ТЎҚСОНБОСТИ – ДАРОМАД ОСТИ

3_ovosh

 бунинг учун бугунги агротехник тадбирларга алоҳида эътибор қаратиш лозим

Юртимиз иқлим шароити сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай. Бир майдондан йилига бир неча марта ҳосил олиш мумкин. Бунда тўқсонбости усулида сабзавот етиштиришнинг аҳамияти катта. Негаки, ушбу усул қиш ойларида ҳам ерни бўш қўймаслик, уни даромад манбаига айлантириш имконини беради.
Хўш, бунинг учун сабзавоткорлар нималарга эътибор қаратиши лозим?

Кеч кузда, совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин, тўқсонбости усулида экиш учун ноябрь ойининг охири декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) уруғлари тайёрланган ерга сепилади. Бунда уруғлар сарфи одатдагидан 20 фоизгача кўпроқ бўлиши керак.

КЎК ПИЁЗ
Тўқсонбости муддатда пиёзнинг маҳаллий шароитда яратилган “Истиқбол”, “Зафар”, хорижнинг “Манас”, “Дайтона”, “Леоне”, “Банко” навларини экиш тавсия этилади.
Пиёз уруғини тўқсонбости усулида экиш муддати: жанубий вилоятларда 1-30 декабрь, марказий ҳудудларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий ҳудудларда 1 ноябрь-1 декабрь кунларига тўғри келади.
Экиш. Пиёз уруғи ҳар гектарга 18 кг.гача сарфланади. Уруғ СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб, қатор ораларини 70-90 см.дан олиб, уч-тўрт қаторли усулда ёки қўлда сочиб экилади. Уруғлар 1,5-2 см. чуқурликка кўмилади. Пиёз уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади. Яъни ўсимлик­ларнинг бўйи 6-8 см.га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади.
Ўғитлаш. Пиёздан 30 тоннагача ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга юқори унумдор майдонларда соф ҳолда 250 кг. азот, 200 кг. фосфор, 80 кг. калий, ўртача унумдор тупроқларда 300 кг. азот, 220 кг. фосфор ва 90 кг. калий, паст унумдор тупроқларда 320 кг. азот, 220 кг. фосфор ва 100 кг. калий берилиши лозим.
Суғориш. Тўқсонбости усулида экилган пиёз баҳорда майсалари кўрингандан кейин суғорилади. Биринчи сув одатда баҳорги ёғин-сочин тўхтагандан кейин берилади. Кўклам серёғин келган йилларда бу муддат апрелнинг иккинчи ярмига, ёғингарчилик кам бўлган йилларда эса апрелнинг бошларига, айрим ҳолларда эса март ойининг охирига тўғри келади.

 

САБЗИ
Тўқсонбости усулида экиш учун сабзининг илдизмеваси қизил рангли, маҳаллий “Зийнатли”, “Фаровон”, хорижнинг “Шантане 2461”, “Курода Шантанэ”, “Нантская 4”, “Канада”, “Карсон” каби нав ва дурагайлари тавсия этилади.
Муддати. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 1-30 декабрь, марказий вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий ҳудудларда 1 ноябрь-1 декабрь кунларига тўғри келади. Уруғ СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5-2 см. чуқурликка, 52×8, 62×8 см. схемада ёки қўлда сочиб экилади. Сарфи гектарига 5-6 кг.ни ташкил этади. Экишдан сўнг майдон суғорилмайди.
Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади. Сабзи уруғлари баҳорда униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.
Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланилади. Бир йиллик ўтларга қарши экишдан олдин “Гезагард-50” ёки “Прометрин” препаратини ҳар гектарига 2-3 кг.дан бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда, “Фюзилад Супер 12,5%” препаратини гектарига 1-2 кг. ҳисобидан бегона ўтлар уруғи 2-4 та барг чиқарган вақтида пуркалади.
Ўғитлаш. Гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш учун юқори унумдор майдонларда соф ҳолда 175 кг. азот, 130 кг. фосфор, 80 кг. калий, ўртача унумдор туп­роқларда 220 кг. азот, 160 кг. фосфор ва 100 кг. калий, паст унумдор тупроқларда 250 кг. азот, 200 кг. фосфор ва 120 кг. калий берилиши лозим.
Суғориш. Уруғ униб чиқиши учун қишда ва баҳорда ёққан ёғингарчилик миқдори етарли ҳисобланади. Сабзи апрель ойи­нинг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар 1,5-2 ҳафтада, май ойининг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суръатда катталашаётганда эса ҳар 7-8 кунда суғорилади.

ОШ ЛАВЛАГИ
Тўқсонбости усулида ош лавлагининг маҳаллий “Диёр”, “Ягона” ва хориждан келтириладиган навларидан “Бордо 237”, “Бикорес”, “Боро F1”, “Детройт”, “Пабло F1” дурагайлари тавсия этилади.
Лавлаги уруғлари 4-5 0С илиқ ҳароратда униб чиқа бошлайди, ўсиб ва ривожланиб бориши учун энг қулай ҳарорат 20-25оС дир.
Лавлаги совуқ (– 2 – 3оС) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли бўлади, тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.
Экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрь, марказий вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий ҳудудларда 1 ноябрь-1 декабрь кунларига тўғри келади.
Уруғ сарфи – 16-18 кг. Экиш эгатлари 60-70 см. бўлиб, 2-3 қаторли, ўсимлик оралари 8-10 см, 2-3 см. уруғлар чуқурликка экилади. Ош лавлаги уруғи экилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.
Ўғитлаш. Ерни шудгор килишдан олдин гектарига 25-30 тонна чириган гўнг, 320 кг. аммофос, 180 кг. калий хлор ўғити солинади. Баҳорда вегетация даврида азот ўғити иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб, ўсимлик сийраклаштирилгандан сўнг 240 кг. карбамид ёки 550 кг. сульфат аммоний солиб ўтказилади. Иккинчисида эса 3-4 чинбарг пайдо бўлганда юқоридаги миқдорда солинади.
Суғориш. Ош лавлаги ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 65-70 фоизи бўлиши керак.

УКРОП
Тўқсонбости усулида укропнинг маҳаллий “Узбекский 243”, “Ором” ва хориждан келтириладиган “Анет” навлари экилади. Кўклигида ишлатиладиган укроп уруғи челларга қалин қилиб сепилади. Бир гектар ерга 20-25 кг. уруғ сарфланади.
Экиш муддати – жанубий вилоятларда 1-30 декабрь, марказий вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий ҳудудларда 1 ноябрь-1 декабрь. Укроп уруғи секин униб чиқади. Майсалари ўтоқ қилиш, ленталар орасини юмшатиш ва бостириб суғориш йўли билан парвариш қилинади.

КАШНИЧ
Юртимизда кашничнинг “Орзу” ва “Янтарь” навлари районлаштирилган. Тўқсонбости усулида ҳам уларни экиш мумкин.
Муддати – жанубий вилоятларда 1-30 декабрь, марказий вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий ҳудудларда 1 ноябр -1 декабрь.
Кашнич совуққа чидамли бир йиллик ўтчил ўсимлик ҳисобланади. Вегетация бошида секин ўсади, кейин тез ривожланади. Унинг барра баргларини 2-3 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1-1,5 см. танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади. Вақтида ўриб олинмаса, уруғпоя ҳосил қилади.
Чел қилиб сепилганда гектарига 8-10 кг. уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг устидан майда чириган гўнг сепилади. Асосий парвариши 1-2 марта ўташ, қалин ерларини бир оз яганалаш ва вақтида суғоришдан иборат.

 

ПЕТРУШКА
Юртимизда петрушканинг “Нилуфар”, “Сахарная” ва “Новас” навлари районлаштирилган. Тўқсонбости усулида ҳам уларни экиш мумкин.
Муддати – жанубий вилоятларда 1-30 декабрь, марказий вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий ҳудудларда 1 ноябрь-1 декабрь.
Петрушка совуққа чидамли икки йиллик ўтчил ўсимлик ҳисобланади. Унинг уруғи ўсиши учун 5-60С, кўкариб ҳосил яратиши учун 15-160С ҳарорат керак. Петрушка вегетация бошида секин ўсади, кейин тез ривожланади. Унинг барра баргларини 3-4 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1-1,5 см. танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади.
Петрушка ер танламайди. Уруғи экилгандан сўнг 55-60 кунда ҳосили етилади. Чел қилиб сепилганда гектарига 3-4 кг. уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг устидан майда чириган гўнг сепилади. Асосий парвариши 1-2 марта ўташ, қалин ерларини бироз яганалаш ва вақтида суғоришдан иборат.

САЛАТ
Тўқсонбости усулида салатнинг маҳаллий “Кўк шох” ва хориждан келтириладиган “Фиоретт”, “Конкорд F1”, “Лагунас F1”, 2 Левистро F1”, “Саула F1” нав­лари экиш учун тавсия этилади.
Баргли ва бош ўрайдиган салатларни тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрь, марказий вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий ҳудудларда 1 ноябрь-1 декабрь кунларига тўғри келади.
Уруғи лентасимон усулида 2-3 қатор қилиб экилади. Бунда ленталар ораси 45-60 см, лентадаги қаторлар ораси 15 см. қилинади. Бир гектар ерга салат уруғидан 4-5 кг, бошли салатникидан 3-4 кг. экилади. Салат уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.
Майсалар баҳорда униб чиққандан 10-12 кун ўтгач, 1-марта, 2-3 ҳафта ўтгач, яна бир марта ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8-10 см, бошли салатда эса 12-15 см. масофа қолдирилади.

Рафиқ Ҳакимов,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.