“Учинчи дунё”га саёҳат

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида истеъдодли шоира Малика Салимованинг “Учинчи дунё” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда ижод аҳли, адабиёт ва шеърият ихлосмандлари жам бўлишди. Унда сўзга чиққанлар ҳозирги ўзбек назми, мазкур бадиий йўналишнинг турфа жанрларида қалам тебратаётган ёшлар, уларнинг замонавий миллий адабиётимизда, шеърият оламидаги ўрни, шеърий асарларнинг инсон тафаккури, онгу шуурини юксалтиришдаги таъсири борасида фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Тақдимотда таъкидланганидек, ­М.Салимова ижоди кўпчиликка аввалдан таниш. Турли матбуот нашрларида чоп этилган ижод маҳсуллари тақдирини назм йўлига боғлаган, шеъриятга ўзгача иштиёқ, муҳаббат билан қарайдиган соҳир қалб эгалари дилидан жой олган.
Шоиранинг “Учинчи дунё” номли китобидаги шеърларда ҳам Ватанга, онага, дўсту ёрга, ҳаётга бўлган муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга чексиз ҳурмат туйғулари, севги, вафо, садоқат сингари чин инсоний фазилатлар халқона ва гўзал ифодаларда акс эттирилган. Мазкур шеърий тўпламнинг Ўзбекистон Респуб­ликаси мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг вилоят босқичида 2-даражали диплом билан тақдирлангани ҳам бежизга эмас, албатта.
– Ушбу китобда жамики маънавий гўзалликлар ифодаси, ҳаёт ҳақиқатларининг жаранги, дил тубида тобланган дарднинг, муҳаббатнинг ўзига хос тас­вирлари бор, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. – “Учинчи дунё” бу – Малика Салимованинг қалб дунёси. Ундаги шеърлар бизни ўзига чорламоқда, шоира кўнглига йўл очиб бермоқда.
Тадбирда М.Салимова ижодидан намуналар ўқилди. Таниқли хонандалар ижросидаги шоира шеърлари асосида янграган қўшиқлар эса йиғилганлар қалбига бир олам завқ бағишлади.

Холбиби САЪДИНОВА