Ҳаёт ҳикматларини ўрганиб, унинг мағзини элга ўргатиб яшамоқда

Наманган вилояти

Халқимизда “Умрингдан барака топгин” деган ҳикматли ва эзгу тилак бор. Узоқ ва сермазмун умр кечираётган, ёши саксон-тўқсонга етганда ҳам жамиятда ўз сўзи, ўз ўрнини йўқотмаган, кексайиб азизу мукаррамликка эришганлар тимсолида шу улуғ дуонинг ижобатини кўрамиз.

Каримахон буви Ҳайитова ўтган асрнинг 30-йиллари бошида Норинкапа қишлоғида  новвой оиласида туғилган. Ота-онасининг ёлғиз нуридийдаси бўлган қиз ўсмирликка қадам қўяр-қўймас турмушга узатилди. Эри Қоражон ака урушдан етти йил деганда қайтиб келди. У ўқимиш­ли, ўз даврининг илғор кишиларидан эди.  Мактабда бошланғич ҳарбий таълим ва жисмоний тарбиядан дарс берарди. Ўша йилларда Раҳимахон, Равшанжон, Шоиралар бирин-кетин дунёга келди.
Эрининг таъсириданми, мактабда кутубхоначи бўлиб ишлаётган Каримахон ҳеч ўзидан қониқмас, синфга журнал кўтариб кириб кетаётган ўқитувчилар орқасидан ҳавас билан қараб қоларди.
Йўқ, ахийри бўлмади. Наманган педагогика институтининг бошланғич таълим методикаси факультетига сиртдан ўқишга кирди. Норинкападан Наманганга қатнаш осон эмасди. Машиналар йўқ ҳисоби. Сессия пайтларида азонда эр-хотин уч болани кўтариб, қўлларида беланчак, китоб-дафтар, егулик ва ўйинчоқлари билан учраган уловга ўтириб, шаҳарга отланишарди. Талаба-она аудиториядан чиққунча институт ҳовлисидаги толга боғланган беланчакдаги бола бир-икки бор ухлашга ҳам улгурарди. Шу алфозда беш йил ҳам ўтиб кетди. Пайти келиб, олий маълумотли ўқитувчи дипломини олди. Кейинчалик болалари саккиз нафарга етди. Уй-рўзғор ташвишлари ортган бўлса-да, барига вақт топди. Мактабдаги, уйдаги ва даладаги ишларни, фарзандлар тарбиясини бекаму-кўст уддалади.
– Илгарилари қиш жуда қаттиқ келарди, – дейди Каримахон буви. – Томдан кураган қоримиз уй баробар бўлиб кетарди. Синфхоналар совуқ, ўтин-кўмир етишмасди. Ўқувчиларимиз касал бўлиб, дарсдан қолиб кетмасин, деб уйдан ўтин ташиб синф хонани иситардик. Бугунги мактаб­ларга, ўқиш-ўқитиш ишларига, замонавий шароит­ларга ҳавасим келади. Қанийди, вақт 20-30 йил орқага қайтса-ю,  яна мириқиб дарс берсам.
Йигирма-ўттиз йилга ёшариб, яна мактаб қучоғига ўзини ургиси келаётган муаллима бугун саксон бешдан ўтди. 1984 йилда пенсияга чиқса-да, яна ўн икки йил касбидан кўнгил узолмади. 1996 йилдан буён эса ростмана фахрийга айланди.
Раҳматли эри Қоражон ака билан ҳаётда қандай мушкулликларга рўбарў келса, бир-бирларига тиргак, елкадош бўлиб яшадилар. Қийинчиликлар билан фарзанд боқиб, ўстириб, ўқитиб, роҳатига етдилар. Қоражон ака 2006 йилда етмиш саккиз ёшида оламдан ўтди. Мана бугун эса Каримахон бувининг саккиз фарзанди саксонта, саккиз юзта бўлиб атрофида парвона. Нега дейсизми? Бу хонадонга ўғил-қизларининг дўсти сифатида қадам ранжида қилган инсон борки, онахоннинг одамийлигига, шинаванда суҳбатдошлигига ошиқ бўлиб, унга тутинган ўғилга, тутинган қизга айланишади. Онахонни бот-бот йўқлаб туришга одатланишади.
Айтаверсак, Каримахон бувининг ёшлар ибрат олса арзийдиган фазилатлари кўп. Аксарият кишилар кексайганда боладек инжиқ бўлиб қолади. Бу онахонда эса инжиқлик ўрнига мураббийларга хос талабчанлик ҳамиша қоим. Шу мўътабар ёшда ҳам игнага кўзойнаксиз ип ўтказиши ёки газета, китоб мутолаа қилиши, ёшлар билан баҳслашиши – ҳайратингизни оширади. Бугунги дориламон кунлардан шукроналик эса онахоннинг ҳар бир дуосида такрорланади…

Рислиқхон  МАЖНУНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.