Боғлардаги кузги юмушлар: Ҳосил йиғиб олинди, аммо парвариш тўхтамайди

Пишиқчилик мавсуми тугаб, боғларимиз куз-қишки тиним даврига кирмоқда. Аммо бу боғларда иш тугади дегани эмас. Энди боғ-токзорлардан келгуси йили юқори ва сифатли ҳосил олишни таъминлаш мақсадида мевали дарахтларни ҳамда ток тупларини қишнинг аёзли совуқларига чидамлилигини ошириш чораларини кўриш зарур.

Энг аввало, ҳозирданоқ боғ ва токзорларда суғориш ишларини батамом тўхтатиш лозим. Боғларда қатор ораларини шудгорлашдан олдин, уларни кузги ўғитлаш зарур. Бунда ҳар бир гектар майдонга 10-15 тонна чириган маҳаллий ўғит, минерал ўғитлардан соф ҳолда 180 кг. фосфор, 90 кг. калий ўғити солиш мақсадга мувофиқдир.
Ўғит солиб бўлингач, бўз тупроқли суғориладиган боғларда дарахтларнинг қатор оралари 25-30 см., шағалли ерларда 10-15 см. чуқурликда шудгор қилинади. Бунда юза жойлашган илдизлар шикастланмайди. Тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида боғлар қатор ораларига сидерат ўтларни экиш ҳамда келаси йили баҳорда уларни ҳайдаб ташлаш лозим.
Кўплаб касаллик ва зараркунандаларнинг замбуруғлари дарахтлар танасидаги ёриқларда қишлайди. Танаси оқланса, уларни қириб ташлаш билан бирга дарахтлар қишки совуқлардан ҳам ҳимоя қилинади. Бунда 2 кг. тупроққа 1,5-2 кг. оҳак аралаштириб, ҳар 10 л. эритмага озроқ маҳаллий ўғит қўшиб, уни суюқ қаймоқсимон масса ҳолига келтириб, дарахт танасини ҳамда она шохларни оқлаш зарур. Бу, айниқса, данакли мева дарахтларига (ўрик, шафтоли, гилос, олхўри, олча ва б.) яхши самара беради. Бунда ҳар 10 л. эритмага 80-100 г. мис купоросини сувда эритиб, қўшиб юборилса, самараси янада ортади.
Боғ қатор ораларини ҳайдаётганда, омоч илдиз тизимини шикастламаслиги учун дарахт танасидан 0,5-1,5 м. масофада, айниқса, пакана ва ярим пакана пайвандтагли боғларда ўтишига аҳамият қаратиш керак.
Дарахт баргларининг 65-75 фоизи тўкилгандан сўнг, айниқса, замбуруғли касалликларга чалинган боғларда дарахт танасини 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 6 фоизли карбамид эритмаси билан яхшилаб ювиш керак.
Резавор мевалилардан қулупнай, қорағат (смородина), хўжағат (малина) ўсимликларининг қаровига алоҳида эътибор бериш зарур. Август ойининг бош­ларида экилган қулупнай кўчатлари ўтдан тозаланиб, енгил чопиқ қилиниб, қишки совуқдан ҳимоя қилиш мақсадида иккала томонига маҳаллий ўғит солиш керак.
Қорағатзорда қорағат тупларига шакл бериш, қирқиш ва сийраклаштириш ишлари олиб берилади. Қорағатнинг эски 5 йиллик шохлари кесиб ташланиб, туп ичи очилади. Синган, қуриган шохлар кесилади, янги ўсиб чиққан бир йиллик новдаларидан 5-6 таси қолдириб, қолган новдалар кесиб ташланади. Туп атрофи чопилиб, қатор ораси 20-25 см. чуқурликда ҳайдалади. Ушбу агротехник тадбирдан олдин қорағат қатор орасига 15-20 тонна маҳаллий ўғит, маҳаллий ўғит бўлмаган тақдирда минерал ўғитлардан соф ҳолда 120 кг. фосфор, 60 кг. калий ўғитини бериш зарур. Сўнг бир марта суғориш керак.
Хўжағатзорда ҳосил бериб бўлган шохлари қурий бошлайди. Шунинг учун қуриган шох ер билан бир текисликда кесиб ташланиб, янги новдалардан бир тупда 10-15 та шохлари қолдирилади. Нимжон, касалланган, синган новдалар кесиб ташланади. Агарда бир йиллик новдалар узун бўлиб ўсган бўлса, новданинг 1,5-1,6 м.дан юқори қисми кесиб ташланади. Бунда келаси йили ушбу новдаларда сифатли мўл ҳосил бўлади.
Токзорларда ушбу ойда ток тупларига шакл бериб қирқиш, қўндоқлаш ва кўмиш ишлари бажарилади. Ток кўмилмайдиган минтақаларда ток кесилмайди. Чунки кесилган токнинг совуққа чалиниши кучаяди. Кесиладиган ток туп­ларининг нави ёки симбағазнинг турига қараб шакл ва юклама берилади.
Ток тупларини кесишда биринчи галда оидиум (кул) антракноз, милдью, бактериал рак билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзордан чиқариб ташланади ва куйдирилади. Кўп ҳолларда деҳқонлар ток тупларини ёпиш учун қирқилган новдалардан фойдаланишади. Бунга йўл қўймаслик зарур. Чунки турли касаллик юқумлари бўлган барг ва новдалар келаси йили уларнинг янада кўпроқ тарқалишига замин яратади.
Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач, ёпишдан олдин оидиум (кул) антракноз, милдью ва бактериал рак касаллик юқумига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки мис купоросининг 3 фоизли эритмасини пуркаш зарур. Ток туплари 25-30 см. қалинликда тупроқ билан кўмилади. Тупроқ ток кўчатини яхши кўмиши учун намлиги 70-80 фоизни ташкил қилиши керак. Бунинг учун ток кўчати қўндоқлангандан сўнг ёки олдин енгил суғориш зарур. Келаси йили мўл ҳосил олиш учун токзорлар ўғитланади, бунда йиллик меъёрнинг 50 фоиз фосфор ва азотни (аммоний шаклидаги) ва калий ўғитини 100 фоизи 15-20 см. чуқурликда ёки уялаб 20-25 см. чуқурликда солинади.
Токзорлар механизмлар ёрдамида кўмилганда қатор орасида иккита жўяк ҳосил бўлади. Ушбу жўякларга маҳаллий ўғит солинса, самараси юқори бўлади. Токзорларга ҳар йили гектарига 20-30 тонна маҳаллий ўғит, солиб турилса, минерал ўғитлар сарфи 50 фоизгача қисқаради.
Ушбу тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш келаси йил мева-узумдан мўл ҳосил олиш учун замин яратади.

Равшан Абдуллаев,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.