Хонадонда “зангори олтин”

3_far

Фарғона вилояти

Бағдод туманида яшовчи Дилфузахон Қодирова хонадонида писта етиштирмоқда. Кўп йиллик тажриба асосида у пистани даромад омилига айлантиришга муваффақ бўлди.

Хитойда “Омадли ёнғоқ”, Афғонистон ва Эронда мўл-кўлчилик, саломатлик рамзи, деб қараладиган хандон писта минг йилгача яшаши билан бошқа ўсимликлардан ажралиб туради. Хонадон бекасининг таъкидлашича, пистанинг ўзига хослиги унинг фойдали жиҳатлари кўплигида. Ўзбекистон шароитида етиштирилаётган хандон писта таркибида 24 хил фойдали элемент мавжуд экан.
– Заминимизда етиштирилган хандон пистанинг нафақат йириклиги, балки мазасида ҳам фарқ сезилади, – дейди Дилфуза опа. – “Зангори олтин” деб таъриф берилган бу неъматни қўлга олсангиз, кўчатига яқинлашсангиз, хуш кайфият бағишлайди. Қолаверса, унинг даромадидан иморат солдик, тўйлар қилдик. Келгусида ерларимизни янада кенгайтириб, кўчатларни кўпайтирмоқчимиз. Шу мақсадда туман ҳокимлигига ҳам мурожаат этдик. Қўшимча ер майдони ажратиб берилса, 5 та янги иш ўрни, йилига 7 мингдан зиёд писта кўчатларини харидорларга тақдим этишни режалаштирганмиз.
Дилфуза опа ҳовлисидаги 8 сотих томорқасидан унумли фойдаланади. Айни вақтда унда олма, шафтоли, ёнғоқ сингари дарахтларнинг парвариш қилинаётгани ва кўчатлар кўпайтириб борилаётгани оила даромадининг асосий манбаси бўлмоқда. Ердан янада унумли фойдаланиш мақсадида писта кўчати қатор ораларига сабзавотлар, нўхат, ловия ва бошқа дуккаклиларнинг экилгани хонадон бекасининг уддабуронлигидан далолатдир. Опанинг умр йўлдоши Носиржон ака, қизи Маликахоннинг бу юмушларда ҳиссаси катта.
Пистачилик ортидан эзгу мақсадларни кўзлаган тадбиркор юртдошимиз тез орада томорқа орқали янада катта муваффақиятларни қўлга киритишига ишончимиз комил.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ