Савод ҳуштагини ким ва қачон чалади?

Ҳозирги даврда ер юзида қанча миллат вакиллари яшаётган бўлса, барчасининг қалбида она тилига нисбатан меҳр-муҳаббати зиёда. Зеро, ҳар бир тилда миллатнинг тарихи ва маънавияти, мухтасар айтганда, руҳи пинҳон.

Аммо биз тилимизга қанчалик эътибор қаратяпмиз? Афсуски, бу саволга ифтихор билан ижобий жавоб бера олмаймиз. Негаки, кўплаб корхона ва ташкилотлар, ҳатто, ўзбек тилидаги китоблар сотиладиган китоб дўконлари  ҳам чет тилида номланмоқда. Нурафшон шаҳрида бир ойдан буён “Китоб дунёси” деган ажойиб китоб дўкони фао­лият юритмоқда. “Book shop”ни  шунга ўхшаш чиройли ўзбек­она номлар билан номлаш миллатимизни ҳам, тилимизни ҳам асраш эмасми?
Халқимизда тил билган – эл билади, деган ҳикмат бор. Хорижий тилларни ўрганиш яхши, албатта. Аммо ўзга тилни ўрганаман деб ўз тилини унутиш маънан ўлим демакдир.
Бир нарсани ачиниб айтиш керак, “market” инглиз тилидан олинган бўлиб, “бозор” деб таржима қилинади. Бу сўз бугунга келиб, қон-қонимизга сингиб кетди. Қаерга қараманг, “mini market”, “supermarket” деган пешлавҳага кўзингиз тушади. Бизнинг “бозор” ёки “дўкон” деган сўзларимиз қаерга йўқолди.
Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонига кунора қатнайман. Ҳар сафар микроавтобусдаги “Сквер” – “Қўйлиқ” деган ёзув таъбимни хира қилади. Ана ўша микроавтобусда кетаётиб каттакон бино пештоқига катта қилиб “Uzbekneftegaz” деб ёзиб қўйганини ҳам кўраман. Бу ёзув кўплаб ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳам бор. Агар ўшани ёзганларда савод бўлса, “O‘zbekneftgaz” деб ёзган бўлармиди?
Савод қандай ошади? Унинг бир омили – мутолаа. Бугун кўпчилигимиз газетага кўз қиримизни ҳам ташламаймиз, китоб ўқимаймиз, фақат телевизор кўрамиз, интернетда ўтирамиз. Афсуски, улардан ҳам ибрат олиб бўлмайди. Мана масалан, “Mening yurtim” телеканали аксарият кўрсатувларини хориж тилида номлаган: “MY5 TOP MUSIC”, “FIFA”, “English club”, “ART NAVIGATOR” ва ҳоказо. Ваҳоланки, у кўрсатувларни ҳам “Аччиқ чой”дек ўзбекча номласа бўладику! Бу “касаллик” бошқа каналларда ҳам авж олмоқда. Жумладан, “Yoshlar” телеканали янги кўрсатувини “Start up club” деб атабди.
Таажжуб, жуда бой, чиройли тилимиз бор. Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ. Аммо тилимизнинг тиниқ сувдаги аксини кўрсак, доғлар эгаллаб олганига шоҳид бўламиз. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, “нима учун кўча ҳаракатини бузган кишига милиция ҳуштак чаладию, бутун бир тилни бузган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?” Бу савол бугун кўплаб зиё­лиларни, она тилини ори деб биладиган, тил яшаса, миллат яшашини чуқур англайдиган юртдошларимизни қийнаётгани бор гап. Саволнинг ечими қачон топилади?.. Бу савол ҳам савол бўлиб қолаверадими?..

Отабек ИСРОИЛОВ