“Тановар”ни эслаб…

Дугонамнинг тўйига бордим. Чиройли қилиб безатилган тўйхонага “Ёр-ёр” садолари остида,  бир гуруҳ  раққосалар ҳамроҳлигида келин-куёв ташриф буюрди. Раққосалар келин-куёвни тахтиравонигача элтиб, карнай-сурнай, ноғораю доира  садоларига хиром айлашди.

Шундан сўнг тўй янада қизиди. Ҳар бир қўшиққа раққосалар чиройли рақс тушиб, турли хил саҳнабоп либосларда чиқишлар қилишди. Табиийки, бу одамларнинг диққат-эътиборини тортди. Тўй давомида ўйин-кулгу жуда ҳам авж олди. Ёшлар ҳам раққосалардан кам жойи­миз йўқ, дегандек, улар билан тенгма-тенг рақс тушдилар. Уларга тўй мезбонлари ҳам эргашди. Саҳнада одам бир-бирига урилгудек тирбанд­лик юзага келди. Раққосалар ижросини, хилма-хил либосларини бир чеккада кузата туриб, хаёлга берилдим…
Кўпчиликка маълуму машҳур бўлган “Тановар”нинг ёқимли садоларига рақс тушаётган халқимизнинг суюкли санъаткори Мукаррама Турғунбоева тасаввуримда гавдаланди. Ўша давр оҳанг ва ҳаракатларининг ўзгача жозибаси ҳар бир инсонни доимо ўзига ром этади, десам асло муболаға бўлмайди назаримда. Унда ўзбек аёли­нинг ибо-ҳаёси, латофати, жўшқинлиги ва шиддати мужассамлангандек гўё. Шу боисдан М.Турғунбоева ижро этган “Занг”, “Роҳат”, “Катта ўйин”, “Муножот”, “Пилла”, “Андижон полькаси”, “Хумор”, “Жонон”, “Фарғона рубоийси”, “Кўзларингни яширма”, “Зор этдинг” каби рақслар ўзбек санъатининг олтин хазинасидан ўрин олган.
Унинг саҳнадаги гўзал ва жозибадор ижро ҳаракатлари бамисоли мусиқанинг ажралмас бир бўлагига айланиб, жаҳон узра ўзбек санъати қуд­ратини намоён этди…
Фикрларимни ўқиётгандек, ёнимдаги аёл менга сўз қотди. “Қаранг, қизим, бирам чиройли тўй бўляпти. Қизларнинг мусиқа навосига  худди оққушлардек хиром айлашини кўриб, завқланмай иложинг йўқ. Лекин бугунги кунда  раққосалар “замонавий” бўлиб кетган. Уларнинг пардоз-андози, кийим-кечаги, ҳатто, тақинчоқлари ҳам жуда башанг. Ёшлигимда рақс санъатига жуда қизиқардим. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатар эдим. Бурунги раққосаларимиз ўзига зўр бериб ороланган эмас. Эгниларида одми, лекин ўзига жуда ярашган миллий матолардан тикилган либос, бошларида дўппи ёки дуррача, сочлари қирқкокил қилиб ўрилган, пардозлари ҳам билинар-билинмас эди. Тақинчоқлари эса зебигардон, тумор, маржон ёки қалампир нусхага ўхшаш бўлар эди” деб пиёладаги чойдан бир ҳўплаб, сўзида давом этди: “Мактабни битириб, онамга раққоса бўлиш ниятим борлигини айтганимда, қарши бўлдилар. Ота-онамнинг  ризолиги учун  орзуимдан воз кечиб, тиббиёт соҳасида таҳсил олдим. Доимо тиббиёт мутахассиси сифатида рақснинг инсон саломатлиги учун фойдаси катта эканлигини кўп гапираман. Хусусан, рақс қон айланиш фаолиятини яхшилайди, ортиқча вазндан халос этиб, қоматни тик тутишга ёрдам беради. Бунинг натижасида  умуртқа поғонасидаги айрим муаммолар бартараф бўлади. Шунинг­дек, яхши кайфият ва гўзал табассум эгасига айланасиз. Шу боис, набираларимни ҳам рақс билан шуғулланишлари учун керакли шароитларни яратиб бердим. Келажакда улар ҳам Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Қундузхон Миркаримова, Розия Каримова, Қизлархон Дўстмуҳаммедова, Малика Аҳмедова, Дилафруз Жабборова каби санъат усталаридек бўлишса ажабмас”.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 1947 йилда Тошкент хореография билим юрти ташкил этилиб, унда хореография санъатининг мумтоз ва миллий рақс турлари бўйича мутахассислар тайёрланган. Мазкур билим юртида Уста Олим Комилов ва Тамарахоним бошчилигида ўзбек рақс санъати ривож топган. 1997 йилда Биринчи Президентимизнинг фармони ҳамда Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Тошкент давлат маданият институтининг хореография бўлими ва Ўзбек хореография билим юрти негизида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу масканда хорео­графия соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Ўзбек рақслари учта – Бухоро, Фарғона ва Хоразм мактабларига бўлинади. Улар ўзига хос маъно ва мазмунга эга. Ҳар бир рақс ижроси борки, асосан, мусиқа, куй-қўшиқ оҳанглари билан чамбарчас боғлиқдир. Унинг оҳанги хоҳ шўх, хоҳ мунгли бўлсин  раққос(а) туйғуларни, сўз мазмунини турли хил  хатти-ҳаракатлар,  юз имо-ишоралари, ритм, темп, композиция билан ифодалайди. Ўзбек рақслари мазмунини ифодалашда ижрочилар тепки, қарсак, зангдан ҳам фойдаланади. Айрим рақслар эса рўмол, пиёла, қадаҳ каби буюмлар билан ижро этилади, баъзан ижрочи халқ чалғу асбоблари (қайроқ, доира, ноғора в.ҳ)да ўзига ўзи жўр бўлади. Хореографиянинг саҳна либослари ҳар бир ҳудудга хос бўлмоғи, қолаверса, мусиқа оҳанги ва мазмун-моҳиятига ҳам  мос келмоғи лозим.
Зангори экран қаршисида ёқимли мусиқа тинглар эканмиз,  баъзида шу оҳанг­нинг мазмунини тўлдираётган раққос(а) ҳаракатларидан завқланиб, ўзимиз ҳам рақсга тушиб кетамиз,  уларнинг машаққатли меҳнатига қо­йил қоламиз. Лекин тўйдаги раққосалар-чи?..
Аслида, бизни мулоҳазага чорлаган савол шу. Тўйларда раққос(а)ларнинг иштирокидан мақсад нима? Ўзбек санъатини тўйга келганларга намоён этишми ёки… Шундай экан, хулоса ўзимиздан…

Дилором КОМИЛЖОНОВА