Хомашё эмас, тайёр маҳсулот экспорти йўлга қўйилмоқда

Миллий матбуот марказида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташаббуси билан мамлакатимизда ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳадаги ютуқлар, янгиликлар ва муаммоларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, инсоннинг кийимга эҳтиёжи озиқ-овқатга бўлган талабидан кам эмас. Инсоният бор экан, кийим-кечак муаммоси ҳам мавжуд. Тўғри, дунё ривожлангани сари бу талаблар ҳам ўзгариб бораверади. Аммо кийимнинг асосий манбаси бўлган табиий жун, пахта ва ипакка бўлган эҳтиёж ўзгармасдан қолаверади. Бугун гарчи турли сунъий толалар кашф этилган бўлса-да, уларни инсон ҳаётидан сиқиб чиқара олмади. Аксинча, табиий маҳсулотларнинг нархи ҳам, мавқеи ҳам ошди. Она табиатнинг сахийлигини қарангки, кийим-кечак учун асосий манба ҳисобланган жун, пахта ва ипак етиштириш учун юртимиз иқлим шароити жуда қулай. Асосийси, бу хомашёлар азалдан заминимизда етиштириб келинади.
Аммо ипакчилик соҳасида етиштирилган хомашёни қайта ишлаб, сара маҳсулот сифатида тақдим этиш борасида кўплаб муаммолар йиғилиб қолгани сир эмас. Кейинги бир неча ўн йилликларда соҳада олға силжиш мутлақо кўзга ташланмади. Натижада уруғчиликка ихтисослашган корхоналар пилла хомашёсини қабул қиладиган бўлимларидаги технологиялар бутунлай эскирди ва, энг ёмони, пиллачилар билан ҳисоб-китобларда хўжасизликка йўл қўйилди. Бу эса соҳанинг муаммолар гирдобида қолиб кетишига сабаб бўлди.
Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилгани билан аҳамиятга молик бўлди. Таъкидлаш керакки, қарор қабул қилинганидан сўнг ўтган қисқа фурсатда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.
– Аввало, қарорда соҳа мутасаддилари олдида турган долзарб вазифалар аниқ белгиланди, – дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Очилов. – Бу эса ўз самарасини берди. Айниқса, пиллачиларга катта имтиёзлар яратилди. Жумладан, бир мавсумда ишлаган пиллачилик тармоғи ишчилари ва пилла боқувчилар бир йиллик меҳнат стажига эга бўлиши қонунан белгиланди. Тизимдаги корхона ва ташкилотларга эса 2023 йилгача солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар жорий қилинди.
Ана шу имтиёзлар пилла етиштириш ва ипак ишлаб чиқариш билан чекланиб қолган корхоналар фаолиятида туб бурилиш ясади. Асосан хомашё сифатида сотилган ипакдан сара матолар тайёрлашга киришилди. Бугунги кунда Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида занжирсимон тизимли амалиёт яъни “кластер” лойиҳаси татбиқ этилди. Бу жараёнда ипак қурти уруғи тайёрлашдан, мато ва либос тайёрлашгача бўлган ишлар корхонанинг ўзида амалга оширилади. Соҳада босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар самарасида 2020 йилга бориб ипак қурти уруғининг 50 фоизидан ортиқроғи ўзимизда етиштирилиши режалаштирилган. 2023 йилга бориб эса ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноатбоп уруғларини хорижга сотиш ҳам назарда тутилмоқда.
Бунинг учун тизимдаги мавжуд корхоналарни тубдан модернизация қилиш, хориж инвестицияларини жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Рақамларда айтадиган бўлсак, шу йиллар мобайнида тизимдаги корхоналарда 60 га яқин модернизациялашга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилади. Бу борада Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Эрон каби давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Соҳадаги энг долзарб вазифа – сифатли ва тўйимли озуқа базасини шакллантиришда ҳам салмоқли ишлар қилинаётир. Бу борада уюшма вакиллари Хитой тажрибасини ўрганиб қайтишди. Янги тутзорлар яратиш, мавжудларини агротехник талаблар асосида парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Хитой технологияси асосида “ўрма” тутзорлар барпо этишга киришилди. Бундай тутзорларнинг афзалликларидан бири шундаки, дарахтларнинг баландлиги бир метрдан ошмайди. Лозим пайти уни ўриб, пилла қурти учун озуқа сифатида фойдаланилади. Эътиборлиси, ўрилган тутзорлар 60 кун муддатда яна асл ҳолатига келади. Бу эса юртимиз шароитида пилладан икки, ҳатто, уч марта ҳосил олиш имконини беради.
Жорий йилда мамлакатимизда илк марта пилладан катта миқдорда икки бора ҳосил олинди. Яъни август-сентябрь ойларида 10,5 минг қути ипак қурти боқилиб, сифатли ҳосил олинишига эришилди. Бу мавсумий юмушда 26 мингта хонадон соҳиблари иштирок этди. Натижада жорий йилда 2016 йилга нисбатан 30 фоиз кўп “кумуш тола” етиштирилди.
Бундан ташқари, ипак матодан либослар тайёрлаш борасида ҳам изланишлар олиб бориляпти. Бунинг учун Буюк Британия, Италия давлатларидан замонавий дастгоҳлар харид қилишнинг биринчи босқичи бошланди. Бу саъй-ҳаракатлар хом ипак сотишдан сара матога, қолаверса, ипакдан жаҳон стандартларига мос либослар тайёрлашга ўтиш фурсати етганидан далолат беради.

Акбар ҚАРШИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.