Cифатли таълим – келажак пойдевори

Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлиги томонидан “Таълим ва тарбия уйғунлиги – баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда  халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар мамлакатимизда таълим тизимини янги сифат босқичига кўтариш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, устоз ва мураббийларни ҳар томонлама рағбатлантириш, улар меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини бераётганини таъкидлашди.
Айни пайтда юртимиздаги 9680 та умумтаълим мактабида жами 400 минг нафардан ортиқ педагог кадрлар фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда соҳага қаратилаётган юксак эътибор туфайли ўқитувчи ва мураббийлик касбининг нуфузи тобора ортиб, уларнинг жамиятдаги мавқеи мустаҳкамланмоқда.
Таълим муассасаларининг тегишли фанлар бўйича олий маълумотли педагог кадрларга бўлган эҳтиёжини қоплаш, туман ва қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб қатор олий таълим муассасаларида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилди. Унинг бакалавриат таълим йўналишига ўрта махсус маълумотга ҳамда камида уч йил педагогик стаж­га эга бўлганлар ўқишга қабул қилинмоқда. Кадрлар тайёрлаш тизимини жойларда такомиллаштириш ва таълим сифатини яхшилаш мақсадида Тошкент вилоя­ти Чирчиқ давлат педагогика институтининг ташкил этилгани ҳам диққатга сазовордир. Бундан ташқари, янгидан жорий этилган ўқитишнинг замонавий усуллари асосида 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида 90 минг нафардан зиёд педагоглар малакаси оширилди.
Халқ таълими вазирлиги илғор тажрибаларни аниқлаш ва уларни ­оммалаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келади. Хусусан, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши директори”, “Йилнинг энг яхши психологи”, “Йилнинг энг яхши методисти”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси”, “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” ва бош­қа кўрик-танловлар орқали илғор, ташаббускор, ижодкор педагоглар  тажрибаси  оммалаштирилмоқда.
Жорий йилда янгидан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” танловининг республика босқичи ғолибларига олий таълим муассасаларига тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга  қабул қилиш йўлланмаси берилди.
Истиқлол йилларида 4101 нафар устоз ва мураббийлар турли давлат мукофотлари ва унвонлари билан тақдирланди. Бу рақамнинг ўзи юртимизда шарафли касб эгаларининг ҳамиша эъзоз ва эҳтиромда эканлигини, уларга кўрсатилаётган эътиборнинг юксаклигини кўрсатади.

Инобат МАТЁҚУБОВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.