Миллат руҳининг парвози юксак бўлсин

21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун

Халқимиз давр синовларидан ўтган, миллий манфаатларимиз, орзу-интилишларимизга тўла жавоб берадиган, бугунги ва эртанги кунимиз равнақи учун хизмат қиладиган, йиллар ўтгани сари қадри ортиб борадиган тушунчаларни қадрият деб билади. Инсон ўзлигини англагани, маънавияти юксалгани сари туғилиб ўсган юртига, қадриятларига бўлган муҳаббати ва эътибори кучая боради. Она тилимиз халқимизнинг ана шундай бебаҳо қадриятларидан биридир.

“Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади”, деб ёзган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида. Она тилимизнинг инсон камолотидаги аҳамиятини бундан-да орттириб ифодалаш қийин, назаримизда.
Ҳар бир халқ асрлар давомида ўз тили устида ишлаб, сайқаллаштириб, гўзаллаштириб боради. Мутафаккир Алишер Навоий “Хамса”дек буюк обида ва ўлмас асарлар яратиб, ўзбек адабий тилининг тамал тошини қўйган бўлса, кейинги даврда яшаб ўтган аждодларимиз уни асрлар қаъридан бешикаст олиб ўтдилар. Севимли шоиримиз Эркин Воҳидов она тилимизнинг ҳозирги ҳолати ҳақида сўз юритар экан, шундай фикрларни билдириб ўтган эди: “Ўзбек тилининг бугунги даражаси, туркий тиллар ичида тутган мавқеи учун биз кўп жиҳатдан ўтган аср бошида яшаган зиёлилардан миннатдор бўлишимиз керак. Улар ўзбек тилининг сўз ясаш имкониятларидан дадиллик билан фойдаландилар, халққа миллий ғурур, она тилига ҳурмат туйғусини тарбия қилдилар”. Дарҳақиқат, ўтган аср бошларида яшаган маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик, эрк учун курашиш баробарида она тилимиз соф­лигини сақлаш, бойитиш йўлида ҳам фидоийлик ва ибрат кўрсатдилар.
Маърифатпарвар Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, дея халқимизни огоҳлантирган бўлса, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий сингари адиблар она тилимиз софлигини сақламоқ, авлодларга етказмоқ нияти билан ёндилар. Уларнинг армони асримиз охирларига келиб ушалди.
1989 йил 21 октябрда Ўзбекис­тон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинди. Ҳали собиқ тузум ўз ўрнида мус­таҳкам бўлган бир пайтда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимиз томонидан буюк жасорат дея баҳоланди. Ғоят қалтис вазиятда муҳим қарорни қабул қилган Биринчи Президентимиз барча қадриятларимизнинг замини она тилимиз эканлигини эътироф этиб, “Она тили – бу миллатнинг руҳидир, ўз тилини йўқотган ҳар қандай миллатнинг ўзлигидан жудо бўлиши муқаррардир”, дея таъкидладилар.
Давлат тили юртимиз бирлиги, халқимиз жипслигининг муҳим омилидир. Шу боис уни ҳар томонлама ривожлантириш, мақомини юксалтириш борасида эътирофга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмасини ўзида мужассам этган беш томлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, 85 минг сўздан иборат “Имло луғати”нинг чоп этилиши тилшунослик фанида катта воқеа бўлди. Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши эса она тилимиз ва адабиётимизни тадқиқ қилиш, ривожлантириш, дунё миқёсида тарғиб этиш борасидаги улкан қадамдир. Қолаверса, хорижда ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани қалбимизни фахр-ифтихор туйғулари билан тўлдиради.
Ҳозирги кунда лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси билан боғлиқ масалалар нафақат илмий доираларда, балки оддий халқ орасида ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган фикрлар юртдошларимизнинг она тилимиз ва унинг тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатади.
Она тилимиз ҳақидаги билим ва тасаввурларимизни чуқурлаштирар эканмиз, юрагимизда Ватан туйғуси ҳам тобора чуқур илдиз отиб бораверади. Зеро, она сўзини айнан тилга ва Ватанга нисбат берилиши ҳам бежиз эмас. Бу тушунчаларни муқаддас санаган инсон буюк ишларга қодир бўлади.

Бухолида СУПИЕВА,
Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти катта ўқитувчиси.