Харидор бўлса яхши…

image description

Андижон вилояти

бўлмаса-чи ёки алдаб кетса-чи?..

Жалақудуқлик Анваржон Абдукаримов бошчилигидаги “Сардор-Аброр даласи” фермер хўжалигининг экин майдони 45 гектардан зиёдроқ. Фермер хўжалиги жамоаси ҳар йили ғалла ва пахтадан бўшаган ерга такрорий экин экиб, қўшимча даромад олишга одатланган.

Жорий йилда хўжаликнинг яқин ҳамкори “Навигул” қўшма корхонаси ташаббуси билан фермер хўжалиги далаларида такрорий экин турлари янада кўпайди.
– Биз такрорий экин сифатида асосан бодринг етиштирардик, – дейди Анваржон Абдукаримов. – Аммо ҳосил пишгунга қадар маҳсулотнинг харидори ким бўлишини билмас эдик. Хирмон кўтарилганда эса баъзан хурсанд бўлсак, баъзан пайкалда қолиб кетган ҳосилга қараб, меҳнатимиз зое кетганидан афсусланардик. “Навигул” қўшма корхонаси вакиллари бирга ишлашни таклиф қилиб, бизни бу муаммолардан халос этишди.
Айни вақтда “Сардор-Аброр даласи” фермер хўжалиги далаларида аввал ҳеч қачон экилмаган мош, ловия ҳамда мамлакатимизда парвариши энди йўлга қўйилаётган янги экин тури – “Айсберг” номли салат экини пайдо бўлди. Уруғлик ва кўчатлар ҳамкорлар томонидан ажратилди. Муҳим жиҳати шундаки, эндиликда фермер ҳосил пишиб етилганда харидор кутиб ўтирмайди. Харидор аниқ – “Навигул” қўшма корхонаси.
Айниқса, “Айсберг” фермерга маъқул келмоқда. Парвариши ниҳоясига етказилаётган экин баргидан тайёрланадиган салат фойдали элементларга бой. 60 кунда ҳосил олиш мумкин бўлган ушбу экин парвариши у қадар мураккаб ҳам эмас.
Сирожиддин Исмоилов раҳбарлик қилаётган Олтинкўл туманидаги “Турсунбой ота” фермер хўжалигида ҳам такрорий экинлар экишда таркибий ўзгаришлар юз бермоқда. Натижада даромад кўпайиб, хўжаликнинг иқтисодий имкониятлари ортмоқда. Мазкур хўжаликда мош экиладиган майдонлар йил са­йин кенгайиб бораё­тир.
– Мош экиб, даромадимизни янада оширмоқдамиз, – дейди фермер. – Мош – тезпишар ўсимлик. Шу боис экин майдони узоқ муддат банд бўлмайди. Қолаверса, оқсилнинг кони бўлмиш ушбу маҳсулот ҳамиша харидоргир. Поясининг таркиби ҳам чорва учун озуқага бой емиш ҳисобланади. Ўтган йили мош экилган майдонда бу йил ғўза парвариш қилдик.
Айни пайтда “Турсунбой ота” фермер хўжалигида 35 минг туп салатбоп “Айсберг” парваришланмоқда. Ҳадемай ҳосил йиғиштириб олинади. Мошдан бўшаган майдонларга эса буғдой экилди. “Навигул” қўшма корхонаси билан ҳамкорлик кўнгилдагидек бўлаётгани туфайли, фермер бу борадаги алоқаларни янада кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Ёдингизда бўлса, бундан 3-4 йил аввал айни пишиқчилик мавсуми бўлишига қарамай помидорнинг килоси 2,5-3 минг сўмга кўтарилиб кетган эди. Ҳозирги кунда деҳқонлар дала бошида унинг ҳар килограммини 500-600 сўмга сотишмоқда. Узоқни кўзлаб, мўлжални олишнинг ҳадисини олган фермерлар такрорий экин сифатида помидор етиштира бош­ладилар. Ана шундай фермерлардан бири Балиқчи туманидаги “Балиқчи ғалабаси” фермер хўжалигидир.
– Помидор кўчатини тайёрлашни ўзлаштиришимиз анча қийин кечди, – дейди фермер Одилжон Билтиров. – Кўчатларни эртароқ тайёрласак, ғалла ўримига монанд келмади, аксинча бўлса, ҳосилнинг пишиб етилиши кечикиб кетди. Ихчам плёнка халтачаларда кўчат етиштиришни тажрибадан ўтказиб, энг мақбул муддат май ойи­нинг 10-20 санасига тўғри келишига ишонч ҳосил қилдик.  Айни пайтда Балиқчи туманида 3 минг гектарга яқин майдонда такрорий экин сифатида помидор етиштириляпти. Кўчат ва ҳосил тугунчаларини офтоб уришидан сақлаш мақсадида эгат оралатиб, маккажўхори экяпмиз. Қарабсизки, бир ўқ билан икки эмас, учта қуённи уряпмиз.
Такрорий помидор етиштириш Олтинкўл ва Қўрғонтепа туманларида ҳам оммалашмоқда. Анча йиллардан буён дастурхонларда кўринмаётган “Волгоград”, “Юсупов” ва “ТМК” навли хушхўр мевали помидорлар кўпайиб қолди. Энг сўнгги ҳосил эса тузламага асқотмоқда.
Юқоридаги маълумотлар билан танишиб, кўнгил ёришади, ишбилармон фермерларга ҳам, унга камарбаста бўлаётган ҳамкорга ҳам балли, дегингиз келади. Лекин қанча машаққат ва маблағ эвазига етиштирилган ҳосилга харидор топилмаса, фермер ҳам пулига, ҳам меҳнатига куйиб қолса-чи? Айрим ҳамкорларнинг ваъдани қуюқ бериб, ҳосил пишиб-етилганда қорасини кўрсатмаётганига нима дейсиз?
2015 йилнинг кеч кузида “Қайси фермер укроп экса, эрта баҳорда унинг ҳар килосини 1 доллардан сотиб оламиз” деган гап-сўзлар тарқалди. Балиқчи туманидаги “Эргашали Усмон боғи” фермер хўжалиги раҳбари Икромжон Темиров янгиликнинг ортидан қувишга одатлангани боис  уруғ етказиб берувчи фирма таклифини биринчилардан бўлиб қабул қилди. Ер тайёрланди, эгат олинди, тажрибали деҳқонлар уруғ сепишга ёлланди…
Баҳор келди. 4 гектардан зиёд майдонга экилган укропнинг атиги бир фоизигина униб чиқди. Фермернинг уруғ сотган фирма раҳбарлари билан боғланишга уринишлари фойдасиз бўлди… Қанд ўрнига панд еганини англаган фермер ўша йили апрель ойининг сўнгги 10 кунлигидагина ерни қайта тайёрлаб, чигит экишга улгурди.
Андижон туманидаги “Исломобод саховати” фермер хўжалиги раҳбари Абдували Боласозов ҳам укропдан яхшигина даромад келишига ишонди ва 5 гектар ерга уруғ қадади. Ҳайрият, кўчат текис униб чиқди. Баҳор чўзилиб, фермер далани плёнка билан ёпди. Сотиб олишни айтиб, қоп-қоп ваъдалар билан уруғликни ўтказган фирма вакилларидан эса дом-дарак бўлмади.
Афсуски, вилоятда укроп ҳақидаги чўпчакларга ишонган фермерлар кўпчиликни ташкил этади. Агар вилоят бўйича 400 гектардан зиёд майдонга укроп экилганлиги инобатга олинса, кўрилган зарар салмоғи яққол намоён бўлади. Боз устига, укроп эккан фермерларнинг далаларида чигит экиш жараёни чўзилиб, апрель ойи сўнгигача давом этди. Натижада фермер олдида яна қанчадан-қанча муаммолар кўндаланг бўлди, ҳам нақди, ҳам вақтни ютқазди.
Шу ва шунга ўхшаш воқеалар бошқа вилоятларда ҳам содир бўлаётгани сир эмас. Устомон фирма ходимлари кейин сотиб олиш шарти билан қовоқ уруғини, булғор қалампири кўчатини мўмай пулга пуллаб, ҳосил етиштирилганда қорасини кўрсатмай кетаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Пуч ваъдаларга ишонган фермерларнинг кўрган моддий ва маънавий зарарлари қопланмаслиги аниқ. Чунки бундай ҳолатлар ҳеч қандай ҳужжат ёки шартномалар асосида расмийлаштирилмайди.  Бу, ўз навбатида, фермерларнинг ҳуқуқий савиясини ошириш, ҳар қандай ҳамкорликни шартнома асосида давлат рўйхатидан ўтган ва лицензияга эга бўлган муассасалар билан амалга ошириш зарурати мавжудлигини кўрсатади.
Мамлакатимизда озиқ-овқат етиштириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда, жаҳон бозори эшикларини очмоқда. Аммо муаммо шундаки, фермерлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа эгалари учун етиштирилган маҳсулотни сотишга ёрдам берадиган мард топилмаяпти. Шу боис, савдо ҳосил ғарқ пишган чоғда ноқонуний “ўртакашлар” иштирокида бўлмоқда…
Мутасадди ташкилотлар бу муаммога ечим топиб, ер эгаларидан ёрдамларини аямасалар, маҳсулот етиштирувчиларнинг даромадлари ортиб, соҳага илғор технологияларни жорий этиш имкониятлари ортган бўларди.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.