Ортган сурилган тўлов қимматга тушди

Юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ва қайта ишловчи субъектлари ўртасидаги шартномавий муносабатларни тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ҳамда “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда.

Давлатимиз томонидан тадбиркорлар ва фермерларнинг қонуний манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида эътибор уларни янада руҳлантириб, янги марралар сари ундамоқда.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 9 минг 749 та қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ва қайта ишлаш ёки сотиш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бормоқда.
Вилоят иқтисодий суди томонидан 2017 йилнинг учинчи чораги бўйича контрактация шартномаси билан боғлиқ 900 га яқин иш кўриб чиқилди. Судларнинг аралашуви билан кўплаб тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Мисол учун, Сурхондарё вилояти иқтисодий суди Музработ тумани фермерлар кенгашининг мурожаати билан тумандаги “Амирқулбобо КАА” фермер хўжалиги ҳамда “Музработ пахта тозалаш” акциядорлик жамияти ўртасида бажарилмаётган контракция шартномасини кўриб чиқди. Аниқланишича, 2016 йилда “Музработ пахта тозалаш” акциядорлик жамияти ва “Амирқулбобо КАА” фермер хўжалиги ўртасида пахта хомашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномаси тузилган. Унга кўра, мазкур хўжалик томонидан “Тайёрловчи”га 27 миллион 657 минг 300 сўмлик пахта хомашёси топширилган бўлиб, акциядорлик жамияти  “Хўжалик”ка ушбу суммани 2016 йил 1 августига қадар тўлаб бериши лозим бўлган. Бироқ, мазкур қарздорлик ортга суриб келинган. Суднинг ҳал қилув қарори билан “Музработ пахта тозалаш” акциядорлик жамиятидан “Амирқулбобо КАА” фермер хўжалиги фойдасига 27 миллион 657 минг 300 сўм асосий қарз ва бошқа харажатлар ҳамда республика бюджетига давлат божи ундирилди.
Шартнома – лафз дегани. Унинг бажарилиши эл манфаатига хизмат қилар экан, судлар эл дардида ёниб ишлаётган деҳқонларни ҳимоя қилишни ўзининг юксак бурчи деб билади.

Низом ЮСУПОВ,
Сурхондарё вилояти иқтисодий судининг судьяси.