Ишбилармонлар учун имкониятлар эшиги янада кенг очилмоқда

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизациялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу муҳим ҳужжатнинг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган учинчи йўналишида ҳам ўтган қисқа даврда кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва бу жараён давом эттирилмоқда.
Муҳими, яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида хусусий мулк­нинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, барча турдаги тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш, истиқболли инвестицион лойиҳаларни кредитлашни янада кенгайтиришга алоҳида урғу берилаётир. Яъни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига давлат, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ноқонуний аралашувининг қатъий олдини олишга муваффақ бўлинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, солиқ тизими ислоҳ қилинди, ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари берилиши назарда тутилди.
Ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 13 минг 339 та лойиҳа амалга оширилди, 2,1 триллион сўм кредит ўзлаштирилди, 10 та эркин иқтисодий зона, 5 та кичик саноат зонаси ташкил этилди, “Peugeot” ва “Citroеn” бренди билан енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича завод барпо этилмоқда. Бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларининг саноат ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашда, кўплаб маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши ҳамда янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 июндаги “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори деҳқон ўз даласида етиштирган маҳсулотини ички ва ташқи бозорларда эмин-эркин сотиши учун ҳуқуқий асос яратди. Қарор билан 2017 йил 1 июлдан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига ҳўл мева-саб­завот, узум ва полиз маҳсулотлари тўловини олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.
Ислоҳотлар давомида “Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади” тамойилида собит турилмоқда. Ердан янада унумли фойдаланишда янги имкониятлар яратиш мақсадида мамлакатимиздаги тижорат банклари томонидан аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш механизми жорий этилди. Валюта сиёсатида эркинликлар берилмоқда.
Юртимизда тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда. Изланган, элу юртга нафим тегсин деган ишбилармоннинг йўли очиқ. Ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга мамлакат иқтисодиётини барқарор тараққий эттириш, юрт тараққиёти ва эл фаровонлигини янада юксалтиришнинг чинакам омили сифатида қаралмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самараси келгусида тобора яққолроқ намоён бўлаверади.

Гулнора ҚОРАБОЕВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Саноат иқтисодиёти” кафедраси катта ўқитувчиси.