Оилалар мустаҳкамлиги ва авлодлар тарбиясида ноёб институт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10-11 октябрь кунлари Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш “майдони” эмас, бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институти экани, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса доимий шерикларимиз ва дўстларимиз эканини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ушбу тузилма фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича муҳим таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.
Шунингдек, саммит иштирокчиларига ҳавола этилган Оила институти ва анъанавий оилавий қад­риятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни алоҳида қайд этиб, ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида юртимизда келгуси йили “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этди.
Президентимизнинг мазкур ташаббуси бугунги глобаллашув жараёнида ниҳоятда долзарб аҳамият­га эгадир. Зеро, ўсиб келаёт­ган ёш авлод – миллат келажаги, эртанги кунининг ҳал қилувчи кучи, юртнинг истиқболи. Оила эса муқаддас қўрғон: инсон шу ерда туғилади, дунёни шу ерда англайди, онг ва тафаккури шу масканда шаклланади. Оиласидаги муҳит ва кўрган тарбияси кейинчалик унинг жамиятдаги мавқени белгилаб беради. Шу боис ҳар қандай таҳдиддан ушбу қўрғонни, ўз навбатида, ёш авлодни ҳимоялаш – давлатнинг эртасини муҳофаза этиш билан баробардир. Қолаверса, турли таҳдидлар, хавфу хатарлар тобора кучайиб бораётган айни дамларда асосий нишон ўсиб келаётган ёш авлодлар экани бу борадаги ҳамкорликни кучайтириш, бой тажрибаларни ўрганишни тақозо этаётир.
Бугун демократияни чеку чегарасиз эркинлик деб биладиган айрим ривожланган мамлакатлар фуқаролари инсониятга ёт бўлган одатларни ҳаётий эҳтиёжга айлантириб олганлари, оиладек муқаддас қўрғонни инсон эрки учун қўйилган кишан деб билиб, маънавий таназзулга юз тутганлари сир эмас.
Ачинарлиси, бундай иллатлар ўша мамлакатлардаги аксарият ёшларнинг ҳаётида акс этган. Мушоҳада қилсак, бундай маънавий инқироз оилани қадрламаслик, муқаддас қўрғон анъаналарини топташ, инсонийлик ришталарини узиш оқибатида келиб чиққани ҳақиқат. Энг ачинарлиси, маънавий тубанлик сари кетаётган бундай жамиятни келажакда қандай хавф-хатарлар кутиб турганини тасаввур этиш ҳам даҳшатли. Ўзбекистон тажрибаси эса оилани асраб-авайлаш ҳаётий эҳтиёж эканини, маънавий-ахлоқий мезонларимиз, инсонийлигимиз омили эканини рўй-рост намоён эта олади.
Юртимизда ўзини ўзи бошқариш институтлари миллий қадриятларимизга таянган ҳолда ўта эҳтиёткорлик ва самимият билан оилалардаги муаммоларни батараф этаётгани энг катта ютуғимиздир.
Жумладан, фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган жамоатчилик комиссиялари, “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида олиб борилаётган ишлар натижаларидан аёнки, мамлакатимизда бу борада тўпланган тажриба бутун дунёга ўрнак бўлишга арзийди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, маҳалла тобора энг халқчил ва адолатпарвар институтга айланаётгани, таъсир доираси ҳамда фаолият кўлами кенгайиб бораётганига амин бўламиз. Жумладан, 2016 йилда юртимиздаги фуқаролар йиғинлари томонидан 7 миллион 615 минг 185 та оила ўрганилиб, 40 мингдан ортиқ оиладаги низоларнинг олди олинган, 2 мингдан ортиқ эрта никоҳга барҳам берилган, 12 минг нафардан ортиқ ёш ўқишга жалб этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллалардаги жонкуяр фаоллар 5 миллион 521 минг 523 та оиладаги муҳитни тубдан ўрганишди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 1024 та эрта никоҳнинг олди олиниб, 35 минг 374 та оиланинг нотинч­лигига сабаб бўлган турли  низолар бартараф этилди.
Бундай рақамлар ортида бой ҳаётий тажрибага эга, кўпчиликнинг ҳурматини қозонган, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган кексалар, зиёлиларнинг фидойи хизматлари бор, албатта. Негаки, биздаги анъаналарга кўра, қўшни уйдан йиғи чиқса, нотинчлик юз берса, ён-атрофдагиларнинг ҳам тинчи бузилади, барча шу хонадоннинг дардига шерик бўлиш, оғирини енгил қилишга шошади. Бу ҳол, айниқса, фуқаролар йиғинларининг Яраштириш комиссиялари фаолиятида теран акс этаётир.
Сирасини айтганда, МДҲ саммити доирасида эришилган аҳдлашувлар, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, халқимиз фаровонлигини оширишга яқиндан ёрдам беради. Келгуси йили ўтказилиши кутилаётган муҳим анжуманга қадар маҳаллаларимиздаги ютуқ ва муваффақиятлар салмоғи янада ортишига ишонамиз.

Дилшода МИРЗАЖОНОВА,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раиси ўринбосари.