ЧАНОҚЛАРДА ПОРЛАР «ОҚ ОЛТИН»

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Андижон вилояти

Пахтаобод туманидаги Бахтиёр Исмоилов бошлиқ “Сарвиноз парвоз” фермер хўжалиги жамоаси бир неча йилдирки, биринчилардан бўлиб ғўза дефолиацияга киришади. Ҳосилни биринчилардан бўлиб йиғиштириб оладиган фермер дефолиациянинг аҳамиятини жуда яхши билади. Пахтаобод тумани фермерлари кенгаши раиси Ғайратбек Раҳимов бу йил ҳам “Сарвиноз парвоз” фермер хўжалигида ғўза баргини сунъий тўктириш тадбири 23-24 август кунлари амалга оширилганлигини айтиб қолди.

Биз О.Қурбонов номли массив томон йўл олдик. Бахтиёр Исмоиловнинг пахта далалари томон борар эканмиз, аксарият фермер хўжаликларида ғўза дефолиацияси ўтказилганлигига гувоҳ бўлдик. Сўз юритилаётган фермер хўжалиги далалари эса янада ёрқинроқ бўлиб, кўсакларда лўппи-лўппи пахталар кўзга ташланади. 27 гектар ерда ғўзанинг “Андижон-36” навини парвариш қилган фермернинг ҳисоб-китобига кўра, шартнома режаси 115 фоизга бажарилганда ҳосилдорлик гектарига 40 центнердан ортади.
Хусусан, Бахтиёр Исмои­ловнинг деҳқончиликни ташкил этишдаги тажрибаси бош­қаларга ҳам ўрнак бўлмоқда.
Муталиб Шерматов раҳбарлик қилаётган “Ирода Зиёда”, Абдуқаюм Тожибоев етакчилигидаги “А.Тожибоев” фермер хўжаликлари далаларининг кўриниши ҳам “Сарвиноз парвоз”никидан кам эмас. Бу эса мавсумнинг юқори кўтаринкилик билан ўтишидан хабар бериб турибди. Тажрибали механизатор Ойбек Аҳмедов бошқараётган экипаж аъзоларининг касбий малакаси юқорилиги эвазига дефолиантларнинг ғўза баргларига таъсири бирдек эканлиги эътиборга лойиқдир.
Эртаки пахта етиштириш ҳадисини олган Пахтаобод туманида дефолиация тадбирлари ниҳоясига етмоқда. “Андижон агрокимёҳимоя” АЖнинг туман филиали раҳбари Ҳусанбой Қирғизовнинг айтишича, айни кунларда далаларда 23 та пуркагич билан ғўза дефолиацияси амалга оширилмоқда.
Ёқубов номли массивда Қобилжон Раҳмонов бошқараётган экипаж “Азимжон Темиров” фермер хўжалигида ҳам  ғўза дефолиацияси ўз маҳалида амалга ошираётганлигини кузатдик. Фермер Азимжон Темиров ишнинг боришидан кўнгли тўқлигини айтар экан, дефолиация ўз вақтида ўтказилганлигини мамнуният билан тилга олди.
Йиғим-терим олдидаги энг муҳим агротадбир – ғўза баргини сунъий тўктиришни алоҳида масъулият билан ўтказган “Ўткирбек Шокиров” фермер хўжалиги раҳбари Бакир Раҳмонов билан мулоқотга киришдик.
– Пахтани аввалгидек, ойлаб термаяпмиз, – дейди у. – Бир туп ғўзадаги чаноқларни санасангиз, вақти етган-­етмаганини сезасиз. Аввало, эртаки пахта етиштиришга эришдик. Пахта қатори барглар ҳам шохларда омонат турибди. Ишчи эритмаси тегиши биланоқ баргларда қовжираш аломатлари кўринади. Биринчи теримнинг ўзидаёқ, шартномани ошириб бажаришни кўзлаб турибмиз. Сўнгра, теримчилар бошқа ҳудудлардаги фермер хўжаликларига ёрдамга йўл олишади.
2016 йили пахтаободлик фермерлар мавсум охирига қадар пешқадам бўлишган. Якунда шартнома режасига нисбатан 2 минг тоннадан зиёд пахта топширилган эди. Улар бу мавсумда ҳам вилоятда карвонбошиликни қўлдан бермоқчи эмас.
Жорий мавсумда вилоятда 77 минг гектар майдонда ғўза дефолиациясини ўтказиш учун 300 дан зиёд пуркагич билан кунига ўртача 6 минг гектар атрофидаги далаларда ушбу тадбир ўтказилмоқда.  Туманларда эса йиғим-теримни қисқа фурсатларда амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.