Бу даргоҳдан ҳамма рози…

Шовот туманида айрим фанлар чуқур ўргатиладиган 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати бор. Даставвал ушбу билим даргоҳида 1985 йилларда  математика ва физика фанлари чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар ташкил этилган эди.

Унинг ташкилотчиларидан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Халқ таълими аълочиси” марҳум Рўзимбой Аллаберганов бўлган. У ташкил қилган синфлардан кучли математик ва физиклар етишиб чиққан.
Ҳозирда мактаб-интернатда 390 нафар иқтидорли ўқувчи таълим олади. Билим масканида 61 нафар малакали педагог томонидан математика, физика, кимё, биология ҳамда инглиз, рус, она тили фанлари чуқур ўргатилмоқда. Педагогик жамоанинг 50 фоиздан ошиғи  олий тои­фали ўқитувчилардир. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, кимё фани ўқитувчиси Мунаввара Асқарова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, математика фани ўқитувчиси Аҳмаджон Собиров каби устоз педагогларнинг мактаб-интернати ривожидаги хизматлари беқиёс. Педагог ходимларнинг 6 нафари эса “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби. Бундан ташқари, билим масканида Иброҳим Аҳмедов, Юлдуз Шержонова,  Замира Аллаберганова, Зокиржон Рўзметов, Зокиржон Муҳаммадиев каби ўз касбининг билимдонлари ўқувчиларга пухта таълим бериб келишмоқда. Шу боис, уларнинг ўқувчилари билимлар беллашуви  ва фан олимпиадаларининг вилоят ва респуб­лика босқичларида юқори ўринларга сазовор бўлишмоқда. Чунончи иқтисод фанидан 8-синф ўқувчилари Бекзод Бекметов, рус тили фанидан Жалолиддин Нуриддиновлар билимлар беллашувининг республика босқичида фахрли ўринларни эгаллашди. Ёш  математиклар – 7-синф ўқувчиси Беҳруз Қурамбоев ва 6-синф ўқувчиси  Миржалол Олимбоевлар Урганч шаҳрида ўтказилган Ал-Хоразмий таваллудининг 1234  йиллигига  бағишланган  турнирда тенгсиз деб топилди.
Мактаб-интернатда ўқувчиларнинг билим олиш­лари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Электрон доска, саккизта синф хонасига катта экранли плазма телевизорлар ўрнатилган.
Ҳозирда ушбу даргоҳ кимё-биология, физика ва информатика фанлари бўйича  вилоят миқёсидаги маҳорат мактаби қилиб белгиланган.
– Мактаб-интернатимиздаги маҳорат мактаблари ишини яхшилаш учун туман ва вилоят халқ таълими, қолаверса, вилоят педагог ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз, – дейди мактаб-интернат директори Музаффар Дўстчонов. – Президентимиз эътибори ва эътирофига сазовор бўлган Ўзбекистон Миллий университети талабаси Ҳакимбой Эгамбердиев ҳам дастлабки сабоқни 2009-2011 йилларда шу ерда олган. Унга маҳоратли педагог Аҳмаджон Собиров математика фани сирларини ўргатган.
Ҳакимбой Эгамбердиев 2014  йил  январь  ойида  Қозоғистоннинг  Олма-ота  шаҳрида математика  фанидан  ўтказилган  Халқаро олимпиадада, 2014  йилнинг  март  ойида  академик  лицей  ва  коллеж  ўқувчилари  ўртасида  пойтахтимизда  ташкил этилган Ломоносов  номидаги  МДУ  турнирида, 2015 йилда  Болгариянинг София шаҳрида  талабалар  ўртасида бўлиб ўтган беллашувда,  2016  йилда  эса Кипр  давлатида  Европа  ва  Яқин  Шарқ  давлатлари талабалари  ўртасида бўлиб ўтган математика  фани бўйича  “SEEMOUS” ўнинчи  халқаро  олимпиадасида  олтин  медаллар  соҳиби  бўлган.
Бу ерда спорт соҳасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Ўқувчиларнинг жисмоний тарбия  ва спорт билан шуғулланиш­лари учун барча шароитлар яратилган. Спорт зал ва майдончалари болалар ихтиёрида. Улар бадминтон, футбол каби спорт турлари бўйича вилоят терма жамоаси сафида иштирок этиб келишмоқда.
Яна бир муҳим маълумот, мактаб-интернат ташкил этилганидан буён 500 нафарга яқин ўқувчи имтиёзли шаҳодатнома билан ўқишни тамомлашга муваф­фақ бўлган. Демак, “Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо кетган эмас”…

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.