Келажак пойдевори мустаҳкам

Соҳадаги тажрибамдан аниқ айта оламанки, боланинг ақлий фаолияти 7 ёшгача шаклланиб улгуради. Уларнинг қалбига шу ёшгача сингдирилган ғоялар тошга ўйилган битикдек бир умрга татийди.

Демак, мактабгача таълимда берилган билим ва кўникмалар, тушунчаю қадрият­лар унинг келажак ҳаётини белгилаб беради.
Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Унга кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ташаб­буси билан амалиётга татбиқ этиладиган давлат-хусусий шериклик механизми замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилишда муҳим саналади. Асосийси, бу соҳада иш бошлашни хоҳловчи инвесторларга ер участкалари ва бўш турган бинолар 50 йил муддатга ажратилиши айни муддодир.
Қарорда, шунингдек, ташкил этилаётган бу каби мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим стандартларига, санитария-­гигиена ва бош­қа талабларга қатъий риоя қилиш, келишилган муддат давомида фаолият йўналишини ўзгартирмаслик, шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш белгилаб қўйилган. Бунинг учун инвесторларга кўплаб солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар берилади. Бундан ташқари, қарорда соҳада тўпланиб қолган ва долзарб муаммоларни ҳал қилишга оид Ўзбекистон Респуб­ликасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди. Бунда зарур инф­ратузилмани яратиш ва мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришда давлат талабларини қатъий равишда эътиборга олиш ҳам назарда тутилган.
Шунингдек, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари замонавий талабларга мувофиқлаштирилади. Қарорда соҳа мутахассисларининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Буларнинг барчаси келажагимизга мустаҳкам пойдевордир.

Раъно ҲАЙИТОВА,
Навоий шаҳар халқ таълими бўлими мудираси.