Пахтазор техникага маҳтал

Сирдарё вилояти
Аммо баъзи терим машиналари устахонада қантарилган
Куз ҳавоси. Об-ҳавонинг инжиқлиги тутиб турибди. Ёғингарчиликлар кузатилмоқда. Бу деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни тезроқ йиғиштириб олишни тақозо этаётир. Пахта ҳосилидан даромад олиш учун йил-ўн икки ой меҳнат қилинади. Ҳосил етилгач, уни териб олиш шунча қилинган меҳнатнинг натижасини беради. Демак, йил-ўн икки ой меҳнат қилиб, ҳосилни териб олмасангиз, даромад қайда?
Сирдарё вилоятида ҳам бу йил пахта ҳосили мўл бўлди. Пахтакорлар ҳосилни тез фурсатда йиғиштириб олиш учун барча ҳаракатларни ишга солишмоқда. Бу жараёнда, айниқса, ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий терим машиналарининг ўрни катта бўлмоқда. Вилоятда бунинг учун барча ша­роит яратилган, кўп йиллик таж­риба бор. Қолаверса, пахта машинада йиғиштириб олишга мослаб парваришланган. Чунки, азалдан бу ҳудудда техникасиз иш бажариш қийин. Умуман олганда, терим мавсумида техника кучидан фойдаланиш бу вилоятда асосий омил ҳисобланади.
Мавсум масъулиятини тўғри тушунган туманларда терим машиналари кучидан оқилона фойдаланилаётир. Ҳар бир терим машинаси кунига ўртача 5-6 тонна пахта термоқда. Аммо… Гулистон туманида негадир терим машиналарини далага жалб этишда масъ­улиятсизликка йўл қўйилаётир.
Гулистон туманида бу йил 10 минг 100 гектар майдондаги пахтазорлардан 25 минг 800 тонна хом­ашё йиғиштириб олиш мақсад қилинган. Шунга яраша ҳосил етилди. Катта хирмонни барпо этиш, шартнома режаларини бажариш учун айни кунларда далаларда асосан терим агрегатлари кучидан тўла қувватда фойдаланиш талаб этилади. Афсуски, ҳосил тақдири ва сифати ҳал бўлаётган шундай долзарб дамларда турли баҳона ва важ-карсонлар билан терим агрегатлари пахтазорга ёппасига олиб чиқилмаётир. Масалан, шу йилнинг 28 сентябрь куни мавжуд 53 та терим машинасининг 31 тасигина далада пахта терди. 17 та терим машинаси эса “Гулистон автотехсервис” МЧЖ ҳовлисида жуъзий камчиликлари борлиги, шпинделлари тўғри созланмаганлиги (реглировка қилинмаганлиги) ва бошқа сабаблар туфайли қантариғлик турди.
Механизаторлар сервис хизмати ҳовлисида у ёки бу қисмларни созлаш, таъмирлаш билан овора. Агар туманда таъмирлаш бригадаси ҳаракатлари тўғри ташкил этилган, далаларда кўчма устахоналар ишлаб турганида терим машиналарининг ҳам, уларни бош­қарадиган операторларнинг ҳам умри устахонада ўтмаган бўларди. Туман далаларида ишлаётган терим машиналарининг кунлик иш унуми паст. Боз устига, носозлик кузатилган терим машиналарини созлашга кўчма таъмирлаш бригадалари ўз вақтида етиб бормаяпти. Чунончи, 28 сентябрь куни “Бешбулоқ” СИУ ҳудудидаги “Далиер Ботиров нияти” фермер хўжалигида пахта тераётган оператор Жўрабек Бойзоқовнинг “МХ-1,8” терим агрегати битта кичик детални алмаштириш зарурлиги сабабли бир неча соат далада тўхтаб қолди. Таъмирлаш бригадаси чақирилди. Аммо ярим кун ўтса ҳам улардан дарак бўлмагач, операторнинг пенсиядаги отаси, фахрий механизатор Турсунбой Бойзоқов уйидан келиб, машинани таъмирлаб берди. Мана сизга масъ­улият ҳисси…
Масаланинг яна бир ташвишли томони, бу йил терим машиналарини бош­қаришга жалб этилган аксарият ёш механизаторлар агрегатни созлаш, шпинделларни тўғрилаш, кичик деталларни ўрнатиш, машиналарни пахтазорда моҳирона бошқариш бўйича яхши ўқитилиб, уларнинг бу борадаги малакалари мустаҳкамланмаган. Бу эса пахта далаларида арзимаган сабабларга кўра, терим машиналари бузилиб, тўхтаб қолишига олиб келаётир. Яна бир жиҳат, машина шпинделларини тўғри жойлаштиролмаган механизатор, табиийки, пахтани тоза термай, исроф­гарчиликка ҳам йўл қўяди. Бу эса, ўз навбатида, фермерларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлади. Буларнинг натижасида замонавий машиналар ҳақида айрим фермерларда нотўғри тушунчалар, ишонч­сизлик пайдо бўлаётир.
Энг муҳими, туманда машиналардан фойдаланишда масъулиятсизликка йўл қўйилмоқда. Айни вақтда ҳам тумандаги фермер хўжаликларига қарашли 3 та терим агрегати вақтида созлаб, таъмирланмаганлиги оқибатида далага сафарбар этилмай, қантариғлик турибди.
Бу ўринда кишини ўйлантирадиган ҳолат шуки, йиллик меҳнат самараси бефарқлик эвазига далада қолиб кетиши мумкин. Бир техниканинг носозлиги юзлаб одамларнинг далада овора бўлишига сабаб бўлмоқда. Бунинг масъулиятини ҳис этиш кимнинг зиммасида?

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
 “Qishloq hayoti” мухбири.