Омад калити – меҳнат

Фарғона вилояти

Бу йил Бешариқ тумани пахтакорлари мўл ҳосил етиштирдилар. 370 та фермер хўжалигининг аксариятида ҳар гектар ердан айни вақтгача 40 центнердан ошириб ҳосил олинди. Ҳали далаларда ҳосил кўп. Пахта теримида фермер хўжаликларининг ўз ишчилари, қолаверса, маҳаллаларда яшовчи уюшмаган аҳоли вакиллари фаол қатнашмоқда.

– “Ворух” фермер хўжалиги жорий йилда 50,5 гектар ерда “Наманган-77” навли ғўза парваришлаганди, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Бегматов. – Агротехник тадбирлар сифатли ўтказилгани боис, мўл ҳосил тўпланди.
– Омаднинг калити меҳнатдир, – дейди фермер Абдунозир Кенжаев. – Жорий йилда барча жабҳаларда омадимиз келди. Ғалладан юқори ҳосил тўпладик. Шартнома режасини 135 фоизга уддаладик. Ғалладан бўшаган майдонларда сабзи, мош, шолғом, турп ва эҳтиёжга яраша чорва моллари учун озуқабоп экинлар парваришланди. Бундан ташқари, хўжалигимизда 30 уя асалари, 3 бош соғин сигир, ўнлаб бош қўй, 100 дан зиёд товуқ ва ўрдаклар қўшимча даромадга замин яратмоқда. Пахтачиликда ҳам биринчи теримдаёқ режа 80 фоиздан ошди. Мўлжал гектаридан 39 центнердан пахта йиғиб олиб, қабул пунктларига 140 тоннадан ортиқ хомашё сотишдир. Бу даромадимиз ошиши, янги тармоқларни йўлга қўйишимизга асос бўлади.
Абдунозир Кенжаев “Абдулатиф” хусусий корхонасини ҳам ташкил этган. Ушбу корхонада мевани қуритиш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, ўрик, олхўри, олма, қовун, помидор шарбатлари, жемлари ва турли колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Яқинда бу ерда қўшимча электр энергияси билан таъминлайдиган 30 минг АҚШ доллорилик двигатель ва янги мосламалар ўрнатилди. Қолган пардоз­лаш ишлари ҳам тугалланиш арафасида Бу ишлар битгач, корхона тўла қувватда ишлай бошлайди.
– Тадбиркорликни бошлашимизда кредит маблағлари жуда асқотди, – дейди Абдунозир ака. – Ўтган йили банкдан 427 миллион сўм, жорий йилда 300 миллион сўм кредит маблағлари олиб, қурилиш ишлари ва технологиялар харид қилишга йўналтирдик. Бу юмушларга ўз  маблағимиздан ҳам 500 миллион сўм сарфладик. Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 350 тонна қуруқ мева тайёрлаш имкони туғилади. Шунда экспортни ҳам йўлга қўямиз.
Келгусида бу ерда шампунь, тиш пастаси ва бошқа пардоз маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, қуён ва парранда гўштидан дудланган ва қайнатилган колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш синови ҳам мутахассислар кўригидан муваффақиятли ўтди.
Бу, шубҳасиз, омаднинг калитини меҳнатда деб билган тадбиркорнинг изланишлари самарасидир.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.