“Еттидан етмишгача” ибораси таҳрирга муҳтожми?..

Гап орасида “еттидан етмиш ёшгача” деган ибора тез-тез қулоғимизга чалинади. Одатда, бу ибора орқали жамоа ёки аҳолининг қамраб олиниш кўлами нақадар кенглиги назарда тутилади. Хусусан, бирор кўрсатув ёхуд радиоэшиттиришнинг қизиқарлилиги, барча учун бирдек маънавий озуқа бера олишига ёки бирор нарса-буюмнинг ҳамма учун зарурлигига ишора қилинади. Мазкур иборанинг қачон тил бойлигимизга қўшилгани номаълум, бироқ бугунги кунда уни бироз “таҳрир” қилишга зарурат бордек назаримизда.

…Музейлардан бирида ХХ аср бошларида туширилган фотосурат эътиборимни тортди. Унда бир оила, яъни ота-­она ва тўрт нафар фарзанднинг тушлик қилаётган ҳолати муҳрланган. Сурат остига шундай изоҳ ёзилибди: “Мирҳайдар ота (42 ёш) ва Зайнаб буви (39 ёш) оиласи”. Фотосуратдаги эркак соқол қўйган, елкалари бироз букчайган, аёлнинг юзларида эса чуқур ажинлар…
Ўйланиб қолдим, ҳозир 42 ёшли эркакка отахон, 39 ёшли аёлга бувижон деб мурожаат қилишса, қандай аҳволга тушаркин?
Ёши улуғларнинг бу ҳақдаги фикрлари билан қизиқаман. Улар ҳам бир ҳақиқатни тан олишади: илгари одамлар тезроқ кексайган ёки кексаликни бўйнига олган. Бугунги кунда 50-60 ёшли инсонлар ҳам ўзларини навқирон ҳисоб­лаб, турли соҳаларда, жамоат ишларида кучларини синаб кўришдан чўчимаяптилар. Бу ижобий ҳолат, албатта.
Болаликни хотирлайман… Маҳалла болалари билан гуруҳ-гуруҳ бўлиб мусобақа ўйинлар ўйнаганимизда соқоли кўксига тушган отахонлар девор остига ўрнатилган қўлбола ўриндиқларга ўтирганча томоша қилишар, шу аснода ҳассалари билан ишора қилиб, “Ҳа балли!” “Фалончи, негадир бугун шаштинг паст” ёки “Писмадончи, бугун яхши ўйнаяпсан” деб “ҳакамлик” қилишарди, бизга далда беришарди. Қишлоқда бирон тўй ёки маърака бўлса, оппоқ соқолли нуронийлар, амиркон маҳси-ковуш кийган бувижонлар меҳмонхоналарни тўлдириб ўтиришарди. Ҳозирги кунда уларнинг сони камайганми ёки навқиронлик замондошларимизни кечроқ тарк этмоқдами?  Бизнингча, иккинчи фикр ҳақиқатга яқинроқ. Бугун 70 га кирган отахоннинг ҳам савлати тик, соқол-мўйлови қирилган, қадамидан ўт чақнайди. Аёлларни-ку, айтмасак ҳам бўлади, гўзаллик сирларидан унумли фойдаланаётганликлари, қоматларига беэътибор эмаслик­лари туфайли асл ёшидан ҳеч иккиланмай 10-15 ни айириб ташлайверасиз.
Турмуш фаровонлиги юксалгани сайин инсонларнинг ўзига ва саломатлигига эътибори ортиб боради. Мамлакатимиз ўртача умр кўриш давомийлиги бўйича Марказий Осиёда етакчилик қилмоқда. Ўртача умр давомийлиги эркакларда қарийб 72, аёлларда эса 78 ёшни ташкил этмоқда. Бу, албатта, юртимизда аҳолининг турмуш даражаси  ва тиббий маданияти юксалгани, узоқ умр кўриш учун етарли шарт-шароитлар яратилгани, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар самара бераётганидан далолатдир.
Айни пайтда юртимизда 1700 дан зиёд аср билан юзлашганлар истиқомат қилаётгани, улар доимо ҳурмат-эътиборда, эъзозда экани инсоннинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Демак, халқимизнинг “Етмиш, етмишдан кейин кетмиш” мақоли бугунги етмиш ёшлилар ва ундан ошганлар учун эмас. Кексаларнинг бой ҳаётий тажрибаси, ғайрат-шижоати, дуою насиҳатлари жамиятимиз равнақи учун хизмат қилаверсин.

Шаҳноза ЭРГАШЕВА