Томорқачиларга кўмакдош

Наманган вилояти

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Кенгаши томонидан “ЎзЛиДеП бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

– Вилоят Кенгашимиз таркибидаги 930 та бошланғич партия ташкилоти ўз ҳудудларидаги 4334 та хонадонни оталиққа олган, – дейди ЎзЛиДеП вилоят Кенгашининг ташкилий ва партиявий ишлар бўлими мудири Абдул­аҳад Алимбоев. – Шу кунгача 1065 та хонадонга амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада томорқасида иссиқхона қурган, ердан йилига уч-тўрт мартадан ҳосил олаётган хонадонлар сони тўрт бараварга ўсди. Айниқса, Наманган, Мингбулоқ, Поп туманларида амалга оширилаётган ишлар бошланғич партия ташкилотлари билан аҳоли ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Бошланғич партия ташкилоти томонидан фуқаро Авазбек Шариповга “Миллий банк”нинг вилоят филиали томонидан 29 миллион сўмлик имтиёзли кредит олинишида амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада хонадон соҳиби иссиқхона қуриш имконига эга бўлди. Шунинг­дек, боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачилик борасида иш бошлади. Хонадон эгалари 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида  иссиқхонага экилган помидор, кўкат ва етиштирилган кўчатлардан 20 миллион сўм даромад олишди. Иссиқхонага иккинчи экин сифатида экилган бодринг кўчатлари баравж ривожланмоқда. Бўрдоқига боқилаётган 9 бош новвоснинг 5 боши арзон баҳода аҳолига сотилди. Товуқлар ҳам яхшигина даромад келтирмоқда.
Шунингдек, партия бош­ланғич ташкилоти томонидан юқоридаги бошқа хонадон соҳибларига ҳам банклардан имтиёзли кредит олишга ёрдам кўрсатилди.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.