Помидор комбайнда терилмоқда

Наманган вилояти

Уйчи туманидаги “Муҳаммадали Ҳамкор Бизнес” масъулияти чекланган жамиятининг ташкил этилганига кўп бўлгани йўқ. Шу кунгача арзимаган нархга четга кетаётган ёки бўлмаса харидорини кута-кута исроф бўлиб қолаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ўз олдига мақсад қилган корхона мутасаддилари ишни кўчат етиштиришга ихтисослашган 11,7 гектарлик иссиқхона ташкил этишдан бошлади.

Унумдор ер, иссиқхона ишчилари  ушбу йўналишда катта тажрибага эга Учқўрғон туманидаги Бахт қишлоғидан танлаб олинди. Эрта баҳорданоқ саъй-ҳаракатлар бошланди. Сувдан тежаб фойдаланиш мақсадида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди. Фермерлар ва аҳоли билан  тузилган шартномага асосан 70 кунда пишиб етиладиган помидор  навининг 106 миллион дона кўчати бепул етказиб берилди. Натижада вилоятнинг қатор туманларида ғалладан бўшаган 660 гектар ерга  такрорий экин сифатида саноатбоп помидор кўчатлари экилди ва комбайнда йиғиштириб олишга мослаб  парваришланди.
– Президентимиз вилоятимизга ташрифлари чоғида корхонамиз фаолияти билан ҳам қизиқиб, “Яна қандай ёрдам керак бўлса, қўллаб-қувватлаймиз”, дея далда бўлдилар, – дей­ди корхона раҳбари Муроджон Ибрагимов. – Шундан сўнг қисқа фурсатда банкдан кредит олдик ва ўз сармоямизни киритиб, Хитойдан қиймати 3 миллиард АҚШ доллари бўлган, бир кеча-кундузда 700 тонна сифатли томат пастаси ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига  эга замонавий  технологияни олиб келиб ўрнатдик. Шу тариқа мазкур корхонани барпо этишга муваффақ бўлдик. Уйчи, Учқўрғон туманларидан 150 нафар кишини, жумладан, 21 нафар олий ва ўрта маълумотли ёш мутахассисларни иш билан таъминладик. Уларга муносиб иш ҳақлари белгиланган. Ишга келиб-кетишлари учун автобус­лар ажратилган, иссиқ овқат билан таъминланган.
Етти гектар майдонни эгаллаган корхонанинг қабул пунк­тига келаётган помидор юкланган машина карвонларининг кети узилмайди. Боиси, бу ерга маҳсулот топшираётганлар аввалги даврдагидек бир неча кунлаб навбат кутиб турмайди. Узоғи билан  20-30 дақиқа ичида  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари  қабул қилиниб, шу ернинг  ўзида ҳисоб-китоб ишлари олиб борилади.
– Бир неча йилдирки, буғдой экинидан сўнг  помидор кўчати экиш ва ундан мўл ҳосил етиштириш борасида катта тажриба тўплаганмиз, – дейди Андижон вилоятининг Балиқчи туманидан келган деҳқон Баҳромжон Мамадалиев. – Ушбу корхонага маҳалладошим Отабек  Шуҳратов билан 125 тонна маҳсулот топширдик ва 62,5 миллион сўм нақд пул олдик.
Чортоқлик Иброҳимжон Эргашев, Эргашали Юсуфбоев, косонсойлик Рустамжон Сатимов, Валижон Баратов, янгиқўрғонлик Дилшодбек Мирзаев, учқўрғонлик Иброҳим Абдураимовлар шу кунгача 100-200 тоннадан ошириб помидор топшириб, 50-100 миллион сўмгача ҳақ олишибди.
– Ушбу комбайн Италиянинг “GUARECI” компаниясида ишлаб чиқарилган, – дейди Ҳошимжон Мўминов антиқа комбайнни бошқара туриб. – Соатига 35 тонна помидор  теради. Италиялик мутахассислар 10 кун мобайнида барча қулайликларга эга бу замонавий техникани бошқариш сирларини ўргатишди.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйи­ча Ҳаракатлар стратегияси қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Эндиликда нафақат баҳорги, балки такрорий экинлардан ҳам мўл-кўл маҳсулотлар етиштириш, уларни қайта ишлаш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Буни шу кунгача 2 минг тоннага яқин  томат пастаси ишлаб чиқариб, ҳозирда уни экспортга жўнатаётган “Муҳаммадали Ҳамкор Бизнес” масъулияти чекланган жамият фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин. Жамоанинг келгусидаги режалари янада салмоқли. Корхонанинг иккинчи босқичи ишга туширилиши билан эса маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати икки баробарга ортади. Учинчи босқичда маҳсулотларни қадоқлаш цехи барпо этилади. Доимий ва мавсумий ишловчилар сони 3 минг 670 нафарга етади.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.