Илм уммонидан жавоҳирлар

2_uvatov

Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим ва тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига биноан мукофотланганлар сафида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов ҳам бор. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” унвонига сазовор бўлди.

Убайдулла Уватов ҳақида гап кетганда, илм дунёсига меҳр боғлаган, унинг тилсимларини ўрганишда матонат, чинакам фидойилик сифатларини намоён этиб, фаннинг беадад жавоҳирларини кўплаб китоблар, рисолалар талқинида бизга туҳфа қилиб келаётган заҳматкаш инсон кўз олдимизга келади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида мустақиллигимизнинг илк кунидан бошлаб халқимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганишга ва улардан халқимизнинг маънавий бойлиги сифатида кенг фойдаланишга эътибор қаратилди. Бу мураккаб даврларда, олимларимиз томонидан чуқур ўрганилган бўлса-да, мавжуд сиёсат туфайли эълон қилинмасдан келаётган тадқиқотлар натижаларини кенг оммага етказиш имкониятини яратди. Убайдулла  Уватовнинг XV аср машҳур араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ қаламига мансуб бобокалонимиз Амир Темур тарихига доир бебаҳо китоби таржимаси собиқ тузум даврида – 1974 йилда амалга оширилган бўлса-да, фақатгина ўттиз йилдан сўнг истиқлолимиз туфайли, китобхонлар қўлига етиб борди. Бу асарни таржимон талабалик йилларидаёқ ўзбек тилига ўгиришга киришган бўлиб, замон зайли билан узоқ йиллар жавонда қолиб келарди. Бир ярим минг­га яқин илмий изоҳлар билан берилган бу асар таржимоннинг катта маҳоратидан дарак беради. Қолаверса, унда олимнинг араб мамлакатларига қилган кўплаб ижодий сафарлари давомида тўплаган манбалари бор.
Буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижодини ўрганишни мақсад қилган У.Уватов 1990 йилда Шеробод туманида мангу қўним топган ҳадисшунос олим Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг 1200 йиллигини нишонлашда фаол иштирок этди. Ислом оламида беназир бу алломанинг “Сунани Термизий” асари ҳақида мақолалар эълон қилди. Ижодий фаолиятини тинимсиз изланишлар билан давом эттирган олим Маҳмуд Замаҳшарий, Имом Бухорий, Насафийлар, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби ислом оламида бетакрор из қолдирган аждодларимизнинг бой илмий меросни ўрганиб, халқимизга етказишга катта ҳисса қўшди. У.Уватов дастлаб филология фанлари номзоди, сўнгра тарих фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. Илмий фаолият билан биргаликда ижтимоий ҳаётда ҳам фаол иштирок этаётган олим мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил қилинган Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди. Айнан мана шу давр­да юртимизда кўплаб масжидлар фаолияти йўлга қўйилди, диний билим берадиган ўқув муассасалари ташкил қилинди, халқимизнинг минглаб вакиллари муборак Ҳаж сафарига бориб келди. Мана шундай ўта муҳим ишларда ­У.Уватов фаол иштирок этди.
Халқаро Амир Темур жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро “Олтин мерос” жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган кезлари ҳам катта ташкилотчилик кўрсатди. Тошкент ислом университети талабаларига дарс бериш жараёнида кўп­лаб шогирдлар тайёрлади.
Чуқур билим ва тажрибага эга бўлган олимга 2008 йилда давлатимиз томонидан Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро маркази раҳбари вазифаси топширилди. Эндиликда илмий марказ мақомини олаётган бу маскан ишини йўлга қўйишда у бор билим ва тажрибасини аямади. Шу давр­да олим Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида “Ҳадис илмининг султони”, “Имом Бухорий” китобларини  халқимизга тақдим этди. Ҳиндис­тонлик йирик олим Шайх Абдуссалом ал-Муборакфурийнинг “Ҳазрат Имом ал-Бухорий” асарини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Яқинда Имом Бухорийнинг ҳадислари Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбари орқали жаҳонга ибрат қилиб кўрсатилди.  Олим У.Уватов Имом Бухорий номи билан аталувчи халқаро марказда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган жомеъ масжидлар имом хатибларини ҳам диний, ҳам дунёвий билимдан хабардор қилиш, улар учун ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, қўлланмалар яратиш каби муҳим ишларга бош-қош бўлди.
Масъул лавозимларда ишлаш билан биргаликда ­У.Уватов илмий фаолиятини бир зум ҳам сусайтирмади. У кишининг кенг китобхонлар ­оммасига тақдим қилган ўнлаб китоблари халқимиз орасида маълуму машҳур. Имом Бухорий, Маҳмуд Замаҳшарий, Муслим ибн-Ҳажжож, Ҳаким Термизий, Абу Исо Термизий, Имом Мотуридий, кўплаб Насафийлар сингари аждодларимиз ҳаёти ва ижодига бағишланган асарлари, кўплаб тарихий шахслар ҳаётига бағишланган фильмларга ёзган сценарийлари жаҳолатга қарши курашда муҳим қўлланмадир.
Абул Муъйин ан-Насафий ижодини ўрганиш олимнинг фаолиятида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу алломанинг минг йил илгари ёшлар тарбиясига, уларни зарарли йўллардан қайтаришга оид асари қанчалик катта аҳамиятга эга эканлигига Президентимиз Шавкат Мирзиёев улкан баҳо берди. Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида инсоният бошига кулфатлар олиб келаётган терроризм балосига қарши курашда бизнинг аждодларимиз томонидан яратилган бой илмий-маънавий мерослардан фойдаланиш масаласини  қўйдилар. Айни пайт­да ўн аср давомида жаҳондаги барча ислом мамлакатларида қўлланиб келинаётган бу  китобларни кенг жамоатчиликка етказишда У.Уватов жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Олимнинг ташаббуси билан Абул Муъйин ан-Насафийнинг Қарши туманидаги қабри бир мунча ободонлаштирилган бўлса-да, бу ишлар чала қолиб кетган эди. Ҳозирда Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан бу масканда қурилиш ишлари кенгайтирилиб, ёдгорлик мажмуаси қурилиб, кутубхона барпо қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида инсон маданиятига катта ҳисса қўшиб кетган буюк алломалар яшаб ўтган. Улар орасида Термизийлар алоҳида ўрин эгаллайди ва уларнинг ижодини ўрганишга ҳозирги вақтда катта эътибор берилмоқда. Бундай кенг кўламдаги ишларни амалга ошириш кўплаб мутахассисларни жалб қилиш, тинимсиз изланишларни талаб қилади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Термизийлар илмий меросини ўрганиш бўйи­ча халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинди. Унга таниқли олим Убайдулла Уватов раҳбар қилиб тайинланди. Бу соҳада олим анча ишларни амалга оширганлиги кўпчиликка маълум. Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Аш-Шамоил ан-Набавий” асарини бундан 25 йил муқаддам – 1992 йилда араб тилидан таржима қилган, “Ал-Ҳаким ат-Термизий”, “Икки буюк донишманд” каби асарлар ва бир қанча мақолалар ёзган. У.Уватов ўз шогирдлари билан Термизийлар илмий-маънавий меросини ўрганишга ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Ҳусниддин НУРИДДИНОВ