Унутилмас лаҳзалар

Шароф Рашидов ҳақида хотиралар

Ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Қўшработ туманидаги “Қўшработ” совхозига Шароф Рашидов ташриф буюрди. Юрт раҳбари мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўлами, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва аҳоли турмуш шароитлари билан танишиш мақсадида доимо ҳудудларни айланиб, халқ билан суҳбатлашиб юрардилар. Ўшанда биз, ёшлар ҳам оқсоқоллар ва аҳоли қатори у киши билан учрашиш бахтига муяссар бўлганмиз.

Шароф Рашидов ҳамма билан, хусусан, ёшлар билан ҳам қўл бериб сўрашди. Деҳқонлардан қишлоқ хўжалигининг аҳволини, аёллардан уй-рўзғор шароитларини, биздан билим сирлари, қандай китоблар ўқишимизни батафсил сўраб, жавобларни диққат билан эшитди. Шундан сўнг қимматли маслаҳатлар, тавсиялар берди. Узоқ давом этган суҳбатдан кейин барчамизга яхши тилакларни тилаб, самимий хайрлашди.
Шароф Рашидов билан кўришганимиздан кейин биз кўп йиллар фахрланиб, ифтихор туйғулари билан қанотли қушлардек учиб яшаганмиз ва тиришқоқлик билан ўқиганмиз. Ўша йилларда биз Шароф Рашидовнинг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин”, “Кашмир қўшиғи” каби асарларини катта қизиқиш билан ўқиб, ўзаро муҳокама ҳам қилиб улгурган эдик.
Шароф Рашидов Ватанимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби қўшработлик­лар хотирасида ҳам ўчмас из қолдирган сиймо эди. У киши нурли, зиёли раҳбар эдилар. Юзларидаги нурдан миллионлаб кўнгиллар баҳра оларди. Ўта маданиятли инсон эканлиги муомаласидан ва суҳбатидан кўриниб турарди.
Тақдир тақозоси билан Тошкент шаҳрида олий ўқув юртида ўқиб юрганимизда даҳшатли зилзиланинг гувоҳи бўлдик. Институтни битираётган пайтда эса зилзила туфайли вайрон бўлган пойтахтимизнинг гуллаб-яшнаган, кўркам шаҳарга айланганининг ҳам гувоҳи бўлдик.
Илм-фан ривожи учун академиклар шаҳарчаси, талабаларнинг барча эҳтиёжлари ҳисобга олинган талабалар шаҳарчаси, бир қанча йирик даҳалар, метро ва бош­қа иншоотлар қурилди.
Бунёдкорлик ишларида Шароф Рашидовнинг жасорати, мамлакатимиз келажаги учун беқиёс ташкилотчилиги намоён бўлди.
Институтни имтиёзли тугатган битирувчилар қаторида менга Ўзбекистон Фанлар академиясининг Физиология институтига фаолият юритиш учун йўлланма беришди. Мамлакат раҳбари томонидан илмга, фанга ниҳоят даражада катта эътибор берилишини академияга келиб чуқур ҳис қилдим. Кўп ўтмай менга Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)даги И.П.Павлов номидаги Физиология институтига танлов асосида йўлланма берилаётганлиги, илмий ишни ўша ерда академик А.М.Уголев раҳбарлигида давом эттиришимни, барча ташкилий масалалар юқори даражада ҳал қилинганини айтдилар. Академия раҳбарияти ёшларни дунё илмий марказларига юборишни мамлакат раҳбари, шахсан Шароф Рашидов назоратга олганини таъкид­лаб, биз, ёшларга Ватанимизнинг ишончини оқлаб, уялтириб қўймаслигимизни қайта-қайта такрорлаб, оқ йўл тилади.
Ленинградга бориб Шароф Рашидов ниҳоятда узоқни кўзлаб иш қилаётганининг, яъни фаннинг барча соҳалари бўйича хилма-хил мутахассисликларда, чет элларнинг нуфузли олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларида Ўзбекистондан минглаб стажёрлар, аспирантлар, докторантлар ва илмий ходимлар илмий ишларини давом эттираётганининг гувоҳи бўлдик. Ўн йил ичида номзодлик, докторлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлаб, юзлаб илмий мақолалар, монографиялар, ихтиролар, қўлланмалар муаллифи сифатида Ўзбекис­тонга қайтдик.
Минг афсуски, бу пайтга келиб Шароф Рашидов шахсига нисбатан тош отишлар бошланган эди. Ҳар бир отилган тош бизнинг юрагимизга келиб тегарди… Чунки бизнинг авлод Рашидовни чин қалбдан севарди, вужудимизда бу зотга нисбатан беқиёс муҳаббат ва эҳтиром бор эди.
Вазият шундай бўлишига қарамасдан камина ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) да декан, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида хизмат қилганимда Шароф Рашидовнинг самимий, дилкаш, юксак инсоний фазилатлари акс этиб турган катта портрети кабинетимда виқор билан турар эди. Кабинетимга кирган одам борки, бу суратни кўрибоқ у кишининг қалби дарё инсон эканлиги, қаерда бўлмасин атрофида олижаноблик, дўстлик, янги ғоялар, яратувчанлик ҳукм суриши ҳақида мисоллар келтиришарди.Шароф Рашидов ватанимиз, халқимизга фидойилик билан хизмат қилган инсон эди. Ватанимизнинг халқ хўжалиги, илм-фани, маданияти тараққиётида у кишининг ўрни беқиёс.
Шароф Рашидов фақат юрт раҳбари эмас, ёзувчи, донишманд, зиёли киши бўлганлиги учун ҳам респуб­ликада фан ва маданиятни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, халқ дарди ва армони билан яшаган шахсдир.
Бугунги кунда Шароф Рашидовдек тарихий шахс­лар фаолиятига холисона баҳо бериш, тарихий адолатни тиклаш, инсоннинг қадр-қимматини, манфаатини олий қадрият сифатида эъзозлаш учун имконият берган Президентимиздан миннатдормиз.

Бакриддин ЗАРИПОВ,
академик, биология фанлари доктори, профессор.