КЎЧАТЧИЛИКДА ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР

3_kuchat

Самарқанд вилояти

Боғ яратиб, ундан юқори ҳосил кўтаришда ерга қадалаётган кўчатларнинг сифати муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, кўчат маҳаллий иқлим шароитига мос бўлса, ундан кутилганидан-да кўпроқ ҳосил олиш мумкин.

Самарқанд вилоятида кўчат етиштириш бўйича катта таж­риба тўпланган. Бу борадаги ишлар янгича мазмун касб этиб, тобора кенгайиб бораётир. Хусусан, Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тақиқот институтининг Самарқанд илмий тажриба станция­сида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Станциянинг малакали ходим ва мутахассислари ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари етиштиришга астойдил бел боғлаганлар.
Тажриба станциясининг 595 гектар майдонида мевали дарахтларнинг янги навлари пайвандлаб кўпайтириш усули орқали етиштирилмоқда. Шунингдек, тоғ олди, лалми ва шўрхок майдонларга мос бўлган кўчатлар етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда тажриба станцияси илмий ходимларининг изланишлари ва хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлиги натижасида гилос, олма, нок ва шафтолининг серҳосил, эртапишар, экспортбоп навлари яратилди.
– “Самарқанд”, “Сўғдиёна”, “Малика”, “Мотуридий” каби янги узум навларига қизиқиш кучли, – дейди тажриба станцияси директори ўринбосари Ўрмонбек Мирзоҳидов. – Хорижлик мутахассисларнинг ушбу навларни ўз юртларида синаб кўриш истагини билдиришаётгани жамоамиз учун ғоят қувонарлидир.
Маълумки, юртимиз аграр тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, интенсив боғларни барпо этишга катта эътибор қаратиляпти. Станция  ходимлари шундай боғлар учун ҳам олма, гилос ва шафтолининг пакана, ярим пакана навлари кўчатларини тайёрлашмоқда. Ҳозирда станция майдонларида олти юз минг дона ярим пакана олма кўчати, бир миллион икки юз мингдан зиёд ток кўчатлари парваришланмоқда.
Кейинги йилларда беҳининг касалликларга чидамли, серҳосил навларини  етиштириш устувор вазифа сифатида қўйилган. Шундан келиб чиқиб, тажриба станциясида беҳи кўчатлари пайвандлаш орқали етиштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари лалми ҳудудлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда интенсив ёнғоқзорларни ташкил этиш юзасидан тавсиялар берган эдилар. Станция ходимлари шу йўналишда илмий тажриба олиб бориб, 3 гектар майдонда оқ мағизли ёнғоқ кўчатларини парваришлашмоқда. Шунинг­дек, қарийб 6 гектар майдонда чилонжийда ўстирилиб, гектаридан 10 тоннагача ҳосил олинмоқда. Қувонарлиси шундаки, кўчатчилик ривожига нафақат илмий-тадқиқот муассасалари, балки фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Ургут туманидаги “Темур Тўлаган кўчат ва ниҳоллари” фермер хўжалиги аъзолари айни пайтда ўн гектар ерда олма, гилос, ўрик, шафтоли, нок, ёнғоқ кўчатлари етиштириш билан машғул.
– Интенсив боғлар учун 300 минг туп пакана ва ярим пакана олма кўчатини парвариш­ламоқдамиз, – дейди фермер Одил Бобоев. – Бундан ташқари, ёнғоқнинг серҳосил ва чидамли “Чендлер” навини кўпайтиришга ҳам аҳд қилганмиз.
“Дарғом” ўрмон ишлаб чиқариш корхонасида эса кўчат етиштиришнинг ёпиқ илдиз тизими йўлга қўйилган бўлиб, мевали ва манзарали кўчатлар маҳаллий шароитда тайёрланган махсус тувакларда кўпайтирилмоқда. Бу усул кўчатларни йилнинг исталган вақтида далага экиш имконини беради.
Вилоятда кўчат етиштиришнинг замонавий ва инновацион усуллари ҳам эътибордан четда қолмаган.  Жомбой туманидаги замонавий биолабораторияда интенсив боғлар учун дарахт кўчатларини етиштиришнинг инвентро, яъни сунъий  шароит­да ўсимликларнинг учки ўсув нуқтасидан ажратиб олинган апекал ва меристема тўқималаридан турли вируслардан холи кўчатлар етиштириш усули қўлланмоқда. Бундай ноёб технологиялар хориждан катта валюта эвазига келтириладиган интенсив кўчатларни ўзимизда етиштириш имконини беради.
Самарқандлик соҳибкору мутахассисларнинг  бой тажрибаси, улар томонидан амалга оширилаётган илмий изланиш­лар мамлакатимизда интенсив боғдорчиликни янада ривожлантиришга, экспортбоп қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Нуриддин БОЛИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.