Сурхон кўлларида балиқ кўп

3_balu

Сурхондарё вилояти

Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа тарққиёти учун муҳим дастуриламал бўлаётир. Хусусан, Сурхондарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Вилоятда балиқчиликни ривожлантириш учун имконият кўп, – дейди “Сурхондарёбалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўринбосари Фазлиддин Сатторов. –  Агар 2009 йили вилоятдаги 55 та балиқчилик фермер хўжалиги томонидан 200 тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилган бўлса, ўтган йили 223 та хўжалик юритувчи субъектда 2 минг 518 тонна балиқ овланди. Айниқса, соҳага тижорат банкларининг кредит маблағлари йўналтирилаётгани, табиий кўллардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилиб, хўжаликларни балиқ чавоқлари, озуқа билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ютуқлар омили бўлмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 269 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Яқинда улар сафига “Термиз агро фиш экспорт” агрофирмаси ҳам қўшилади. Бу ерда қиймати 9,9 миллиард сўмлик балиқ етиштириш билан бирга, балиқ озуқаларини ишлаб чиқариш, вилоятда етиштириладиган балиқ маҳсулотларини экспортга йўналтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.  Корхонада Вьетнам технологияси асосида Африка лаққаси, карп каби балиқлар етиштирилади. Сувни мунтазам тозалаб беришга асосланган технология эса балиқ етиштириш самарадорлигини беш баробарга оширади. Шу билан бирга, мазкур агрофирма 200 тонна ҳажмдаги  музлаткич қуриш ҳамда  йилига 500 тонна балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш орқали балиқ филеси, дудланган балиқ, балиқ консерваси каби ярим тайёр ва тайёр балиқ маҳсулотларини эл дастурхонига етказиб беришни ҳам режалаштирган.
– Банк кредити асосида ҳозирда сунъий кўл майдонларида қазиш, ковлаш ва тозалаш ишлари бажарилмоқда,  – дейди агрофирма раҳбари Нормуҳаммад Норҳамидов. – 2019 йилга бориб кўл майдонларимиз 50 гектарга етади.
2018 йилнинг учинчи чорагида бу ерда янги сув ҳавзалари ташкил этиш, музлаткични ишга тушириш якунланади. Шунингдек, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилмоқда. Ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши билан 100 дан зиёд янги иш ўрни яратилади. Агрофирма янги ташкил этиладиган балиқчилик хўжаликларига  чавоқ етказиб бериш, балиқларни махсус озуқа-ем билан таъминлаш, етиштирилган балиқларни сотиш, қайта ишлашга ҳам амалий ёрдам кўрсатишни мақсад қилган. Бунинг учун Хитойдан йиллик қуввати 6 минг тоннага тенг бўлган омихта ем ишлаб чиқариш ускунаси келтириш кўзда тутилмоқда.
Дарҳақиқат, балиқчиликнинг қўллаб-қувватлаш, катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўтган йили воҳада ташкил этилган 60 та янги балиқчилик фермер хўжалигига тижорат банклари томонидан қарийб бир миллиард сўм кредит маблағи берилди. Бу йил фаолият бошлаётган хўжаликларга салкам 8 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Белгиланган дастурга кўра, ҳудуддаги 3 та сув ­омборида 250 та қафас (садок) мосламасини ўрнатиш кўзда тутилган. “Учқизил” сув ­омборига 50 дона шундай мослама ўрнатиш учун “Amu Skafandre” фермер хўжалигига банкдан бир миллиард сўмлик кредит линия­си очилган бўлиб, маблағ босқичма-босқич ажратиб берилмоқда. Шу кунгача 20 донаси тайёр ҳолга келтирилди.
Гап шундаки, мазкур ­жамоа балиқ етиштиришда ўзига хос  усулни қўллаб, юқори самарага эришмоқда. Корхона раҳбарининг айтишича, бу усулнинг афзал жиҳати, аввало, қўшимча ер ёки сувга эҳтиёж сезилмайди. Шунинг­дек, қафас махсус енгил материаллардан тайёрлангани боис, балиқларни озиқлантириш, назоратга олиш, қўриқлаш жуда қулай.
Ҳа, вилоятда балиқ етиштиришни кўпайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  “Жанубий-Сурхон” сув ­омборида “Карп Ҳавзаси” МЧЖ томонидан йилига 600 минг дона балиқ чавоғи етиштирадиган 3 гектар, “Учқизил” сув ­омборида “Сурхон” фермер хўжалиги томонидан йилига 300 минг дона чавоқ етиштирадиган 1,5 гектар, “Оқтепа” сув омборида “Жарқўрғон балиқчилиги” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан йилига 400 минг дона балиқ чавоғи етиштирадиган 2 гектарлик репродуктор хўжалик­ларининг ташкил этилгани ҳам фикримиз исботидир.
Сирасини айтганда, соҳани ривожлантиришга қаратилаётган бундай янгича ёндашувлар ҳудудда балиқ турларини кўпайтириш, интенсив усулда балиқ етиштириш ва уни қайта ишлашни кенг йўлга қўйиш, энг муҳими, аҳолининг шу тур маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилаётир.

Дилфуза ЖЎРАЕВА. Жонибек Қўзимуродов олган суратлар.