Пахтазорда замонавий терим машиналари

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Сирдарё вилояти

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “МХ-1,8” русумли терим машиналари иш унумини бир неча марта ошириб, мавсумни қисқартириш, ҳосилнинг барвақт териб  олинишига хизмат қилмоқда. Бу йил Сирдарё вилояти пахтазорларида 500 га яқин ана шундай терим машиналари  тўла  қувватда ишлатилаётир.  Айниқса, Сирдарё, Сайхунобод, Гулистон, Боёвут, Оқолтин, Ховос, Сардоба туманларидаги пахтазорларда агрегатларни  моҳирлик  билан  бошқариб, хирмонларга  барака  киритаётган механизаторларнинг шижоати таҳсинга лойиқдир.

Кўсаклар текис очилган, чаман-чаман  пахталар чаноқлардан тошаман, деб турган  пахтазорда терим агрегатлари шитоб билан ҳаракат қиляпти. Хусусан, оператор Ҳасан  Қўйбоқаров, Жобир  Ўрозов, Умрқул  Эломоновлар Сайхунобод туманидаги Яхшибой  Норқизилов раҳбарлик қилаётган “Яхши Хушнудбек даласи” фермер хўжалигида хирмонга барака киритмоқдалар. Машина ҳозиргина юриб ўтган, ҳосили терилган эгатлар  топ-тоза – пахта тўкилиб, исроф  бўлмаяпти. Энг асосийси, машиналар терим  суръ­атини  оширяпти. Биринчи  теримнинг ўзидаёқ гектаридан 30  центнердан  сара ҳосил олинаётир.
– Машина терими деҳқон мушкулини осонлаштиради, маблағини иқтисод қилади, – дейди “Яхши Хушнудбек  даласи” фермер  хўжалиги раҳбари  Яхшибой  Норқизилов. – Икки йилдан буён  пахтани машинада теряпмиз. 2015 йили пахта даромадига “ТТЗ-80”  трактори  олдик. Ўтган йили эса Корея билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган янги русумдаги “ТТЗ-LS” тракторига осилган янги пахта териш машинасини харид қилдик. 2016 йили бир  теримнинг ўзида 30 центнердан  хирмон  кўтаргандик. Бу йил гектаридан 35  центнердан юқори  сифатли  пахта олмоқчимиз. 18,5 гектар майдонга ғўзанинг “Султон” навини парваришлагандик. У юқори ҳосилдорлиги,  толасининг пишиқлиги, шўрхок майдонларга тез  мослашиши билан эътиборимизни  тортди.
– Ўтган  йилги  мавсумда ўзим  бошқараётган машинада 97 тонна  пахта тергандим, – дейди оператор Ҳасан  Қўйбоқаров. – Бу йил 120 тонна  пахта теришни ният қилиб  қўйганман. Бизга яратилган  шарт-шароит ҳам  яхши,  моддий  манфаатдорлик  ҳам  юқори. Яна бир муҳим жиҳати, машинада пахта терилган фермер  хўжаликларида далалар ҳосилдан эрта бўшайди, ғалла ўз  вақтида экилиб, барвақт ундириб олинади.
– Ўзимизда  ишлаб  чиқарилган “МХ-1,8” икки  қаторли терим  машинасини   бошқариш осон, унинг эҳтиёт қисмлари ҳам арзон, – дей­ди оператор Умрқул  Эломонов. – Аввалда фойдаланилган, йилда бир ой ишлатиладиган “Кейс” пахта  териш машиналарининг ҳар  бирини таъмирлашга 20-30 миллион сўмлаб маблағ кетарди. Боз устига унинг шпинделлари горизонтал жойлашганлиги боис, пахтани ифлослантирар, тола ва чигитга шикаст етказарди. “МХ-1,8” машиналарида эса шпинделлар вертикал жойлаштирилгани, уни бошқариш вазифаси янада  такомиллаштирилганлиги боис, пахта тўкилиб, исроф  бўлмайди, чигит  зарарланмайди. Бу эса мазкур  машиналарда терилган  пахтани қабул масканларида юқори синфларга  ўтказиш имконини бераётир. Яна  ҳам аҳамиятлиси, терим  тугагач, ўртадаги трактордан терим ускунасини ажратиб олиб, трактордан ерни текислаш, экиш-тикиш ишларида фойдаланяпмиз. Бу эса фермер мушкулини янада енгиллаштиряпти.
– Машина терими сарф-харажатларни кескин камайтиради, – дейди “Отажон Жуманиёз” фермер хўжалиги раҳбари Нодир  Пирматов. – Ҳисоб­лаб кўрсак, қўлдан теришдан ўн баравар арзон тушар экан. Машинада терилган майдонларда бир  марта культивация  ўтказиб, буғдойни  сепиб чиқамиз. Ноябрь ойигача ғаллани тўлиқ  туплатиб, бир марта сув  ва  озиқлантиришдан чиқарамиз.
Пахтани машинада теришнинг афзаллигини англаган вилоятдаги кўплаб фермерлар ҳосилни тезу соз йиғиб-териб  олишни жадаллаштирмоқдалар.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.