ЭЛ СОҒЛИҒИ – ЮРТ БОЙЛИГИ

2_soglom

Сурхондарё вилояти

Президентимиз халқ билан ҳар бир мулоқотида соғлиқни сақлаш хизмати инсон манфаатларини таъминлашда муҳим омил эканлигига алоҳида аҳамият қаратмоқда. Тизимни такомиллаштириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича давлатимиз раҳбарининг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинди. Тиббий хизмат самарадорлигини янада ошириш борасидаги устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилган мазкур ҳужжатлар соҳани янгиланиш ҳамда ривожланиш жараёнига олиб чиқди.

Бу каби улкан ўзгариш ва ислоҳотлар бевосита вилоят соғлиқни сақлаш тизимига ҳам изчил татбиқ этилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш керакки, вилоятдаги қарийб 2,5 миллион аҳолига 35 та шифохона, 162 та амбулатория-поликлиника муассасаси, шу жумладан, 94 та ҚОП ва 34 та ҚВП, 15 та ДСЭНМ, 14 та тез тиббий ёрдам станция­си хизмат кўрсатиб келмоқда. Ушбу даволаш муассасаларида 7560 та шифо ўрни мавжуд. Мазкур муассасаларда 3532 нафар шифокор ва 21426 нафар ўрта тиббиёт ходими самарали фаолият олиб бормоқда.
Маълумки, узоқ йиллардан буён вилоятда олий маълумотли шифокорлар етишмаслиги тиббий хизмат кўрсатишда муаммоларга сабаб бўлиб келарди. Ушбу муаммони ижобий ҳал этиш мақсадида 2017-2018 ўқув йилида вилоят­дан республикадаги тиббиёт олийгоҳларига ҳужжат топшириб, тест синовларидан ўта олмаган йигит-қизлардан 300 нафари баллар кетма-кетлигига риоя этган ҳолда қўшимча равишда тўлов-шартнома асосида талабалар сафига қабул қилиниши учун сўров хати берилди.
Президентимизнинг шу йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши мазкур йўналишда муаммоларни бартараф этиб, ижобий натижаларга эришишимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда 14 та тез ёрдам станцияси ва уларнинг 94 та шохобчаси фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилда вилоят шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг 85 та “Дамас” амбуланс русумли махсус автотранспорт воситалари билан таъминланиши тез тиббий ёрдам чақириқларида кечикиш ҳолатларини камайтирди. Бироқ шунга қарамасдан аҳолидан тушаётган мурожаатлар мазкур тизимда қиладиган ишлар кўплигини кўрсатмоқда.
Шу боисдан йил якунигача “Саломатлик-3” дастури доирасида воҳага яна 10 та тез тиббий ёрдам автотранспорти келтирилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, грант ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 20 та, эскирган тиббий автотранспортларни сотиш ҳисобига 12 та “Дамас” амбуланс русумли махсус автотранспорт воситаларини келтириш ҳам мўлжалланмоқда.
Шунингдек, аҳолига малакали бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан кенг фойдаланиш имконини яратиш, тиббий ёрдамнинг ўз вақтида кўрсатилишини таъминлаш ҳамда аҳоли яшаш пунктларида касалланиш даражасини пасайтириш мақсадида мавжуд 245 та ҚВП негизида 94 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 34 та қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. Қисқартирилган ҚВПларнинг 55 тасида “103” хизмати ташкил қилинди. Фаолияти тугатилган 46 та ҚВП биноси шифокорлар учун  хизмат уй-жойи сифатида берилди. Ташкил этилган қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳудудида “Дори-дармон” АК тизимининг 43 та дорихона шохобчалари очилди.
Президентимизнинг шу йил 20 июндаги “Ўзбекистон Респуб­ликаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қисқа фурсатда вилоятда ҳам кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 385 ўринли 18 та ихтисослаштирилган туманлараро бўлимлар ташкил этилди.
Шу ўринда соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам тўхталсак. Жумладан, вилоятдаги жами 133 та хусусий тиббий муассасалардан 27 таси стационар, 106 таси амбулатор шароитда фаолият юритади. Улардан 9 та хусусий муассасага замонавий тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш учун Республика нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Бу борада яратилаётган кенг имконият ва шароитлар натижаси ўлароқ, Қумқўрғон туманида Ҳиндистон давлати билан қўшма клиника ташкил этилмоқда. Шунингдек, тижорат банклари томонидан янги ташкил этилаётган ва фаолиятини кенгайтираётган 15 та хусусий тиббиёт муассасаларига 7,5 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудида “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши воҳада фармацевтика соҳасини ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий дори-дармон воситалари бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдириш имконини кенгайтиришга, дори-дармон ва тиббиёт буюмларини экспорт қилиш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Қисқача айтганда, бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоят соғлиқни сақлаш тизимида ҳам янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни қизғин кечмоқда. Келгусида ҳам юқорида таъкидланган йиғилишдаги  тез тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш, тизимдаги ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида йўл қўйилаётган хато ва камчилик­лар, тиббиёт ходимларининг малакаси ва шахсий масъ­улиятини оширишга доир танқидий кўрсатмалардан зарур хулоса чиқариб, виждонан ишлаймиз.

Абдусамад НОРҚОБИЛОВ,
Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.