрсатиб турилди.
– Янги технологияга асосланган ғоят муҳим амалиёт ўзбек ҳамкасбларимиз иштирокида муваффақиятли бажарилди, – дейди Александр Пет­ровский. – Яъни бемор аъзоси олиб ташланмасдан ҳаётига таҳдид солаётган ўсимта бартараф этилди.
Машғулотлар онкология соҳасининг бошқа йўналишлари бўйича ҳам давом эттирилди. Марфологлар, маммологлар ва рентгенологлар алоҳида секцияларга бўлинган ҳолда ўқитилди. Жумладан, Жанубий кореялик мутахассис Ким Джунг Хьюн ўзи билан олиб келган ноёб аппарат воситасида тезкор цито-диагностика амалиётини бажариш бўйича маҳорат дарси ўтиб берди.
– Анжуман ғоят самарали ўтди, – дейди Фарғона вилояти онкология диспансери поликлиникаси мудири Ўғилхон Шокирова. – Маҳорат дарс­ларида олим-шифокорлардан соҳага оид янги усул ва услубларни ўргандик. Цитологияга оид жуда кўп янгиликлардан воқиф бўлдик. Намангандаги амалий ва назарий машғулотларда ўрганганларимизни иш фаолиятимизга кенг тарғиб этиш орқали эл саломатлигини малакали ва кафолатли сақлаш борасидаги ишларимизни янги поғонага кўтарамиз.
Семинар қатнашчилари онкология диспансерида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан ҳам танишди. Шифохона ҳар йили тиббиёт асбоб-ускуналари билан бойитилмоқда. Бинобарин, ўтган йили Хитой давлати гранти асосида маммография  рақамли рентген-диагностика тизими, компьютер томографи, Германияда ишлаб чиқарилган юқори частотали электрожарроҳлик коагулятори, Жанубий Кореяда тайёрланган кўчма рентген ускунаси ишга солинганди.
Анжуман доирасида Япониянинг “Fuji” компаниясида яратилган аёллар сут бези хавфли ўсмасини жарроҳлик амалиётларисиз эрта аниқлашда қўл келувчи, скрининг пайтида мураккаб вазифаларни амалга оширишга қодир  қурилма, ноёб маммография  ускунаси­нинг фойдаланишга топширилиши тақдимоти  ҳам ўтказилди.
– Онкологлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш ниятидамиз, – дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов. – Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан меморандум имзолаймиз. Унга кўра, Ибн Сино ўқишлари ташкил этилади.
Мамлакатимиз ва хорижлик онколог­ларнинг ҳамкорлигидаги анжуман ғоят самарали ўтди. Олинган таассуротлар, хорижлик ва пойтахтимиздан келган етакчи мутахассислар тавсиялари, таклиф ва мулоҳазалари асосида фаолиятнинг такомиллаштирилиши юртимиз онкология тизими ривожида муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.