Cабоқлар “Билимдан-илмга” шиори билан

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Тошкент вилояти

Президентимизнинг жорий йилнинг 27 июлида “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ўтган қисқа даврда мазкур ҳужжат ижроси бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Олийгоҳга 2017-2018 ўқув йилига мўлжалланган қабул квоталари асосида 21 та таълим йўналиши бўйича 750 нафар талаба қабул қилинди.

Таъкидлаш керакки, вилоятда бугунги кунда 406 та мактабгача таълим муассасаси, 871 та умумтаълим мактаби ва бошқа ўнлаб мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” марказлари ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассасаларда ёш авлодга таълим бериш самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш бўйи­ча тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори эса соҳадаги ислоҳотлар самарасини янада яхшилаш, вилоят халқ таълими тизимидаги мактаб­гача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячиларга, бош­ланғич синф ўқитувчиларига, айниқса, аниқ фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларини малакали педагоглар билан таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш борасида муҳим қадам бўлди.
Қарор ижроси шаҳарнинг кўркам ва хушҳаво мавзесида институт учун кўп қаватли бино ажратилиб, мавжуд ўқув ва амалиёт хоналари, ётоқхоналарини таъмирлаш, ҳовли ва йўлакларни кўкаламзорлаштиришдан бошланди. Спорт майдонлари ҳамда ўйингоҳлар тартибга келтирилиб, барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Асосийси, талабаларга таълим-тарбия бериш учун 70 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи жамоаси шакллантирилди.
Янги олийгоҳда ўқув йилининг бошланиши катта тантанага айланди. Ушбу тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, талабалар, вилоят ва Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги вакиллари, вилоятдаги таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Унда институт ректори, профессор Ғофуржон Муҳамедов ушбу илм маскани нафақат мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашга ихтисослашганлигини, балки бу ерда илғор хорижий педагогик технологияларни амалиётга жорий этиш, бу борада илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талабаларнинг илмий фаолият билан шуғулланишига ҳам барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаб ўтди.
Талабалик бахтига муяссар бўлган ёшларнинг эса қувончи чексиз. Зеро, юқоридаги қарорга асосан, ушбу ёшларнинг аксарияти талаба бўлишдек бахтга эришди. Боиси, мазкур қарорга мувофиқ Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга кира олмаган Тошкент вилоятида яшовчи абитурентларнинг маълум қисми 2017-2018 ўқув йили учун Чирчиқ давлат педагогика институтига талабаликка қабул қилинди. Бунда маълум баллдан юқори кўрсаткич тўплаган абитурентлар ичидан баллар кетма-кетлиги бўйича сараланиб, вилоят халқ таълими тизимининг кадрлар бўйича эҳтиёжлари доирасидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилинди.
– Илк сабоқни барча йўналишлар бўйича “Билимдан-илмга” шиори билан бош­ладик, – дейди институтнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, фалсафа фанлари номзоди, доцент Баҳодир Ҳусанов. – Бу шиор замирида, аввало, Президентимизнинг китоб ўқишга қизиқишни ошириш борасидаги даъвати мужассам. Ҳар бир талаба дастлабки йил 10 та бадиий китоб ўқиш ташаббуси билан чиққанлиги ва бу кўрсаткичнинг йилма-йил ошиб бориши маънавий муҳит – китобхонлик билан бошланишидан далолатдир.
Истиқболда институт талабаларини 3 минг нафарга етказиш, магистратура ва докторантура босқичларини очиш назарда тутилган. Шу билан бир қаторда, мамлакатимиздаги педагогика йўналишидаги олийгоҳлар сингари мазкур институтда ҳам махсус сиртқи бўлимлар очилиб, шу кунларда талабаларнинг қабул қилинаётганлиги ҳам эътирофга лойиқдир.

Иброҳим ТОШЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.