Харидорга чек бермаганнинг фаолиятига чеклов бор

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мазкур соҳада фаолият олиб бораётган субъектларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёзлар тақдим этиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.

Бироқ тақдим этилаётган ушбу имкониятларга қарамасдан қайсидир қинғир йўллар билан даромадини ошириш, хусусан, солиқдан қочиш орқали янада кўпроқ фойдага эришиш пайида бўлаётган тадбиркорларимиз ҳам йўқ эмас.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида қатор меъёрлар белгиланди. Хусусан, чакана савдо ва хизмат кўрсатишда ҳисоб-китоб терминалларини ўрнатмасдан фаолиятни амалга ошириш мумкин эмаслиги қатъий кўрсатилди, соҳада нархларни белгилаш устидан ҳам назорат кучайтирилди. Қарорга кўра, тўлов шаклидан келиб чиққан ҳолда сунъий равишда нархларни ошириш ёки тушириш тўлов терминалларини қўллашнинг белгиланган тартибини бузиш, деб баҳоланади.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, аниқланган камчилик­ларни бартараф этиш мақсадида вилоятдаги солиқ идоралари томонидан кўплаб тадбирлар олиб борилаётир. Хусусан, ўтган ой бошида жойларда назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ҳамда тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича вилоятда 43 та текшириш ўтказилиб, уларда бир қатор қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди.
Мазкур текширишларнинг аксариятида савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи субъектларда назорат-касса машинасини қўлламасдан товарлар сотиш, хизматлар кўрсатиш, тушумларни яшириш, тўлов шаклидан келиб чиқиб, нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш қоидаларини бузиш каби ҳолатлар аниқланиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Жумладан, фуқаролар мурожаати бўйича Сирдарё туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор С.Б.га қарашли шохобчада текшириш ўтказилганда, савдо шохобчасида тўлов терминали йўқлиги, тадбиркор томонидан харидорга 10 минг сўмга чек берилмаганлиги ҳамда назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаган 861 минг сўм нақд пулнинг борлиги маълум бўлди.
Ўтказилган текширувларда бу каби ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди.
Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, жойларда тадбиркорлар билан турли мулоқот ва учрашувлар ўтказилиши, тушунтириш-тарғибот ишларининг мунтазам олиб борилишига қарамасдан юқоридаги сингари ҳолатлар ҳамон тўлалигича бартараф этилмаяпти. Афсуски, бундай ножўя ҳолатлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашишга, назорат қилувчи органлар томонидан таъсир чоралари кўрилишига сабаб бўлмоқда.

Расул РАҲМОНҚУЛОВ,
Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати бош мутахассиси.