Фарзандига “ўрнак” бўлаётган ота-оналар

7_01

“янга” даврага тушганда…
Интернет саҳифаларини кузата туриб, бир видео лавҳага кўзим тушди. Ёши элликларга бориб қолган тўлача бир аёл 25 ёшлар атрофидаги ўн чоғли йигитлар ичига кирволиб тенгма-тенгига рақсга тушяпти. Йигитлар “ҳа, янга, ўйнанг, ҳа, янга, қўймайсиз-да-а?” деб қийқириб ётишибди. “Янга” ҳам бундан янада завқланиб, шунақанги хиром айлаяптики, асти қўяверасиз…
Ўйлаб қоласан киши, янганинг қиз-ўғиллари, борингки, қуда-андалари ҳам бўлса керак. Наҳотки, атрофидагилардан, келину куёвларидан истиҳола қилмаган, бу билан ўзини қанчалик  “ахлоқсиз”ларча тутаётганини англамаётган бўлса. Ҳа, гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, бунақанги ҳолатлар ўзини ўзи гап-сўзга қўйиш, шарманда қилиш дегани эмасми?

Замонавийлик дегани  беҳаёлик эмас
Айни пайтда замонавийлик, тезкорлик,  тараққиёт  билан  ҳамқадам  бўлиш  ёшларнинг  ҳаёт  тарзига  айланиб  бормоқда.  Албатта,  бу  қувонарли  ҳол. Чунки бир  неча  тилда  сўзлаша  олиш, интернет  оламига  кириб  дунё  янгиликларидан  бохабар бўлиш имкониятининг  мавжудлиги уларнинг  билими,  дунёқараши  кенгайишига хизмат қилади. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб шаклланишида халқимизнинг эзгу анъаналарига асосланган таълим-тарбиянинг аҳамияти беқиёсдир.  Ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик  каби иллатлар  дунёдаги  ҳеч бир  халқнинг  миллий  маданиятига ҳам, умумбашарий  қадриятларига  ҳам  мос  келмаслиги эса айни ҳақиқат.
Танганинг икки томони бўлганидек, виртуал олам масаласининг ҳам икки томони бор. Қувонарли тарафи, ўсиб келаётган ёшлар интернетга кириб дунё янгиликларидан бохабар бўлиши баробарида билим олмоқда, хорижий тилларни ўрганиб, илмий-ақлий салоҳияти ортмоқда. Танганинг иккинчи томонига қарайдиган бўлсак, интернетдан турли бузуқ мақсадларда фойдаланаётган ёшлар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.

“Қуш уяси”да нима гап?
Халқимизнинг гўзал  маънавий  қадриятларига  йўғрилган ор-номус, уят  ва  андиша, шарму ҳаё каби  тушунчалар  онгимизга  сингиб  кетган.  Айниқса, кексаларга  ҳурмат, ота-онага эҳтиром, қолаверса, болалар тарбиясига эътибор каби жиҳатлар  узоқ  ўтмишдан бугунги  кунгача  ўз  қадрини, аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Фарзанд борки, ҳар ишда, ҳар соҳада ота-онасидан  ўрнак олишга уринади. Ота маст ҳолатда, бир аҳвол бўлиб уйи­га келаверса, она ҳам “гап”дан алламаҳал қайтса, бундай муҳитда тарбия олган фарзанд эртага ким бўлиб вояга етади?.. Айниқса, аёл деган номга бир гард юқишининг ўзи хунук. Лекин афсус билан шуни айтамизки, баъзи “замонавий” аёлларимиз ҳеч нарсадан тап тортмай, эркаклардан қолишмасликка уринишмоқда. Гап-гаштакларда эркаклар билан тенгма-тенгига ичиш, рақсга тушишни қойиллатишмоқда. Интернет тармоқларига ўзларининг ҳар куйдаги суратларини жойлаштириб, унга “лайк” ҳам босиб қўймоқда. Тўғри, замонавийлик инсонга керак, албатта. Бироқ замон билан ҳамнафас бўлиш керак экан деб, ижтимоий тармоқдаги суратини фарзанди тенги йигитлар билан муҳокама қилиб ўтириши қай мантиққа тўғри келади?
Хулоса қилиб айтганда, бугун ёшларнинг юксак интеллектуал салоҳиятга эга, маънавий баркамол шахс бўлиб етишишида миллий-маънавий тарбия муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ўз мамлакатининг бой тарихи, миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналари, аждодлари хотираси, халқининг бебаҳо меросини асраб-авайлашдек масъулиятни ўз зиммасига оладиган, қадрлайдиган ёшларгина эл ишончини оқлай олади. Бундай ўғил-қизларнинг вояга етишида эса оила муҳити асосий ўринда туради.
Психологларнинг фикрича, тартибли, ибратли оила­да улғайган бола меҳрли, мустақил фикрлайдиган, ўз келажаги учун муҳим режалар туза оладиган бўлиб улғаяркан. Аксинча, муҳит носоғлом, уруш-жанжалли оилада улғайган бола, биринчидан, тушкун, бефарқ бўлиб қолса, иккинчидан, жиззакироқ, атрофдагиларга нисбатан меҳрсиз бўлиб вояга етаркан.
“Бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақл халқимизда бежизга айтилмаган.  Маҳалламиздаги, кўчамиздаги ёшларнинг нима иш қилаётганидан, қаерга бориб, қаердан келаётганидан бохабар бўлиб турсак, ёшлар ўртасидаги номақбул хатти-ҳаракатларга бирмунча барҳам берган бўлар эдик.
Сирасини айтганда, бу сўзларимиз билан кимларгадир ақл ўргатмоқчи ёйинки қандай яшаш кераклигини тушунтирмоқчи эмасмиз. Аксинча, муддаомиз ёшлар тақдирига, турмуш тарзига бефарқ бўлмаслик орқали обод ва фаровон ҳаётимизни таъминлашдан иборат.

Латофат БЎРИЕВА