Нурли истиқболга мустаҳкам асос

Истиқлол йилларида юртимизда таълим-тарбия тизими тубдан такомиллаштирилди. Эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Соҳага оид давлат дастурлари асосида кўплаб таълим муассасалари бунёд этилди, замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг  жорий йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Сир эмаски, кейинги пайтларда баъзи бир академик лицейлар фаолиятида оқсоқлик­лар кўзга ташланаётган эди. Ушбу қарорда мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ўқув-методик ва техник базаси талабга жавоб бермайдиган, олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган 37 та академик лицейга 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилиш тўхтатилиши ва 2019 йил 1 сентябрдан уларнинг фаолия­ти тугатилиши назарда тутилган. Мақсад таълим тизимини оптималлаштириш, ўқувчилар билим даражасини ошириш, келажакда ёшларни ўз соҳасининг етук мутахассислари этиб тарбиялашдан иборатдир.
Чиндан ҳам юртимизда таълим тизими тубдан такомиллашмоқда. Ҳар бир ўқувчининг қизиқиши, қобилияти, билим олиш салоҳияти инобатга олинган ҳолда, таълим жараёнига замонавий педагогик усуллар жорий этилмоқда, маънавий-маърифий соатлар ҳажми оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ҳам ёшларни шахс сифатида шакллантириш, онгини ўстириш, дунёқарашини бойитишдир. Зеро, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини камол топтириш таълим-тарбиянинг устувор йўналишларидан саналади.
Қарорда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати 2 йил этиб белгиланиши ўқувчиларга бир йилдан ютиш имконини беради. Шунингдек, академик лицейларга олис ҳудудлардан қабул қилинган ўқувчилар ётоқхона ва ота-оналар томонидан харажатларнинг қисман қопланиши ҳисобига имтиёзли озиқ-овқат билан таъминланиши ўқиш сифати ошишида туртки бўлади. Ўқувчининг дарсга вақтида келиши пухта билим олишини таъминлайди ҳамда ота-онанинг фарзандидан хотиржам бўлишига имкон яратади.
Олий таълим муассасалари раҳбариятига бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт­дан тушган маблағларнинг базавий тўлов-контракт миқдоридан оширилган қисми) ҳисобидан академик лицейлар учун ўқув-лаборатория, компьютер техникаси, дарсликлар сотиб олиш ҳамда ўқитувчи ва ўқувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи берилмоқда. Бу эса академик лицейларнинг моддий техник базаси янада мустаҳкамланиши, иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириб турилишига туртки бўлади.
Академик лицейларда ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилиши профессор-ўқитувчиларни академик лицейларда дарс беришга кенг­роқ жалб қилади. Пировардида ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши кафолатланади.
Сирасини айтганда, давлат ҳамда жамият равнақи ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, интилиши, шижоати билан узвий боғлиқ. Шунга кўра, таълим-тарбия жараёнини замон талаблари асосида ташкил этиб, унга мамлакатимиз барқарор ривожининг муҳим шарти сифатида ёндашилаётгани айни муддаодир.

Дилором ХЎЖАҚУЛОВА,
Тошкент енгил саноат ва тўқимачилик институти Педагогига ва жисмоний маданият кафедраси мудири, психология фанлари номзоди.