Соя етиштириш ҳам, қайта ишлаш ҳам кўпаймоқда

1_soya

Сирдарё вилояти

Президентимиз қарорига биноан 2018 йилдан соя ҳосилини харид қилиш давлат буюртмасига киритилди. Бунда етиштирилган хомашёдан қайта ишлаш корхоналарида мой ишлаб чиқариш, аҳолини соя мойи ҳамда чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини тўйимли озуқа билан таъминлаш биринчи даражали вазифа этиб  қўйилди.

Шу асосда “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти таркибидаги ёғ-мой корхоналари қошида соя экинини етиштириш агротехнологиясини такомиллаштириш, маҳаллий селекция ва уруғчилигини ривожлантириш, илғор фан-техника ютуқларини жорий этиш ҳамда хорижий давлатларнинг соя навларини республиканинг турли тупроқ-иқлим шароитларида синаш,  ҳосилдор навларни маҳаллийлаштириш, юқори ҳосил олишга эришиш учун, аввало, соя селекцияси, уруғчилиги, уни етиштириш агротехникаси ва қайта ишлашни ривожлантириш бўйича ҳар бир ёғ-мой корхонасида илмий-техник марказ  ташкил  этиш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, “Гулистон экстракт ёғ” акциядорлик жамияти  корхонаси қошида ҳам Илмий-техник марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йил ҳосили учун Сирдарё вилоятида 300 гектардан ошиқ майдонга  соя  экилди  ва  уни  парвариш­лаш ишлари  агротехник  муддатларда бажарилмоқда.
Маълумки, соя жуда фойдали ўсимлик саналади. Дони  таркибида 50 фоиз оқсил ва 28  фоизгача мой бор. Соя донидан бугунги кунда халқ хўжалиги учун зарур бўлган 400 хилдан ортиқ турли  маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Соя дони озиқ-овқат саноатида фойдаланиладиган экологик тоза сифатли хомашёдир. Ҳозирги вақтда одамлар истеъмол қиладиган, таркибида зарарли моддалар сақламайдиган ўсимлик мойининг 35 фоизи соя донидан олинади.
Соя донидан мой ажратиб олинганидан сўнг соя изоляти ҳосил бўлади. Изолят таркибида 75 фоизгача оқсил бор. Соя уни, яъни изолятидан болалар овқатлари, печеньелар, нон учун қўшимчалар, колбаса саноати учун оқсиллар, қандолат саноати учун (кофеинсиз шоколадлар), кофе ва унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади. Саноатда эса линолиумлар, энг сифатли ва қимматбаҳо машина бўёқлари соядан олинади. Тиббиётда турли хил касалликлар учун, масалан, жигар хасталиклари учун дорилар соя донидан олинади. Соя мойи, айниқса, юрак, ошқозон, ичак ва рак касаллик­ларига чалинган  кишиларда жуда енгил  ҳазм  бўлади.
Бир килограмм соя донидан одам  истеъмол қиладиган 4 литр, бузоқлар учун 8-10 литр сут тайёрланади. Хитойда мол  боқишга имкони  йўқ  оилалар соя донидан  сут олиш  эвазига  ўз эҳтиёжларини  қондиришади.
Соя дони таркибида ҳайвонлар учун  зарур  бўлган  протеин моддаси бор. Ҳеч бир озуқа экини соя каби кўп озуқа бирлигига  эга  эмас. Унинг 100 килограмм донида 138 озуқа бирлиги мавжуд. Ҳатто энг  хушхўр  саналган маккажўхори, беда ва бошқа экинлар озуқа  бирлиги ҳам сояга  тенг  келолмайди.  Соя­нинг 100 килограмм қуруқ поясида 52 фоиз озуқа бирлиги мавжуд. Соя дони тўйим­лилиги бўйича  ҳам бошқа  экинлардан устунлик  қилади.
Хитой, Япония, Корея ва бошқа мамлакатларда аҳолининг оқсилга бўлган эҳтиёжи асосан, соя донидан олинган оқсил эвазига қондирилади.
Соя мойининг яна бир муҳим хусусияти, унинг таркибида холестерин мутлақо йўқ.
Ўзбекистоннинг табиий ресурслари, иқлими соя­ни кўп­лаб  майдонларда  етиштириш  имконини беради. Унинг ҳосилдор,  ўртапишар, ўртаки кечки, кечпишар навларини асосий экин сифатида экиб, юқори ҳосил  олиш  мумкин. Шулардан келиб чиқиб, илмий-техник марказимиз жамоаси фермерлар, тадбиркорлар ва аҳолига  ушбу ўсимликни экиш, кўпайтиришда амалий  ёрдам  бермоқда. Сояни парваришлаш  агротехникаси, қайта  ишлаш борасида  олиб  борилаётган ишлар  билан танишишлари учун  марказимизда барча  қулайликлар яратилган. Фермерларимиз бу  имко­ният  ва  қулайликлардан тўғри  ва  оқилона  фойдаланишса, албатта, иқтисодини мус­таҳкамлашга эришади.

Жумақул ҲУСАНБОЕВ,
“Гулистон экстракт ёғ” акциядорлик жамияти қошидаги илмий-техник марказ директори.