«ИШОНЧИМИЗ ҚАТЪИЙ, ОДИМЛАРИМИЗ ДАДИЛ»

Хоразм вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида оддий халқ ичига кириб, улар билан суҳбатлашди, вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари билан яқиндан танишди. Давлатимиз раҳбарининг жойлардаги учрашувларда билдирган фикрлари, Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқи юртдошларимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

 

Шириной РАҲИМОВА, Каратэ бўйича уч карра жаҳон чемпиони:
– Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида хоразмлик бир гуруҳ фаол ёшлар билан учрашуви қалбимда бир умрга муҳрланиб қолди. Зеро, Президентимиз билан ёнма-ён туриш, қўлидан  автомашина калитини олиш ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлди. Бу эътибор ва ғамхўрлик менинг тимсолимда шижоатли ва ғайратли, ўз билим ҳамда интилишлари билан мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган барча ўзбекистонлик ёшларга қаратилганини юракдан ҳис қилдим.
Эришган ютуқларим – Зулфия номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилишим, ўн етти ёшимда каратэ бўйича уч карра жаҳон чемпиони бўлишим, буларнинг барчаси ёшларга яратилган улкан имкониятлар самараси. Гурлан туманидаги чекка бир қишлоқдан чиққан мен каби бир қизнинг Президентимиз эътирофига сазовор бўлиши юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмаслигининг ёрқин ифодасидир. Бу юксак ишонч ва эътиборни оқлашга ҳаракат қиламан.

Зулфия ОТАЕВА, Хоразм вилоятидаги Огаҳий номидаги мусиқали драма театри актрисаси:
– Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида бизнинг театрда ҳам бўлиб, бу ердаги капитал таъмирлаш ишлари билан танишди, қимматли маслаҳат ва кўрсатмалар берди.
Таъкидлаш керакки, Огаҳий номидаги мусиқали драма театри биноси 1975 йилда қурилган бўлиб, бино ва ундаги жиҳозлар бугунги замон талабига жавоб бермас, томошабинлар учун зарур қулайликлар йўқ эди. Ҳозирда театр биноси, жумладан, 572 нафар томошабинга мўлжалланган зал капитал таъмирланмоқда. Ёритиш, иситиш ва совитиш тизимлари хорижий технологиялар асосида янгиланмоқда.
“Театрни ҳақиқий маънавият ўчоғига айлантириш учун, аввало, яхши асарлар керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Хоразмнинг буюк тарихи бор. Улуғ алломаларимиз, шу билан бирга, замонамиз қаҳрамонлари ҳақида саҳна асарлари яратиш зарур. Театр жамоаси томошабинлар билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиши, туманларга чиқиб, спектакллар намойиш қилиши, ёшларни санъатга, маданиятга ўргатиши керак”.
Шунингдек, Президентимиз театр аҳли билан суҳбат чоғида ижодкорлар учун замонавий уй-жой қуриш, театрнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, драматургларни қўллаб-қувватлаш, актёр ва режиссёрлар малакасини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бундай ғамхўрлик ва эътибордан руҳланган театримиз жамоаси репертуарларни янада бойитиб, янги саҳна асарларини томошабинларга туҳфа этиш борасида амалий ишларни бошлаб юборишди. Бундан ташқари, театрнинг бош режиссёри Алишер Йўлдошев раҳбарлигида “Жалолиддин Мангуберди” драмаси қайта саҳналаштирилмоқда.

Давлатназир РАЖАБОВ, “Ўзбек-туркман” дўстлик жамияти Хоразм вилояти бўлими раҳбари:
– Биз Урганч тумани Ғойбу қишлоғидаги Туркман маҳалласида истиқомат қиламиз. Тарихий маълумотларга кўра, ота-боболаримиз 1640 йилларда Турк­манистон ҳудудидан келиб, шу ерда ўтроқлашиб қолган. Ҳозирда бу ердаги маҳаллада 3500 дан ошиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг кўпчилиги туркманлардир. Яқинда бу ерда 64 хонадонга мўлжалланган намунавий турар жой бинолари,  Болалар мусиқа ва санъат мактаби, мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника ва Ўзбекистонда ягона “Дўстлик уйи” қурилиб, фойдаланишга топширилди. Махтумқули номидаги туркман тилига ихтисослашган 29-мактаб биноси капитал таъмирланди. “Дўстлик уйи”дан тарих музейи, катта кутубхона, меҳмонлар учун зал, фаоллар зали жой олган. “Дўстлик уйи” олдида катта “Дўстлик боғи” ташкил этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида бизнинг маҳаллада ҳам бўлди. Бу ердаги аҳолининг яшаш шароити ва янгидан қурилган объектларни кўрди. Туркман оиласи Оллоёр Бобожонов хонадонида бўлиб, оиланинг турмуш тарзи билан танишди.
“Дўстлик уйи”да амалга оширилган ободончилик ва бунёдкорлик ишларига баҳо берди, яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш борасида маслаҳат ва кўрсатмалар берди. Буларнинг барчаси жонажон Ватанимизда ҳеч ким эътибордан четда эмаслигининг ёрқин ифодасидир. Бугун ғамхўрликдан руҳланган маҳалладошларимизнинг қувончи чексиз, шижоати баланд. Инсон манфаатлари улуғланган юртда келажакка ишонч билан, бугунги кунидан рози яшаш ҳақиқий бахтдир. Биз шундай бахтиёр инсонлармиз.

“Qishloq hayoti” мухбири
Болтабой Матқурбонов ёзиб олди.