Хусусий тиббиёт ривожланмоқда

Навоий вилояти

Кармана туманидаги “Giyoh” хусусий тиббиёт маркази ташкил топганига кўп вақт бўлгани йўқ. Асли касби доришунос-фармацевт бўлган тадбиркор Фароғат Ҳакимова давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан руҳланиб, хайрли ишга қўл урди.

У дастлаб тиббиёт марказлари фаолияти билан яқиндан танишди, изланди. Банкдан олинган имтиёзли кредит эвазига фойдаланилмай турган бинони сотиб олиб, тўлиқ реконструкция қилди.  Марказга зарур тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар олиб келинди.
Ҳозирда бу ерда парафин, элайзер, электрофарез, физио­терапия, ультратовуш текшируви, электрокар-диография каби 10 турдан ортиқ тиббий ва 50 дан зиёд лаборатория-­таҳлил хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Келгусида тиб­биёт марказида жарроҳлик амалиётларини ўтказиш ва кундузги стационар учун қўшимча биноларни қуриш мақсад қилинди.
– Қарорга асосан, 2017-2018 йилларда вилоятимизда жами 26 та лойиҳа ишлаб чиқилди, – дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бош мутахассиси Ёдгор Абдуалимов. – Ушбу лойиҳаларнинг 10 таси янги бўлиб, қолганлари хусусий клиникалар фаолиятини кенгайтиришга қаратилган. Шунингдек, қарорда клиникаларни тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва малакали мутахассислар билан бойитиш масаласи ҳам эътиборга олинган.
Қарорда белгиланганидек, стоматология ва косметология хизматларидан ташқари аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача бир қатор тўловлардан, хусусан, барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилган. Бу орқали иқтисод қилинган маблағлар замонавий тиббий ускуналар  олиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳ­тиёт қисмлар, материаллар ва бошқа буюмлар харид қилиш, янги бинолар қуриш, мавжудларини таъмирлаш, шунинг­дек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилади. Вилоятдаги хусусий клиникалар эса бу борада ўзларига аниқ режаларни тузиб олган.
Ҳозирда вилоятда тузилган махсус ишчи гуруҳи томонидан тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларга қарорнинг мазмун-моҳияти тушунтириб бориляпти. Мазкур фаолият тури билан шуғулланиш истагини билдираётган тадбиркорлик субъектларига молиявий-ҳуқуқий кўмак кўрсатилмоқда. Шунингдек, мақбуллаштириш натижасида бўшаган қишлоқ врачлик пунктлари биноларида янги хусусий тиббиёт муассасаларини ташкил этиш ёки мавжудларининг филиалларини очиш бўйича амалий тизим йўлга қўйилган. Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари хусусий тиббиёт муассасаларига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш мақсадида бириктирилгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.