САРДОБА «СОҲИБКОР»ИНИНГ СИРИ

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Сирдарё вилояти
Сардоба туманидаги Абдумалик Холбоев раҳбарлик қилаётгани “Соҳибкор” фермер хўжалиги жамоаси асосан мирзачўлликларга сара кўчатлар етказиб  беради. Шу билан бирга улар ширин-шакар ноз-неъматларни эл дастурхонига  тортиқ  этмоқда.

Хусусан, жорий йилда 49 гектар  ғалла майдонининг ҳар гектаридан 55 центнердан сара дон йиғиштириб олинди. 41 гектар майдонда “Бухоро-102” навли пахта навини парваришланиб, биринчи теримнинг ўзида ҳар гектар ердан 25 центнердан хомашё териб олинди. Айни вақтда ҳосилдорликни 40 центнерга етказиш мақсадида жамоа қизғин меҳнат қилмоқда. Ғалладан бўшаган 18 гектар майдонга экилган мошнинг ҳар гектаридан 15 центнердан ҳосил йиғиб-териб олиниб, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 1 гектар экин майдонда карам, 50 сотих ерда эса сабзи етиштириляпти.
Яқинда 2 гектар майдонга кузги пиёз уруғи сепилди. 4 гектар майдонга эса гектаридан 40-50 тоннагача ҳосил берадиган саримсоқпиёзнинг “Банко-1” ҳосилдор нави қадалди. Кузда экилган бу экинларнинг ҳаммаси келгуси йилнинг май-июнь ойларида йиғиб-териб олинади. Энг муҳими, фермер хўжалигида бирон қарич ер бўш қолмайди. Даромад ҳам шунга яраша бўлади.
Олинаётган даромад ҳисобига  фермер хўжалигига  2 та трактор ва 1 та “ИСУЗИ” русумли юк ташиш автомашинаси сотиб олинди. Фермер хўжалиги даласи бошида сувчи ва боғбонлар учун алоҳида дам олиш шийпони бунёд этилди.
Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, фермер хўжалиги пахтанинг ўзидан 50 миллион сўм соф  фойда оляпти. Буларга боғ-роғлардан, қўшимча экинлардан  кўрилаётган  фойдани ҳам қўшсак, хўжалик йилни 400-500 миллион сўмлик фойда билан якунлайди.
Айни вақтда миришкор боғбон 2 гектар майдонда узумзор, 1 гектар ерда шафтолизор, 1 гектар ерда анорзор барпо этди. Ҳозир анорлар пишиб, шохларини кўтара олмай турибди. 1 гектар ерда етиштирилган 80 минг туп терак кўчати талабгорларга етказиб бериш учун ҳозирланмоқда. Шунингдек, дала шийпони олдидаги 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилиб,  1300 туп лимон парвариш қилинмоқда.
– Келгусида фермерларга энг сара  мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етказиб бериш учун боғларимизни янада кенгайтирамиз, – дей­ди фермер. – Боғлар қанча кўпайса, қишлоқларимиз шунча обод, дастурхонларимиз янада тўкин ва файзли бўлади.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.