Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов бўлиб ўтади

Миллий матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ,  2017 йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарган йиғилишда таъкидланганидек, пойтахт туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш Тошкент шаҳрининг иқтисодий-ижтимоий ривожланишида, унинг сиёсий ислоҳотлардаги ўрни ва ролини мус­таҳкамлашда, шунингдек, аҳоли вакиллари томонидан жойларда депутатлик назоратини ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг янги босқичида халқ вакилларига ҳудудларни ривожлантириш истиқболларига мўлжалланган дастурларни кўриб чиқиш ҳамда қабул қилишда иштирок этиш, уларнинг ижросини назорат қилиш, шу билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ўз ваколатлари доирасида ҳал этиш имконини беради.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кампанияси шу йилнинг 23 сентябридан бошланади. Сайловларга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, бу жараёнларда очиқ ва ошкораликка риоя этиш бўйича барча ишлар жойларда ташкил этиладиган сайлов комиссиялари томонидан сайлов тўғрисидаги қонунчиликка, халқаро умумэътироф этилган демократик принципларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олиб борилади.
Унга кўра, сайлов комиссиялари ўз фаолиятини мустақил ҳолда амалга оширади, ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахсларнинг бу жараёнларга аралашишига йўл қўйилмайди.
Тадбирда округ ва участка сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш, депутатликка номзодлар кўрсатиш тартиби, сайловолди ташвиқоти, кузатувчиларнинг иштироки ҳамда оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтказилиши каби кўплаб масалалар хусусида маълумот берилди. Сайлов жараёнларини ёритишда журналистларнинг фаол иштироки фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши яна бир бор эътироф этилди. Сайловларни ёритиш билан боғлиқ барча ташкилий ишлар Марказий сайлов комиссиясининг ягона матбуот маркази томонидан амалга оширилиши айтиб ўтилди.

Инобат МАТЁҚУБОВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.