Инсониятнинг энг буюк кашфиёти

Энди у бизга доимо ҳамроҳ

Китоб ҳақида сўз борганда қачонлардир файласуфлардан бири томонидан берилган ушбу таърифдан ўтказиб бирор нарса дейиш мушкул. Зеро, китоб кашф қилинмаганида, инсоният яралгандан бери тўпланган билимлар мажмуаси, оламшумул ихтиролар бизгача етиб келармиди?

Бугунги тезкор ва шиддатли, ахборот олиш ва бадиий асар ўқишнинг интернет шакли кенг қулоч ёйган замонда ҳам китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни асло камайгани йўқ. Тўғри, кейинги йилларда ёшларимиз орасида китобдан кўра интернетдаги олди-қочдиларга қизиқиш ортгандек эди, назаримизда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармо­йиши аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини кенг тарғиб этиш, китобга бўлган қизиқишини янада ошириш, кутубхоначилик, яъни халққа китоб хизмати кўрсатиш ишининг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этгани ва вақтида эълон қилингани билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-­тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори эса бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Қарорда ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш лозимлиги ҳам таъкидланган. Бу, шубҳасиз, ёшларимизнинг катта қисми интернетдан фойдаланишини назарда тутадиган бўлсак, юқори самара беради. Бу борада мамлакатимизда фаолият юритаётган ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларининг хизмати алоҳида бўлиши шарт. Уларнинг ўз китоб жамғармаларини босма ва электрон нашрлар билан бойитиши, Республиканинг йиғма электрон каталогини яратиш, АКМ ва АРМларини интеграциялаш, яъни ўзаро улаш каби масалалар давлатимизнинг доимий диққат марказида тургани ҳам бежиз эмас.
Ҳозирда кам нусхадаги адабиётларнинг электрон шакли яратилмоқда. Бунда электрон каталог асосидаги маълумотлар базаси шакллантирилади. Шунингдек, оддий кутубхонадаги мавжуд бўлган китоб, слайд, журнал, газеталарнинг ҳам электрон шакли яратилади. Шундан сўнг электрон кутубхона локал тармоқда фаолият бош­лайди ва интеграллашган кутубхона тармоғига уланади.
Бугун вилоятда битта ахборот-кутубхона маркази, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфида 144 та, вилоят халқ таълими тизимида 15 та, олийгоҳлар қошида 3 та ахборот-ресурс маркази аҳолига сифатли ва тезкор китоб ҳамда ахборот хизматини кўрсатмоқда. Марказлар дастурий таъминотлар билан жиҳозланмоқда, электрон ва босма нашрлари бойиб, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда.
Энди китобхон ва фойдаланувчилар “ZiyoNET” ахборот таълими тармоғидан эркин фойдаланиш баробарида АКМ ва АРМ базаларидаги мавжуд ахборот-технология воситалари ҳамда яратилган электрон ресурслардан ҳам бемалол фойдаланишлари мумкин. Ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари эса ўзларининг базаларидаги мавжуд электрон манбаларни китобхон ва фойдаланувчилар ихтиёрига бериш билан бир қаторда, фойдаланувчилар учун лозим бўлган мавзуларда ўзларининг электрон ресурсларини яратиб, китобсеварлар эътиборига ҳавола қилишади.
Сирасини айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори фаолиятимизни янада такомиллаштириш, китоб мутоалааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишда кенг имкониятлар эшигини очиши, шубҳасиз.

Клара ДЎСЁРОВА,
Қашқадарё вилоятидаги Сайидо Насафий номли ахборот-кутубхона маркази директори.