Эл ғамига малҳам, юрт дардига дармон излаб яшади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 июнь куни Самарқанд вилоятида бўлганди.

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Пайариқ туманида, хусусан, бизнинг қишлоғимиз Тўполосда ҳам бўлди. Бу ердаги қурилишлар билан танишди. Оққўрғон ва Қозоқхўжа қишлоқларини ободонлаштириш, йўлларини асфальт қилиш борасида маслаҳатлар берди. Қишлоғимиздаги “Тўполос” фермер хўжалигига ташриф буюриб, фермер ва деҳқонлар билан мулоқотда бўлди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор Шоди Имомов (охиратлари обод бўлсин) хотирланди. У кишининг амалга оширган ишлари, қишлоқ хўжалигидаги тажрибаси ибрат қилиб кўрсатилди.
Президентимизнинг одамийлиги, халқпарварлиги ҳудудда яшовчи инсонларда катта таассурот қолдирди. Бугун қишлоғимиздаги кексаю ёш – барча аҳоли Президентимизнинг қишлоғимизга келганидан, олиб бораётган оқилона сиёсатидан, амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнун, миннатдор. Юртимиз равнақи йўлида тиним билмай ишлаётган, қисқа вақт ичида халқ Президентига айланиб, одамларимизнинг меҳрини қозониб улгурган давлатимиз раҳбарига Аллоҳдан соғлиқ, куч-қувват ато қилишини сўрашмоқда.
Президентимизнинг қиш­лоғимизга келиши, у кишининг халқ билан мулоқоти қалбимдаги бошқа бир нурли хотираларни уйғотди…
…Бундан 61 йил муқаддам. 1956 йил апрель ойи эди. Ўшанда мен мактабнинг 9-синфида ўқир эдим.  Дарсдан ке­йин биз, юқори синф ўқувчилари ота-­онамизга дала ишларида ёрдам берардик. Бир маҳал қўшни Қўриқовул қишлоғи томондан “Победа” русумли енгил автомашина дала шийпони олдига келиб тўхтади. Машинадан уч киши тушди. Улардан бири, не кўз билан кўрайликки, биз газеталарда суратини кўриб юрганимиз – Ўзбекистон Республикаси Олий Совет Президиуми Раиси Шароф Рашидов эди. Ҳамроҳ бўлиб келганлар эса вилоят ва районнинг раҳбарлари экан. Бу кутилмаган учрашув ҳамон кечагидек ёдимда: у кишининг ҳар бир сўзи  одамни оҳанрабодек ўзига жалб этарди. У атрофдаги одамлар билан шу даврдаги сиёсий жараёнлар хусусида суҳбатлашди. Бунга одамларнинг фикри билан қизиқди. Кейин бизга юзланиб, “Ўзбекистон бу йил давлатга қанча пахта беради?” деб сўради. Мен жавоб бердим. Шунда у киши: “Баракалла, ана, ёшлар билан гаплашсак бўлар экан-ку”, дея елкамга қоқиб қўйди.
Улуғ инсон билан бўлган бу илк учрашув келажак ҳаёт йўлимни белгилаб берганини ўша пайтда ким билибди, дейсиз?
Орадан йиллар ўтиб, тақдир мени яна бу инсон билан учраштирди. Тошкент қишлоқ хўжалик институти (ҳозирги Тошкент давлат аграр университети)ни битириб, Самарқанд вилояти ижроия қўмитасининг режалаштириш комиссияси раиси вазифасида ишлаб юрган кезларим эди. Ўзкомпартия Марказқўмига чақириб қолишди, пойтахтга етиб бордим. Марказқўмнинг ташкилий бўлимидаги қисқагина суҳбатдан сўнг Шароф Рашидов қабулига кирдик. Хонада у кишидан ташқари яна бир неча киши бор эди. Вилоятнинг ижтимоий-­иқтисодий аҳволи, муаммолари ҳақида сўради. Шунингдек, қўшни Оққўрғон қишлоғида Иккинчи жаҳон урушида бирга хизмат қилган қуролдош дўсти Абдумажид Алимов тўғрисида ўтирганларга сўзлаб берди. Абдумажид ака урушда оёғини совуққа олдириб қўйгани ва оёғини кесиб ташлаш пайтида олдида бўлганини, урушдан кейин эса Самарқандга ташрифи чоғида Абдумажид акани кўриб, ҳолидан хабар олиб туришини айтиб берди.
Дарҳақиқат, Шароф Рашидов халқпарвар, оддий одамлар билан самимий мулоқотни хуш кўрарди. Бу халқ ишончини мустаҳкамлар эди. Суҳбат давомида бу инсоннинг самимий чеҳраси, мулойим сўзларидан расмиятчиликка ўрин  қолмади. Мени худди яқин дўстидек кўриб, самимий муносабатда бўлди. Суҳбат давомида халқ орасида у киши ҳақида айтилган сўзлар айни ҳақиқат эканига амин бўлдим. Шароф Рашидов менга кўп савол бермади ва ўтирганларнинг ҳам ортиқча савол беришига ўрин қолдирмади. “Сизни Марказқўм аппаратига ишга оламиз, шу ерда униб-ўсинг”, деб суҳбатга якун ясади.
1975 йил 10 октябрдан бош­лаб Марказқўм қишлоқ хўжалиги бўлимида сектор мудири бўлиб ишлай бошладим. Бу даргоҳда ишлаган йилларим ҳаётимнинг энг масъулиятли ва завқли дамлари сифатида ширин хотира бўлиб қолган.
Шароф Рашидов билан 1977 йил 21 февралида яна суҳбатлашиш насиб қилди. Мени Самарқанд вилояти партия қўмитасининг қишлоқ хўжалиги бўйича котиблигига тавсия этишди. Москвага суҳбатга боришим лозим эди. Жўнашимдан аввал Шароф Рашидов ҳузурига чақиришди. Суҳбат қишлоқ хўжалиги, хусусан, унинг пахтачилик салоҳияти ҳақида кетди. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб билганимча жавоб бердим. “Сизни Самарқанд вилояти партия қўмитасига котиб­ликка ишга юборяпмиз, моҳир раҳбар Бектош Раҳимов билан биргаликда вилоят олдида турган вазифаларни бажаришда ишончимизни оқлайсиз, деган умиддаман. Оқ йўл, Москвага, суҳбатга яхши бориб келинг”, деди. Бу улуғ зот дуоси билан қарийб 12 йил обком котиби ва яна кўп йиллар бошқа масъулиятли лавозимларда ишлаб, ишончни оқлашга ҳаракат қилдим.
Шароф Рашидовдек буюк инсоннинг оталарча меҳри, ғамхўрлигини ҳис этиб ишлаш насиб этганидан ўзимни бахтиёр деб биламан. У киши чин маънода ҳақиқий меҳнаткаш инсон эди. Жонига азоб бериб бўлса ҳам ўз вазифасини адо этишга одатланганди. Политбюро йиғилишларига тайёрланган ҳужжатларни ўқиб, унга тақризлар ёзиб бераверганидан бармоқлари қавариб кетганлигини ўз кўзим билан кўрганман. Вилоятларга чиққанида ҳашаматли дала ҳовлию ресторанлардан фойдаланмай турмуш ўртоғи Хурсанд опа билан оддий вагонларда яшар эди. Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятлари, жуда кўплаб туманлар, хўжаликлар ташкил этилиши, Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши, Тошкентда метрополитен қурилиши, электрлаштириш, газлаштириш, завод-фабрикалар, шоссе, равон йўллар қурилишлари бевосита Шароф Рашидов номи билан боғлиқ.
Шароф Рашидов чин маънода ўз халқининг жонкуяр раҳбари, Ватанининг фидойи фарзанди эди. У киши респуб­ликамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилди, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшди.
Аммо тоталитар тузум унинг барча эзгу ишлари, хайр­ли саъй-ҳаракатлари, юрт ва халқ фаровонлиги йўлидаги хизматларини қоралади, ўзини эса ёмонотлиқ қилишга уринди. Ҳақиқат эгилар, букилар экан, лекин синмас экан. Мус­тақиллик боис, бу инсоннинг номи оқланди, эзгу ишлари муносиб баҳосини олди.
Бугунги кунларда эса давлатимиз раҳбарининг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи ­Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан жойларда кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг Шароф Рашидовнинг хотирасига бўлган муносабати эл дуосига сазовор бўлмоқда.
Ҳар сафар Тошкентга борганимда “Тошкент метрополитени”нинг қурилишида барча ишчилар билан бирга ҳашарда ишлаётган Шароф Рашидов кўз ўнгимда гавдаланади. Ҳа, у кишининг эзгу ишлари, эзгу ташаббуслари, эзгу битиклари хотирамизда мангу яшайди.

Абдушукур МУҲАММАДҚУЛОВ,
меҳнат фахрийси.