Зараутсой асрлар қаъридан достон сўзлагай

zarautsoy

Сурхондарё вилояти

Зараутсой ёдгорлиги мамлакатимизнинг энг қадимги тарихий ва санъат ёдгорлиги деб тан олинган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ташкил этилган дастлабки экспедициялар натижаларига кўра, Зараутсой қоя ва ўнгирларидан 264 та сурат топилган.

Орадан 60 йил вақт ўтиб, аниқроғи, 2001 йилда ёдгорликда бор-йўғи 40 тадан зиёд қоя сурати қолганлиги аниқланди. Уларнинг кўпчилиги иқлим ўзгариши натижасида, яъни ёмғир, шамол, чанг ва бошқа шу каби табиий омиллар таъсирида  йўқолиб бормоқда эди. Мазкур муаммога жамоатчилик эътиборини жалб этиш мақсадида 2003 йилда “Зараутсой тилсимлари” илмий-публицис­тик китоби нашр этилди, 2004 йилда эса нодавлат-нотижорат ташкилоти “Зараутсой” жамоат­чилик маркази тузилди. Мазкур марказ томонидан Зараутсой ёдгорлиги илмий ўрганила бошланганининг 70 йиллигига бағишлаб илмий-амалий анжуман ўтказилди. Ёдгорлик атрофида жойлашган Қизил олма, Зараутсой ва бошқа қишлоқларда маърифий тарғибот тадбирлари уюштирилди, телекўрсатувлар намойиш этилди.
Маълумки, Зараутсой ёдгорлиги жаҳондаги энг ноёб ибтидоий санъат ёдгорликларидан бири сифатида машҳур. У ҳақидаги маълумотлар жаҳон қомуслари, тарих, адабиёт ва санъат дарсликларида келтирилиб, хусусан, Зараутсой санъат ёдгорлиги Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларнинг илм-фан марказларида ташкил этилган халқаро кўргазмалардан  муносиб ўрин олган.
Ватанимиз ҳудудида 8-10 минг йил аввал яшаб ўтган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва маънавияти ҳақида ҳикоя қилувчи Зараутсой рангли тоштас­вир ва битикларнинг турли сабабларга кўра кейинги йилларда ўчиб кетаётгани ҳар бир замондошимизни ўйлантириши, бефарқ қолдирмаслиги табиий. Сир эмаски, мўйқалам ила битилган ранг-тасвир ўзининг нафислиги, нозиклиги ва гўзаллиги билан бошқа қоялар юзасида яратилган тасвирлардан бутунлай ажралиб туради. Зараутсой тасвирларининг ғоявий мазмуни Европа, Африка ва Осиёда топилган  қадимий қоя суратларига ўхшаб кетиши  билан ниҳоятда муҳимдир.
Мамлакатимиз тарихида энг қадимги даврларда яшаб ўтган ота-боболаримизнинг турмуши ва маънавияти ҳақида сўзлайдиган Зараутсой ёдгорлиги ҳақли равишда авлодлар учун ёрқин хотира, тошда ёзиб қолдирилган очиқ китоб, санъатимизнинг илк бешиги, таълим-тарбия ўчоғи учун мурожаат қиладиган манба ҳисоб­ланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бў­йича  Парламент комиссияси томонидан эълон қилинган грант танловида жамоатчилик  ташкилоти “Зараутсой ёдгорлиги атрофида экотуризм учун шароит яратиш”  лойиҳаси билан қатнашди ва ғолиблар сафидан жой олди.
Амалга  оширилган етти ойлик лойиҳанинг  бажарилиши  натижасида  Зараутсой  ёдгорлигига  яқин қишлоқлар мактабларида ўқиётган кўплаб ёшлар, шунингдек, аҳоли қадимий санъат ёдгорлигининг бебаҳо аҳамияти, унинг муаммолари ҳақида  етарли маълумот, тасаввур ва  тушунча ҳамда кўникмаларга эга бўлдилар. Уларнинг тарихий меросимизни асраш, муҳофаза қилиш ва келажак авлодларга етказиш борасидаги масъулият туйғуси анча ошди. Ватанимизнинг улуғ ўтмиши, бугуни ва келажак тақдирига  бўлган дахлдорлик ҳисси, гўзал ва бетакрор юртимиз учун фахр-ифтихор туйғуси янада кучайди. Шу билан бирга, Зараутсой ёдгорлигининг ён-атрофи ва унга қўшни бўлган қишлоқлар табиати, ўсимлик дунёси ва ҳайвонот оламига нисбатан маълум маънода янгича муносабатлар қарор топишига эришилмоқда. Шу ўринда аҳолининг экологик билим ва маданияти ҳам  юксалиши табиий.
– Келажакда Шеробод тумани ҳудудида ОАВ вакиллари иштирокида Зараутсой кунларини ўтказмоқчимиз, – дейди “Зараутсой” жамоатчилик маркази раиси, ўлкашунос Абдулла Холмирзаев. – Атрофдаги  қишлоқ мактабларида Зараутсой ёдгорлиги ҳақида дарслар ташкил этиш, воҳанинг машҳур рассомлари томонидан кўргазмалар уюштириш, интернетда ушбу ёдгорликка бағишланган веб-саҳифа яратиш, экойўналишда сайёҳларга хизмат кўрсатишга кўмаклашиш, илмий конференция ташкил этишни ният қилганмиз.
Гап шундаки, Зараутсойга оид тадқиқотларда ёввойи санъат яратган ибтидоий аждодлар истиқомат қилган манзил айни кунларга қадар номаълум бўлиб келган эди. Яъни Зараутсой расмлари бору, аммо уни чизган одамлар маскани йўқ эди. Эндиликда бунга ҳам ойдинлик киритилди. Ўзбекистон-Чехия халқаро археологик экспедицияси олиб борган ўрганишлар натижасига кўра, Сурхондарёда янги ибтидоий манзилгоҳ топилди. Шеробод туманидаги Хўжанқо қишлоғи ёнида ибтидоий даврга мансуб бу ғорни аҳоли азалдан Каптаркамар, деб атаган. Ғор жаҳонга машҳур Зараутсой  қоятош суратларига яқин жойда жойлашган. Айтиш керакки, археолог олимлар иккала манзилгоҳни ўзаро боғлиқ, деган фаразни илгари суришмоқда. Бундан кўринадики,  қоятошга сурат солган одамлар манзилгоҳи Каптаркамар бўлган. Ғор мафтункор табиат қўйнида, ер сатҳидан 1 минг 400 метр баландликда жойлашган. Кириш ва ич қисмлари анча кенг, 25-35 метрни ташкил этади.  Олимларнинг тахминича, яшашга қулай бўлгани учун ибтидоий аждодларимиз шу ерни ўзига макон қилиб олган. Ибтидоий одамларнинг бир неча авлоди яшаган ушбу манзилгоҳ кишини ҳайратга солади. Унда асрлар эмас, балки минг йилликларни қамраб олган тарих яширинган.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
 “Qishloq hayoti” мухбири.