Муаммолар жойида ҳал қилинмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Ана шундай қабуллардан бири яқинда Амударё туманида бўлиб ўтди. Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худайбергенов ва туман ҳокими С.Йўлдошев қатнашган тадбирда Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, фуқароларнинг банд­лигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонасига жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахс­лардан жами 481 та мурожаат келиб тушди. Шундан 42 та мурожаат юқори ташкилотларга, 307 таси тумандаги корхоналарга жўнатилган бўлса, 132 мурожаат Халқ қабулхонасининг ўзида ўрганиб чиқилди. Шундан 199 таси қаноатлантирилди, 241 таси бўйича тушунтиришлар берилди, 41 таси эса тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
Шу кунги сайёр қабулда асосан бандлик, коммунал хизмат кўрсатиш, тиббий ёрдам, кредит ва турар жой олиш каби масалалар бўйича 44 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Уларнинг 8 таси жойида қаноатлантирилди. Бошқалари тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганилмоқда.
Масалан, тумандаги “Қипчоқ” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Роза Эрдашева бу йил Қорақалпоқ давлат университетининг экология факультетига тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилинган. Бироқ оилавий шароитига кўра, шартнома тўловидан қийналгач, таълим кредити олиш учун ёрдам сўраб мурожаат этди. Унинг мурожаати тегишли ташкилотлар томонидан шу ернинг ўзида қаноатлантирилди.
Шу куни “Тошёп” овул фуқаролар йиғинида уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқаролар учун қурилган икки қаватли 16 хонадондан иборат уй фойдаланишга топширилди.
Имтиёзли равишда уй олиш бахтига муяссар бўлганлар орасида биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари Дармонжон Ибодуллаева, Юлдуз Каримова, Мунаввар Султонова ва Шарофат Раҳимова бор. Айтиш жоизки, ушбу фуқароларнинг уйлари учун бошланғич бадал тўловлари “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан тўлаб берилди.
– Бундай ғамхўрлик учун Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдирамиз, – дейди “Жасорат” медали соҳибаси Дармонжон Ибодуллаева. – Шу йил июнь ойида менга замонавий тикув машинаси берилган эди. Ҳозир пахта тозалаш заводи билан шартнома асосида иш олиб бор­япман. Корхона томонидан менга меҳнат дафтарчаси очилиб, солиқ имтиёзи берилди. Асосийси, топган даромадимиз туфайли, турмушимиз яхшиланмоқда.
Янги уйнинг эгаларига топширилиши ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Бу ерда яқин кунларда икки қаватли яна бир турар жой фойдаланишга топширилади.
Чиндан ҳам 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси бугунги кунда аҳолига мамнуният бағишламоқда. Буни жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда яққол кўриш мумкин.
Сайёр қабуллар Тахтакўпир, Мўйноқ, Қонликўл туманларида ҳам ўтказилди. Уларда Чимбой, Қораўзак, Қўнғирот, Шуманай туманлари аҳолисининг ҳам мурожаатлари тингланди.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.